Янгидан сайқал топаётган Самарқанд
18 октябрь – Самарқанд шаҳар куни. Қадимий ва ҳамиша навқирон кентнинг байрам тадбирлари бугун эрта тонгдан бошланди.
Таомилга кўра, Самарқанд вилояти ҳокими Э.Турдимов бошчилигида вилоят ва шаҳар ҳокимликлари, кенг жамоатчилик вакиллари Амир Темур мақбарасини зиёрат қилди. Қуръон тиловат қилиниб, қурбонлик амаллари бажарилди. Шундан сўнг, соҳибқирон Амир Темур ҳайкали пойига гуллар қўйилди. Ушбу ёдгорлик 1996 йилда улуғ саркарда таваллудининг 660 йиллиги муносабати билан ўрнатилган ва 18 октябрь куни тантанали равишда очилган эди. Айнан шу куни ушбу сана Самарқанд шаҳри куни сифатида эълон қилинган эди.
Бу йилги байрам тадбирларида хорижий давлатларнинг Самарқанд шаҳри билан биродарлашган ва тарихий шаҳарлари, жумладан, Туркия, Бурса, Малайзиянинг Куала-Лумпур, Белоруснинг Бобруйск, Япониянинг Нара, Қозоғистоннинг Туркистон, Тожикистоннинг Панжикент шаҳридан ҳам меҳмонлар иштирок этмоқда. Таъкидлаш лозимки, байрам олдидан Самарқанд яна ҳам кўркам қиёфа касб этди. Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотининг Самарқанд саммити муносабати билан шаҳарда кенг кўламли қурилиш-бунёдкорлик, ободонлаштириш ишлари амалга оширилди. Йилига икки миллион сайёҳга хизмат кўрсатиш имкониятига эга “Буюк ипак йўли” халқаро туристик маркази фойдаланишга топширилди. Йигирмадан ортиқ янги меҳмонхона очилди. Шаҳарнинг Бўстонсарой, Ибн Сино, Рудакий, Беруний, Мирзо Улуғбек, Регистон, Даҳбет, Садриддин Айний, Уста Умар Жўрақулов сингари марказий кўчалар обод қилинди. Бу кўчалар атрофидаги турар жой ва бошқа объектлар ҳам миллий ва замонавий архитектура уйғунлигида янгидан бунёд этилди.
Самарқанд халқаро аэропортининг ўзига хос кўринишдаги замонавий янги терминали, янги йўл ўтказгич ва кўприклар, йўллар ва бошқа инфратузилма объектлари қурилди.
– Миллий давлатчилигимиз тарихида муҳим ўрин тутадиган ва бугун халқаро мулоқот майдонига айланиб бораётган Самарқандда илк бор бундай кенг кўламдаги, йирик халқаро тадбирнинг муваффақиятли ўтказилгани барча ҳамшаҳарларимизга чексиз фахр ва ифтихор бағишлади, – дейди Самарқанд шаҳар ҳокими Ф.Умаров. – Саммитнинг юксак савияда, муваффақиятли ўтказилганини бугун дунё аҳли эътироф этмоқда. Ушбу тадбирдан кейин ҳам шаҳримизда яна бир қатор халқаро форум ва анжуманлар, спорт мусобақалари ташкил этилди. Яна кўплаб нуфузли тадбирларга, делегациялар ташрифига ҳозирлик кўряпмиз. Буларнинг барчаси Самарқандни яна бир бор бутун дунёга намоён қилиб, шаҳримизга маҳаллий ва хорижлик сайёҳлар қизиқишини оширмоқда. Бу эса Самарқанд туризми ривожи учун хизмат қилади.
Бу йилги байрам тадбирлари анча эрта бошланди. Шаҳарнинг Қорасув массиви, Фарҳод ва Сўлим шаҳарчалари, Кимёгарлар қўрғонида концерт дастурлари намойиш этилди. Таълим муассасаларида шаҳар кунига бағишланган танловлар, спорт мусобақалари ўтказилди. Шаҳарнинг “Мармар деҳқон бозори”да арзонлаштирилган қишлоқ хўжалик ва озиқ-овқат маҳсулотлари савдо ярмаркаси ташкил этилди.
– Ярмаркага 30 тонна картошка, 10 тонна пиёз, 5 тоннадан сабзи, карам, шолғом ва полиз маҳсулотлари келтирганмиз, – дейди Пастдарғом туманидаги “Дилафрўз” фермер хўжалиги раҳбари Умида Булакова. – Самарқандликлар ва шаҳар меҳмонларининг байрам дастурхонлари тўкин бўлиши учун маҳсулотларни арзон нархларда сотяпмиз.
Алишер Навоий кўчасида гуллар ва қушлар кўргазмаси, Университет хиёбонида турли фестиваллар, маданий дастур ва концертлар ташкил қилинди. “Made in Uzbekistan” саноат ярмаркасида Самарқанд шаҳрида ишлаб чиқарилган маҳсулотлар намойиш этилмоқда.
– Самарқандга бўлган саёҳатим байрам кунларига тўғри келганидан хурсандман, – дейди япониялик сайёҳ Хана Кавашима. – Шаҳар жуда гўзал, одамлар кайфияти байрамона. Менга бозордаги ярмарка жуда ёқди. Бир неча хил асалдан татиб кўрдим ва харид қилдим.
Байрам муносабати бугун Самарқандда янги меҳмонхоналар, IT парк ва бир қатор ишлаб чиқариш субъектлари фаолият бошлайди. Тадбирлар якунида “Мўъжиза” амфитеатрида катта концерт дастури намойиш этилади.
Ғ.Ҳасанов,
ЎзА