Она тили – миллат маънавияти кўзгуси
Тил ҳар бир миллатнинг руҳи, маънавияти, қадриятларини ўзида акс эттирадиган муҳим восита ҳисобланади. Ўзликни англаш, авлодлар ўртасидаги руҳий-маънавий боғлиқлик ҳам тил орқали юз беради.
Ўзбекистон мустақилликка эришиш остонасида, аниқроғи, 1989 йил 21 октябрда Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили тўғрисида”ги қонуни қабул қилинди. Қонунга асосан, халқимизнинг энг муҳим қадриятлардан бири ҳисобланган тил ҳуқуқий асосга эга бўлди. Қонун билан ўзбек миллатининг маънавиятини, руҳиятини, қадрини кўрсатадиган муҳим омил, яъни тилнинг мақоми ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамланди.
Тил ҳар бир миллатнинг улкан бойлиги, беназир қадрияти ва бебаҳо мулки ҳисобланади. Тилда миллатнинг, элатнинг тарихи, маданияти акс этади. Айни замонда, тил ижтимоий тараққиётда улуғвор аҳамият касб этади. Тил – ҳар бир миллат ўзлигининг ажралмас белгисидир.
Ўзбек тили – ўзбек халқининг она тилидир. У Ўзбекистон бирлиги ва яхлитлиги, жамият жипслигининг муҳим омили ҳисобланади. Давлат тили ҳақидаги қонуннинг қабул қилиниши тилимизнинг жамиятдаги мавқеини кўтарди, халқаро миқёсдаги нуфузини янада оширди. Турли даражадаги расмий учрашувлар, музокараларда тилимизнинг ўрни ва аҳамияти тобора ортиб бораётгани, нуфузли халқаро анжуманлар ва бошқа тадбирларда ўзбекона калом янграши, хориждаги қатор таълим даргоҳларида, илмий муассасаларда ўзбек тилини ўрганиш марказларининг ташкил этилганлиги, ўзбек тилини ўрганувчилар сони тобора ортиб бораётгани барчамизнинг қалбимизга фахр-ифтихор бахш этади.
Бугунги кунда мамлакатимизда ўзбек адабий тилини ривожлантириш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Юртимизда ўзбек тилининг бойитиш ва такомиллаштиришга доир кўплаб илмий изланишлар олиб борилмоқда, лойиҳалар амалга оширилмоқда, турли соҳаларга оид луғатлар, илмий рисолалар нашр этилмоқда.
“Давлат тили тўғрисида”ги қонуннинг ҳаётимизда тутган ўрни ва аҳамияти ҳақида фикр юритганда, яна бир муҳим ҳужжат – 1993 йил 2 сентябрда “Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини жорий этиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг қабул қилинганилигини алоҳида эътироф этиш керак. Кенг жамоатчилик вакиллари билдирган истак-хоҳишларни инобатга олган ҳолда қабул қилинган ушбу қонун мамлакатимизнинг ҳар томонлама ривожланиши ва жаҳон коммуникация тизимига мослашишини жадаллаштиришга хизмат қилмоқда. Умуман, тилимиз ривожи ва нуфузини юксалтиришда ҳар иккала қонун муҳим аҳамият касб этади.
Таъкидлаш керакки, Давлат тилида юритилаётган айрим ҳужжатларда, турли эълонлар, реклама баннерларида, идора ва ташкилотларнинг муҳрлари, бинолар пештоқларига ёзилган ёзувларда баъзи ҳолларда оддий имло қоидаларига риоя қилинмаётганлиги юртдошларимизни, айниқса, биз зиёлиларни жиддий ташвишга солади. Бу каби ҳолатлар тилимиз ривожи ва софлигига салбий таъсир кўрсатади. Шу боис ҳам тилимиз софлигини сақлаш, ёзувларда уни тўғри қўллаш, адабий тил нормаларига қатъий амал қилиш, нуфузини ошириш масалалари кенг жамоатчилик эътиборида бўлиши муҳимдир.
“Давлат тили тўғрисида”ги қонун ижросига фақат назорат қилувчи органлар эмас, шу юртда яшаётган ҳар бир фуқаро масъул эканлигини асло унутмаслигимиз керак. Шу ўринда биринчи президентимиз Ислом Каримовнинг қуйидаги сўзларини эслаш ўринли: “Аждодлардан авлодларга ўтиб келаётган бебаҳо бойликнинг ворислари сифатида она тилимизни асраб-авайлашимиз, уни бойитиш, нуфузини янада ошириш устида доимий ишлашимиз зарур”.
Она тилини улуғлаш, сўзни қадрлаш – инсон зийнати, бурчи. Лекин ҳамма ҳам бу масъулиятни бирдай ҳис қилмоқда, дея олмаймиз. Сўзимизнинг исботи тариқасида айрим телерадиоканалларда, кино ва қўшиқчилик соҳасида тил меъёрлари кўпол равишда бузилмоқда. Хусусий телеканаллар кўрсатувлари, киностудиялар суратга олган фильмларда жумлаларни пала-партиш тузиш, нутқ маданияти, адабий тил нормаларига риоя этмаслик, шева устунлигини кўрамиз. Айрим қўшиқчиларнинг қўшиқ ижросини эшитиб, тилимизга ҳурматсизликни кўриш мумкин.
Тилимизга давлат тили мақомининг берилиши осон кечмаган, албатта. Бунга йиллар давомида тилшунослар, зиёлиларнинг фидойилиги, кенг жамоатчилик, бутун халқимизнинг сайъ-ҳаракати билан эришилган. Шундай экан, бугун биз тилимиздан фойдаланиш билан боғлиқ юқоридаги каби салбий ҳолатларга, хато ва камчиликларга эътиборсиз қарамаслигимиз, томошабин бўлиб турмаслигимиз керак. Энг аввало, ўзимиз тилимизни ҳурмат қилишимиз керак. Бу борадаги мавжуд хатоларни тузатиш, камчилик ва нуқсонларни бартараф этиш барчамизнинг вазифамиздир.
“Давлат тили тўғрисида”ги қонуннинг ҳаётга татбиқ этилишига, тилимизни улуғлаш, мавқеини янада юксалтириш, унинг жаҳонаро баралла янграшига ҳисса қўшиш ўзини шу юртнинг фарзанди, деб билган ҳар бир миллатдошимизнинг муқаддас бурчидир.
Ботиржон АҲМЕДОВ,
Андижон давлат чет тиллари институти
Ёшлар билан ишлаш,
маънавият ва маърифат бўлими бошлиғи.
ЎзА