Ўзбекистон-Хитой муносабатлари улкан истиқболга эга
ХХР сиёсий ҳаётидаги йирик воқеа – Хитой Коммунистик партиясининг XX съезди арафасида мамлакатнинг бош матбуот органи, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигининг яқин ҳамкори, ер юзи бўйлаб 4 миллион нусхада, 14 тилда нашр этиладиган «Жэньминь жибао» газетасида Президент Шавкат Мирзиёевнинг илғор дипломатик ташаббуслари ҳамда Ўзбекистон ва Хитой муносабатларига бағишланган мақола чоп этилди.
Айни шу мавзуда Хитойда инглиз тилида юз минг нусхада чоп этилиб, ўнлаб мамлакатларга тарқатиладиган «Global Times» газетаси мухбирининг Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети халқаро масалалар бўйича проректори, таниқли давлат ва жамоат арбоби, дипломат, атоқли олим, профессор Саидмухтор Саидқосимов билан интервьюси ҳам эълон қилинди.
Суҳбат Хитой Коммунистик партиясининг 20-миллий қурултойидан нималар кутилаётгани, ушбу сиёсий тадбир дунё учун қандай аҳамият касб этишига доир мулоҳазалар билан бошланиб, Хитой - Ўзбекистон муносабатининг жорий ҳолати, истиқболига уланиб кетади.
– Хитойнинг тараққиёти, истиқболдаги режалари, дунёдаги энг йирик давлатларнинг бири сифатидаги келажаги, табиийки, бутун дунёда катта қизиқиш уйғотмоқда, – дейди Саидқосимов. – Шу жиҳатдан, анъанага кўра, Хитойнинг асосий сиёсий кучи – мамлакат Коммунистик партияси Миллий қурултойида келажак учун давлатнинг ички ва ташқи сиёсати бўйича муҳим қарорлар қабул қилиниши кутилмоқда. Бинобарин узоқ муддатли истиқболда ушбу воқеа бутун дунё сиёсий марказлари, экспертлари ва тадқиқотчилари эътиборини тортади.
Ушбу йирик тадбир бутун дунёда вазият анчайин хавотирли, турли минтақаларда жиддий инқироз, ҳар хил низолар кузатилаётган жуда оғир ва мураккаб бир даврда бўлиб ўтаётгани аҳамиятли. Халқаро иқтисодий ва савдо алоқасидаги узилиш туфайли кўплаб мамлакатларда оммавий очлик, қашшоқлик хавфи юзага келган. Бу ҳолат пандемиянинг оғир ижтимоий-иқтисодий оқибати, сайёрамиздаги кескин иқлим ўзгаришининг экологик асорати билан қўшилиб, тобора кучайиб бораётган энергия инқирози натижасида, ҳатто, энг ривожланган мамлакатларда ҳам оммавий ижтимоий қўзғалиш хавфини пайдо қилмоқда. Борган сари кескинлашиб бораётган бундай вазиятда бутун дунё, табиийки, ХКП навбатдаги Миллий қурултойи ишининг боришини диққат ва қизиқиш билан кузатиб, нафақат маҳаллий, балки глобал муаммоларни ҳал этиш бўйича янги, конструктив таклифлар кутмоқда, дейди собиқ дипломат.
Унинг таъкидлашича, биринчи навбатда ҳарбий ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, минтақаларда барқарорликка эришиш, урушаётган томонлар ўртасидаги қарама-қаршиликда ядро қуролидан фойдаланишга олиб борадиган реал хатарнинг олдини олиш муаммоси ҳал этилиши керак.
С.Саидқосимов икки юрт щртасидаги муносабатга тўхталаркан, Ўзбекистон Хитойдаги барча ўзгаришларни дўст давлат, ишончли стратегик шерик сифатида диққат билан кузатиб бораётганига урғу берган. Хусусан, Президент Шавкат Мирзиёев Хитой билан муносабатга алоҳида эътибор қаратаётгани эътиборга молик.
Президент Мирзиёев бир неча бор таъкидлаганидек, Ўзбекистон Хитойнинг ҳар томонлама ижтимоий адолатга эришиш, тобора кўпроқ аҳолини қашшоқликдан олиб чиқиш ва ўрта синфни кўпайтириш, шу орқали умумбашарий фаровонлик ва тенгликка эришиш борасидаги тажрибасига жиддий қизиқиш билдиради.
Ўзбекистон “Бир макон, бир йўл” ташаббуси бутун Евроосиё қитъасида транспорт инфратузилмасини ривожлантиришга йўналтирилган мисли кўрилмаган режани юксак қадрлайди ва қўллаб-қувватлайди, дейди профессор Саидқосимов.
У Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги муносабатнинг даражаси ва хусусиятига баҳо бераркан, жумладан, шундай дейди: Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпиннинг яқиндагина амалга оширилган, халқларимиз ҳаётида тарихий воқеага айланган Ўзбекистонга ғоят муваффақиятли давлат ташрифи ўзаро муносабатимиз қай даража мустаҳкам эканини кўрсатди. Хитой етакчиси ушбу ташриф арафасида “Ўзбек-хитой муносабатининг ёрқин келажагини биргаликда яратиш йўлида” сарлавҳали махсус мақолада ўзаро кўп қиррали ҳамкорлик юксак қадрлангани чуқур рамзий маънога эга. Хитой раҳбарининг ушбу чиқиши бутун мамлакатда кенг муносабат билдирилиб, қизғин қўллаб-қувватланди.
Си Цзиньпин ёзганидек, “Хитой ва Ўзбекистон буюк тамаддунга эга қадимий давлатлар. Буюк ипак йўли халқларимизнинг 2000 йилдан зиёд вақт давомидаги дўстона алоқаларидан дарак беради. Ўзбекистон - Марказий Осиёнинг қоқ юрагида жойлашган йирик давлат. Алоҳида таъкидлаш керак, Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида ўзбек халқи Янги Ўзбекистонни барпо этиш сари буюк йўлга тушиб олди. Турли соҳалардаги ислоҳотлар ва тараққиёт суръати жадал тус олди. Мамлакат мутлақо янги қиёфага эга бўлди, муносиб ҳаёт шароити яратилмоқда, республиканинг халқаро майдондаги мавқеи сезиларли равишда мустаҳкамланди. Самимий дўст ва ҳар томонлама стратегик ҳамкор сифатида муваффақиятларингиз бизни чин юракдан қувонтиради”.
Дарҳақиқат, Си Цзиньпин икки давлат ҳамиша бир-бирига ёрдам беришини таъкидлаганида мутлақо ҳақ. Хитой ва Ўзбекистон икки томонлама асосда ҳам, ШҲТ ва бошқа кўп томонлама платформалар доирасида ҳам яқин ҳамкорлик қилиб келмоқда, ташқи аралашувга биргаликда қарши туриш, трансмиллий уюшган жиноятчиликка ва наркотик моддалар ноқонуний айланишига қарши курашда бирга ҳаракат қилмоқда.
Ўзбекистон стратегик алоқаларни юксак қадрлайди ва Хитойни доимий равишда ишончли ҳамкор, яхши қўшни, ишончли дўст сифатида кўриб келган ва шундай бўлиб қолади. Муваффақиятли ўтган Ўзбекистон-Хитой музокаралари “Хитой Халқ Республикаси ва Ўзбекистон Республикасининг Қўшма баёноти”, шунингдек, қишлоқ хўжалиги, рақамли иқтисодиёт, яшил ривожланиш, ҳудудлараро ишбилармонлик алоқалари, ахборот ва бошқа соҳаларда ҳамкорликка оид 15 ҳужжат имзоланиши билан якунланди.
Мамлакатларимиз ўртасидаги қардошликни ривожлантиришдаги улкан хизматлари учун Президент Шавкат Мирзиёев Си Цзиньпинга Олий даражадаги “Дўстлик” орденини топширгани ҳам икки мамлакат муносабати дўстона муҳитда ривожланаётганидан далолат.
Ўзбекистон “Бир макон, бир йўл” ташаббусининг муҳим иштирокчиси. Ушбу йирик ташаббус доирасида мамлакатларимиз ўртасидаги жуда самарали ҳамкорлик йўлга қўйилганини алоҳида таъкидлаш жоиз. Хитой кўп йиллардан буён Ўзбекистоннинг асосий иқтисодий ҳамкори мавқеини мустаҳкам сақлаб келмоқда. Бир қатор давлатлараро, ҳукуматлараро, идоралараро битимлар сармоявий ҳамкорликни ривожлантириш учун зарур ҳуқуқий асос яратмоқда. Икки мамлакат компаниялари иштирокида саноат кооперацияси, инфратузилмани модернизация қилиш, транспорт, фармацевтика, телекоммуникация соҳаларида, қўшма юқори технологияли саноат парклари ташкил этиш лойиҳалари муваффақиятли амалга оширилмоқда. Хитойнинг Ўзбекистон иқтисодиётига киритган сармояси сўнгги йилларда 10 миллиард доллардан ошди. Муҳим қўшма лойиҳалар илгари сурилмоқда. “Хитой – Марказий Осиё” газ қувурининг барча 4 йўлаги Ўзбекистон ҳудудидан ўтади. Қамчиқ довони орқали юртимиздаги энг узун темир йўл туннели фойдаланишга топширилди. Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон автомобил йўлаги ва Хитой-Қозоғистон-Ўзбекистон темир йўлининг ўтказувчанлик салоҳияти эътироф этилмоқда. Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Самарқанд саммити доирасида Ўзбекистон-Қирғизистон-Хитой темир йўли қурилиши бўйича ҳамкорлик тўғрисидаги уч томонлама шартнома имзолангани тарихий аҳамиятга эга воқеа бўлди. Ушбу лойиҳа Хитойдан Ўзбекистон орқали Европага ва Жанубий йўлак орқали Форс кўрфази давлатларига юк ташиш ва ушбу йўналишларда савдо географиясини кенгайтириш, Ўзбекистонни ички давлатдан минтақадаги муҳим коммуникация марказига айлантириш учун асос бўлиб хизмат қилади.
Инчунин, Ўзбекистон Хитой кўмагида экспорт йўналишларини сезиларли даражада диверсификация қилмоқда, инфратузилмани модернизация қилмоқда, сармоя оқимини янги йўналишларга бурмоқда, салоҳиятни оширмоқда. Маданий-гуманитар ҳамкорлик ҳам фаол ривожланмоқда. Бу муҳим соҳада санъат фестиваллари, гала-концертлар, кўргазмалар, семинарлар ва бошқа турли қўшма оммавий тадбирлар ўтказилмоқда. Талабалар алмашинуви, адабий асарлар таржимаси ва нашри, кинематография, телекўрсатувлар таржимаси ва намойиши, ҳудудлараро алоқа ўрнатиш ва кадрлар тайёрлаш йўналишларида ҳамкорлик кенгаймоқда. Буларнинг бари халқларимизни яқинлаштиришга хизмат қилмоқда.
Сўнгги йилларда Хитой Ўзбекистон учун 6500 дан зиёд турли касблар учун мутахассислар тайёрлаб берди. Хитойнинг 2013 йил бошланган Хивани археологик реставрация қилиш лойиҳаси муваффақиятли якунланиб, қадимий шаҳарга янги кўрк бағишлади. Туризм соҳасидаги шериклик жадал ривожланмоқда. Қадимий юртимизнинг диққатга сазовор жойларини зиёрат қилиш имконига эга бўлган хитойлик сайёҳлар сони ортиб бормоқда.
Мамлакатларимиз халқларнинг ўз сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий ривожланишини, мустақил ва демократик танлаш ҳуқуқини, давлатлар суверенитети, мустақиллиги, ҳудудий яхлитлигини ҳурмат қилиш, тенглик, ўзаро манфаатдорлик, аралашмаслик тамойилларини ҳурмат қилади.
Хитой ва Ўзбекистон ҳамжиҳатлик, мамлакатлар ўртасидаги келишмовчиликни мулоқот ва маслаҳатлашув орқали тинч йўл билан ҳал этиш бўйича саъй-ҳаракатни қатъий бирлаштиришда давом этади. Шу нуқтаи назардан Ўзбекистон Хитой томонидан илгари сурилган халқаро муносабатларнинг янги турини яратиш ва инсоният тақдири йўлида муштарак ҳамжамиятни барпо этишга қаратилган “Глобал хавфсизлик ташаббуси” ва “Глобал тараққиёт ташаббуси”ни ҳар томонлама қўллаб-қувватлайди, дейди профессор Саидмухтор Саидқосимов.
С.Раҳимов тайёрлади.
ЎзА