Марказий Осиё ёш ижодкорлари форуми иш бошлади
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ташаббуси билан Марказий Осиё ёш ижодкорлари форуми ўз ишини бошлади.
Форумнинг илк кунида юртимиз ижодкорлари ҳамда Қозоғистон, Тожикистон, Афғонистон, Туркманистон, Қирғизистондан келган ёш қаламкашлар Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ва Адиблар хиёбонига ташриф буюрди. Иштирокчилар улуғ мутафаккир бобокалонимиз Алишер Навоий ҳайкали пойига гулчамбарлар қўйди.
Кейинги йилларда мамлакатимизда ёш ижодкорларни қўллаб-қувватлаш, уларни рағбатлантириш, ижод намуналарини чоп этишга яқиндан кўмаклашиш масаласига катта эътибор қаратилмоқда. Ташриф аввалида Адиблар хиёбонида бўлиб ўтган ижодий мулоқот давомида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси Сирожиддин Саййид миллий адабиётимиз ривожи йўлидаги ибратли ишлар, уларнинг халқимиз маънавиятини юксалтиришдаги ўрни ва аҳамияти хусусида батафсил сўз юритди.
Дарҳақиқат, кейинги йилларда адабиётга кўрсатилаётган эътибор самарасида халқаро ҳамкорлик тобора кучайди. Ўзбекистонлик адиб ва шоирларнинг ижодини чет элларда кенгроқ танитиш учун зарур барча имкониятлар яратилмоқда. Айни пайтда ижодкорларнинг ўзаро ҳамкорлигида халқаро форумлар, адабий анжуман ва мулоқотларнинг аҳамияти беқиёс бўлмоқда. Марказий Осиё ёш ижодкорларининг форуми бу борадаги муҳим ташаббуслардан биридир.
– Ижодкорларнинг ўзаро фикр алмашиши, бир-бирининг ижодидаги янгиликлар билан мунтазам танишиб бориши жуда муҳимдир, – деди қирғизистонлик шоир Раҳимжон Али. – Ўзбекистонда бўлиб ўтаётган халқаро форум Марказий Осиё давлатларидаги ўзбек тилида ижод қилаётган ёшлар билан танишиш, она тилимизни асраб-авайлаш, уни янада ривожлантириш, ижодий дўстликни мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этади. Кейинги изланишларимизга рағбат беради.
– Кейинги йилларда Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик, дўстлик алоқалари янги ривожланиш босқичига чиқди, – деди қозоғистонлик шоир Равшанбек Убаев. – 2018 йили Қозоғистонда Ўзбекистон кунлари катта муваффақият билан ўтказилди. Унинг доирасида адабий тадбирлар ҳам кўтаринки руҳда бўлиб ўтди. Биз кўплаб ўзбек шоирлари билан учрашиш, улар билан суҳбатлашиш, ижодидан баҳраманд бўлиш имконига эга бўлдик. Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуф ижодига жуда қизиқаман. Шеърларим “Уйғоқ қалблар овози” тўплами ҳамда “Қозоқ-ўзбек ижодкорлари антологияси”да нашр этилди. Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий боғи деб аталмиш ушбу мўътабар масканга, Адиблар хиёбонига тез-тез келаман. Марказий Осиё ёш ижодкорлари форуми бизнинг ўзаро фикр ва тажриба алмашишимиз учун қулай ижодий майдон бўла олади, деб ўйлайман.
Форум иштирокчилари Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси фаолияти, унинг музейи билан атрофлича танишдилар. Мамлакатимизда миллий адабиётимизни равнақ топтириш борасидаги эзгу ишлар уларда катта таассурот қолдирди.
Назокат УСМОНОВА, ЎзА