Остонада минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик долзарб масалалар муҳокама қилинди
Бугун халқаро муносабатларда ноаниқлик тобора ўсиб, давлатлар ва халқлар ўртасидаги мулоқот ва ўзаро ишонч ришталарига путур етаётган бир даврда сўнгги бир ой ичида Марказий Осиё минтақаси дунёда тинчлик ўрнатиш ва хавфсизликни таъминлашга хизмат қилувчи иккинчи йирик халқаро анжуманга мезбонлик қилмоқда.
Хусусан, жорий йилнинг 16 сентябрь куни Самарқанд шаҳрида Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар раҳбарлари минтақада юзага келаётган сиёсий ва иқтисодий вазиятни ҳисобга олган ҳолда минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан ўзаро фикр алмашган бўлса, 13-14 октябрь кунлари Қозоғистоннинг Остона шаҳрида бўлиб ўтган Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгаш саммити, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Давлат раҳбарлари кенгаши мажлиси ҳамда «Марказий Осиё – Россия» саммитлари доирасида 50 га яқин аъзо мамлакатлар ва кузатувчилар, халқаро ва минтақавий ташкилотлар делегациялари умумий хавфсизлик манфаатлари, тараққиёт ва фаровонликка эришишга қаратилган ўзаро ишонч ва барқарор тараққиётни мустаҳкамлаш масалалари бўйича кенг ва очиқ мулоқот ўтказдилар.
Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президенти Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича Кенгаш мажлисининг VI саммитида сўзлаган нутқи доирасида бугун юзага келаётган янги геосиёсий воқелик бутун Осиё қитъаси барқарорлигига, шунингдек, инқирозли ҳолатлар Марказий Осиё давлатларига ҳам тўғридан-тўғри дахл қилаётганлигига алоҳида эътибор қаратиб, қуйидаги олтита устувор йўналишдаги таклифларни илгари сурди.
Хусусан, ушбу ташаббуслар доирасида Афғонистонда тинчлик ва барқарорликка эришиш, бунинг учун юқори даражадаги халқаро музокара олиб борувчи гуруҳни шакллантириш ҳақидаги ташаббус ифода этилган Осиё мамлакатларининг Бирлашган миллатлар ташкилоти Бош Ассамблеясига қўшма мурожаати имкониятларини кўриб чиқиш таклиф этилди.
Шунингдек, Давлатимиз раҳбари ушбу ташаббуслар доирасида озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш соҳасида янги ёндашувларни таклиф этди. Булар – озиқ-овқат ишлаб чиқаришнинг барқарор тизимларини ва уни етказиб беришнинг оптимал занжирини шакллантириш, ички минтақавий савдо ўсиши учун техник регламентларни уйғунлаштириш, Осиёда озиқ-овқат хавфсизлигини мониторинг қилиш яхлит тизимини яратишдир.
Сир эмаски, пандемия даврининг бошланиши ҳамда дунё саҳнасида рўй бераётган қутиблашиш жараёнлари сабаб бугун дунё давлатлари учун асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотлариининг узлуксизлигини таъминлаш кун тартибидаги асосий масалалар қаторидан жой олишга улгурди. Жумладан, озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти ҳисоб-китобларига кўра, очликдан азият чекаётган сайёрамиз аҳолисининг ярмидан кўпи Осиё қитъасига тўғри келиши ҳамда бир вақтнинг ўзида айнан ўша қитъа мамлакатлари жаҳоннинг етакчи озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи давлатлари эканлиги ҳисобга олинса, озиқ-овқат ишлаб чиқаришнинг барқарор тизимларини ва уни етказиб беришнинг оптимал занжирини шакллантириш муҳим саналади.
Бунда эса, яна бир ташаббус инновациялар трансфери салоҳиятини янада тўлиқроқ ишга солиш, рақамлаштиришни фаол рағбатлантириш, ишлаб чиқариш ва етказиб бериш логистика занжирини мустаҳкамлаш орқали ушбу тизим Марказий Осиёни Жанубий ва Шарқий Осиё, шунингдек, Яқин Шарқ билан самарали боғлаши муҳим аҳамият касб этади.
Шунингдек, Остона шаҳри мезбонлик қилган Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги Давлат раҳбарлари кенгаши йиғилишида ҳам Президентимиз Шавкат Мирзиёев ўз нутқида МДҲ доирасидаги шерикликни мустаҳкамлашнинг муҳим йўналишлари юзасидан ўз нуқтаи-назарини баён қилди.
Жумладан, ташкилотга аъзо мамлакатларнинг транспорт тизимига бўлган жиддий таҳдидларни инобатга олган ҳолда, янги логистика йўлакларини ҳамкорликда ривожлантириш бунда «Термиз – Мозори-Шариф – Кобул – Пешовар» ҳамда «Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон» темир йўлларини қуриш лойиҳалари МДҲни трансқитъавий транспорт ташишларнинг муҳим занжирига айлантиришга кўмаклашиши таъкидланди.
Шу билан бирга, МДҲ маконидаги ҳамкорликнинг энг муҳим йўналишларидан бири маданий-гуманитар соҳа эканлиги, ўзаро инновацион ҳамкорлик ва ёшлар масаласида муносабатларни кенгайтириш мақсадида Президентимиз келгуси йилда Ўзбекистонда МДҲ мамлакатлари ёш олимларининг «Ёшлар инновация тарафдори» шиори остидаги биринчи конгрессини ўтказишни таклиф қилди.
Шу ўринда айтиб ўтиш жоизки, 2019-2021 йилларнинг ўзида Ўзбекистон раҳбарияти томонидан МДҲ доирасида 41 та ташаббус илгари сурилган бўлиб, улардан 18 таси амалга оширилган, 21 таси амалга ошириш жараёнида, қолган 2 таси маълум муддатга кечиктирилган.
Шунингдек, икки кунлик ташриф доирасида давлат раҳбарлари «Марказий Осиё – Россия» форматидаги ҳамкорлик, минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан фикр алмашилди.
Хулоса қилиб айтганда, Марказий Осиё ҳамда унга туташ минтақа давлат раҳбарларининг жаҳондаги мураккаб вазият, кескинлик ва стратегик мавҳумлик ортаётган бир даврда жам бўлиб маслаҳатлашув учрашувларини ўтказишининг анъанага айланиши яқин ва узоқ келажакка белгиланган стратегик ҳамкорлик доирасидаги режа ва мақсадларни амалга оширишда муҳим аҳамият касб этади.
Олтиной Мамирова,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати
ЎзА