21 октябрь — Ўзбек тилига Давлат тили мақоми берилган кун
ЭЛНИ БИРЛАШТИРУВЧИ ВОСИТА
Қадимий тил сифатида эътироф этилаётган ўзбек тили халқимиз учун миллий қадрият, ўзликни англаш, мустақил давлатчилик тимсоли, маънавий бойлик, халқимиз ҳаётидаги сиёсий-ижтимоий, маънавий-маърифий тараққиётида муҳим аҳамият касб этиб бормоқда.
1989-90 йилларда тилимизга соф ўзбек тилидаги айрим сўзларни киритишга олимларимиз кўп ҳаракат қилди. Масалан, “учоқ”, “тайёра”, “тикучоқ” сингари сўзларнинг асл маъноси берилсада, тушунсак ҳам қабул қилмадик. Бу ҳалигача давом этмоқда. Ўша вақтларда қандайдир кўзга кўринмас тўсиқ бордек туюларди. Аммо, бугун-чи, нима учун талаффузи ўз тилимизда айтиладиган, тушуниладиган сўзларни инкор қиляпмиз.
Давр муаммосини кўтармоқчи эмасмиз. Фикримизча, бугун ҳам миллий тил ва унинг равнақи учун ғамхўрлик қилиш бир гуруҳ мутахассисларгагина керакдай, илмий-амалий соҳа учун ишлатилаётгандай.
Шу ўринда Исҳоқхон тўра Ибратнинг “Бизнинг ёшлар, албатта, бошқа тилларни билиш учун саъй-ҳаракат қилсинлар, лекин аввал ўз она тилини кўзларига тўтиё қилиб, эҳтиром кўрсатсинлар. Зеро, ўз тилига садоқат – бу ватаний ишдир”, деб бир аср нарида айтган сўзларини келтиришни жоиз деб билдик. Албатта, мамлакатимиз кўпмиллатли, ҳар бир миллат ўз она тилига эҳтиром кўрсатиши керак, шу ўринда ўзбек миллати ҳам.
Сўнгги йилларда ўзбек тили ва адабиётини ривожлантиришга, тилимизнинг давлат тили сифатидаги нуфузини оширишга қаратилган бир қанча самарали ишлар амалга оширилмоқда. Тил сиёсатини такомиллаштиришга ҳуқуқий асосларнинг мустаҳкамланиши давлат тили нуфузини янада оширди.
Ўрнимизни билайлик
Бугун миллий етакчимиз бошчилигида тилимизни асраб-авайлаш мақсадида қонун, бир нечта фармонлар қабул қилинди. Қонун билан “Ўзбек тили байрами куни” белгиланди. Тилга бўлган эътибор амалиётга кўчирилиб, мустақил давлатчилик тимсоли, бебаҳо маънавий бойлик, буюк қадрият эканлиги намоён этилмоқда.
Ёшларимизни ватанпарварлик, миллий анъана ва қадриятларга садоқат, улуғ аждодларимизнинг бой маънавий меросига ворислик руҳида тарбиялашда Ўзбек деган ном ва тил аждодларимиз истаган ҳолга келтирилмоқда.
Тарих – бор ҳақиқат. Тилнинг ўрнини билишимиз, биз қайси авлод вакиллари эканлигимизни яна бир бор ёшларга уқтиришимиз учун архив ҳужжатларини кўтаришнинг ўзи кифоя. Минглаб аждодларимиз ўз тили ҳимояси учун қатағон қилинган. “Айблов ҳужжатлари гапирганда” тилимизнинг, ўзимизнинг ўрнимиз қаердалигини тушуниб етамиз.
Ўзбекистонда давлат тилини тўлақонли жорий этишни таъминлаш билан иш битади дейиш осон. Бунга фақат хоҳиш ва ирода керак. Хоҳиш бўлиш учун эса, кучли тарғибот ва тил мафкураси бўлиши лозим.
Ўзликни англаш
Тил сиёсатини мафкура қилиб юритар эканмиз, ўз она тилимизни қанчалик ҳурмат қилишимиз, биринчи навбатда оилага ҳам боғлиқ. Ҳар бир оилада, мулоқот тили биринчи ўринда ўзликни англашга етаклайди. Оилада миллий тилимизга бўлган эътибор кучли бўларкан, бола аввало эътибор ва эъзозланган она тилда фикрлайди.
Оилада ўз она тилида мулоқот қилиб, мактабда бошқа тилда суҳбатлашадиган бола аста-секин “мактаб тили”га ўтиб олишини кўпчилик яхши билса керак. Бу эса, фарзандларимизни менталитетимизга мос қилиб вояга етказишда анча мушкулот туғдиради. Ўзликни англашда тилни биринчи ўринга қўйсак инсон маънавиятини шакллантиришдаги ўрни келиб чиқади.
Ўзликни англашда тил сиёсатини юритиш ва тарих зарварақларида акс этган ноёб асарларни халқимизга етказиб бориш муҳим омиллардан биридир. қўлёзмалар, жадид намоёндаларининг ҳаёти ва ижодини ўрганишни тобора кучайтириш муҳим омил сифатида кўриниб қолмоқда.
Тил сиёсати қандай бўлиши керак?
2020-2030 йилларда ўзбек тилини ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш концепциясида тилимизни ривожлантиришнинг муҳим белгилари белгиланган. Жумладан, мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётининг барча соҳаларида давлат тили имкониятларидан тўлиқ ва тўғри фойдаланишга эришишнинг бирдан бир йўлини танлаб олдик, яъни давлат тилида иш юритиш. Бунга нафақат иш юритиш, балки иш юритиш орқали одамлар онгида ўзбек тили имкониятларини тўлиқ сингдириш – ёзма нутқ, оғзаки нутқ ва ташқи кўргазма тил сиёсатининг асосий технологияларидандир.
Давлат тилининг софлигини сақлаш, уни бойитиб бориш ва аҳолининг нутқ маданиятини ошириш бугунги кундаги энг муҳим йўналишлардан бири. Лекин, аксарият ҳолларда тилнинг софлигини сақлаш, илмий муассасалар ва тилшуносларнинг иши дея, калаванинг учини ўзимиздан қочирамиз.
Глобаллашув жараёнида тилимизнинг ривожланиши ҳам тезлашиб, ўзга тиллардан кириб келаётган сўз ва иборалар ҳам ривожланишга “ўзлаштирма” сўзлар сифатида ҳисса қўшмоқда. Уларнинг тилимиздаги муқобили ёки ўзбекча талқини борлигини “изламай” мулоқот жараёнига киритиб юборамиз. Бу асосан ёзма мулоқотда кўпроқ сезилиб, оммавий тус олмоқда.
Ҳар бир соҳа тил сиёсатига бўлган эътиборни ўзи кўрсатиб беради. Масалан, “плагиат”, “антиплагиат”, “скриншот”, “стендап”, “презентация” ва ҳокозалар. Энг ачинарлиси уни тушуниб, тушунмай ҳаётимизда ишлатаётганлигимиз – бирон бир ошхонага овқатланишга кирсангиз, “собойга нима бор”, “собой қилинг”, “собойга олиб кетасизми?”, “Флешмоб қилинг” каби жуда кўп сўзларни учратамиз. Давлат тилининг софлигини сақлашда кўпроқ дастурий таъминотни соф ўзбек тилида яратилиши эса юқоридаги кўринишларнинг олдини олади.
Айниқса, меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар, дарслик ва оммавий ўқиладиган нашрлар лойиҳаларини тайёрлашда давлат тилини қўллашда изланишларимизни кучайтиришимиз лозим. Шунингдек, амалиётда тилнинг софлигини сақлашда таълим муассасаларининг ўрни ва аҳамияти беқиёс.
Давлат тилини бойитиб боришда Концепция асосида фаолиятни йўлга қўйсаккина, яъни ўзбек тилини бойитиб борамиз. Бунинг учун ҳар бир соҳа вакиллари фаолиятидаги сўз ва атамаларни муқобилини яратиб, луғавий изоҳини тилшунос-мутахассислар билан келишиб, уни амалиётга киритиши долзарб масалалардан бири ҳисобланади. Архив соҳасида ишлатилаётган 100 га яқин сўзларнинг бугунги кунда муқобили тайёрланиб, уларнинг изоҳи билан берилган луғати ишлаб чиқилди.
Архив соҳасида давлат тилида иш юритиш бўйича қўлланма ишлаб чиқилиб, архивларга етказилди. Меҳнат қонунчилигида ишлатиладиган янги сўз ва атамаларнинг изоҳли луғати Бандлик ва меҳнат вазирлиги томонидан ишлаб чиқилиб, бугунги кунда амалиётга кенг татбиқ этилаётганлигини ҳам айтиб ўтиш жоиз. Ўзбек тилини ривожлантиришда айнан изоҳли луғатлар аҳолининг нутқ маданиятини оширишга катта ҳисса қўшади.
Бугунги кунда тайёрланаётган ҳар бир соҳа бўйича изоҳли луғатларимиз эса, давлат тилининг замонавий ахборот технологиялари ва коммуникацияларига фаол интеграциялашувини тезлаштириб, ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузини янада оширади.
Тил сиёсати ҳақида илгари “эҳтиёт бўлинг”, “тил сиёсати нозик”, “биз кўпмиллатли халқмиз” дегувчилар топиларди. Қатъий талабларни қўйиш сиёсатнинг бошқа тилларга нисбатан путур етказишига олиб келмайди. Давлат тилини ривожлантиришга доир ягона давлат сиёсатини юритишда раҳбарларининг маслаҳатчиларига катта масъулият юклатилган.
Айнан маслаҳатчилар томонидан давлат тилида соҳавий иш юритиш ҳужжатларининг ягона электрон намуналарини ишлаб чиқиш ва улардан фойдаланиш учун онлайн дастурлар яратишга эътибор кучайтирилмоқда.
Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини, имло қоидаларини янада такомиллаштириш ва янги ёзувга тўлиқ ўтишни таъминлашда тил бўйича маслаҳатчиларнинг ўрни беқиёсдир.
Давлат тилининг амал қилиши билан боғлиқ муаммоларни аниқлаш ва бартараф этиш юзасидан, шунингдек, уни ривожлантириш соҳасида фармон, қарорларнинг белгиланганлиги, ҳукуматда махсус тузилма ташкил қилинганлиги ва бу ўзбек тилининг нуфузини давлат сиёсати даражасида олиб борилишини таъминлайдиган янги омилдир.
2021 йил 1 апрелдан бошлаб эса ўзбек тили ва адабиёти бўйича билимни баҳолашнинг миллий тест тизими асосида раҳбар кадрларнинг давлат тилида расмий иш юритиш даражаси аниқланиши йўлга қўйилганлиги эса тил сиёсатини юритишнинг функционал йўналишларидан бири ҳисобланади. Демак тил сиёсати энди аста мафкурага айланиб, онгимизга сингиб бораверади.
Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва обрўйини юксалтиришнинг ягона йўли – таълим. Биз мактабгача таълимдан бошлаб оғзаки ва ёзма нутқни ривожлантирмас эканмиз, ўзбек тилининг нуфузини бой берамиз. Жорий йилда яна бир катта муваффақиятга эришилди. Ташқи реклама ёзувлари аввал давлат тилида акс эттирилиши қонун билан белгиланди ва бугунги кунда унинг ижросига киришилди.
Демак, ўзбек тилини мамлакатимиз ижтимоий ҳаётида тўлақонли ифодаланишини таъминласак ва такомиллаштириб борсак, ёшларни миллий ҳамда умуминсоний қадриятлардан ғурурланиш руҳида тарбияласак, она тилига бўлган ҳурмати, меҳр-муҳаббати янада ортиб бораверади.
Ана шундагина биз юртимиздаги ҳар бир фуқаронинг давлат тилини билишига ва буни бурч ва мажбурият сифатида ҳис этишига эришамиз.
Мамлакатимиз ижтимоий ҳаётининг барча соҳаларида давлат тилининг тўлиқ жорий этилишини таъминлаш, тил тўғрисидаги қонун ҳужжатларини такомиллаштириш ва унинг таъсир кучи барчага тааллуқли бўлишини таъминлаш бизнинг асосий вазифамиздир.
Шуҳрат МИР РАЙИМ
“Ўзархив” агентлиги директори маслаҳатчиси
ЎзА