Она тили билан миллат барҳаёт
Ўзбек тилимиз бойлиги, гўзаллиги, ўзининг бой тарихига эгалиги билан ажралиб туради. Она тилимиз йиллар силсиласида ривожланиш босқичларидан ўтиб, янада бойиб, сайқалланиб келди. Унинг жозибаси, гўзаллиги, бой тил эканлиги аждодларимизнинг бой илмий-маънавий мероси қатларида, шоиру ёзувчиларимизнинг асарларида ўз ифодасини топган.
21 октябрь — Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилган кун, шу боис ушбу сана Ўзбек тили байрами сифатида катта тантана қилинади. Ўзбек тили байрами муносабати билан Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳузуридаги “Ёшлар парламенти” ҳамда Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ҳамкорлигида “Тил борки, миллат барҳаёт” мавзусида давра суҳбати ўтказилди.
Унда ўзбек тилининг бугунги кундаги ҳолати, жамият ва ҳаётимиздаги аҳамияти ҳақида алоҳида тўхталиб ўтилди. Шунингдек, ЎзМТДП томонидан давлат тилини ривожлантириш, унинг мавқеини ошириш, мамалакатимизда ҳамда хорижда кенг тарғиб қилиш борасида олиб борилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди.
— Она тилимиз софлигини асраб-авайлаш, уни келгуси авлодларга ўз ҳолича, зиёнсиз етказиш бугунги даврнинг, ҳар биримизнинг вазифамиздир, — деди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Умида Раҳмонова. — Давлат тилининг аҳамиятини ошириш, уни ривожлантириш энг долзарб масаладир. Бу борада ҳали қилиниши керак бўлган ишлар талай. Хусусан, иш юритишда, ҳужжатларда, реклама сиёсатида ва энг асосийси, ёшларнинг мулоқот майдонларида тилимизга бўлган эътибор ва ҳурматни янада юқори даражага кўтаришимиз лозим. Баъзан эълон ва реклама баннерларида адабий тил қоидаларининг бузилиш ҳолатлари ҳам учраб туради. Бу каби камчиликларни бартараф этишда бир ёқадан бош чиқариб ишлашимиз лозим.
Тадбирда партия қошида ташкил этилган “Тил посбонлари” гуруҳи фаолияти ҳам таҳлил этилиб, бу борада Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети билан ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.
Муҳтарама Комилова,
ЎзА