21 октябрь – Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилган кун
Қадринг баланд бўлсин, она тилим
Алишер Навоий номли Ўзбекистон Миллий кутубхонасида Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси билан ҳамкорликда «Қадринг баланд бўлсин, она тилим!» шиори остида «Мутолаа оламидаги китобхон миллат» мавзусида маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.
Онлайн ва оффлайн шаклда ташкил этилган тадбирда Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси мутасаддилари, «Оқила аёллар» ҳаракати фаол аёллари, олима, ёзувчи, шоиралар, Тошкент шаҳар маҳаллалари фаол аёллари, кутубхоначилар иштирок этдилар.
Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси раиси Зулайҳо Маҳкамова юртимизда хотин-қизларнинг давлат ва жамиятдаги мавқеини ошириш масаласига устувор аҳамият қаратилаётганини таъкидлади. Дарҳақиқат, оилалардаги оналар маънавияти, маданияти ва билимларини ошириш орқали келажак авлодларимизни комил инсон этиб тарбиялашга эришиш, бунда китоб ва мутолаанинг ўрни ва аҳамияти муҳим эканлигини сингдириш, бу борадаги ишларни ташкил этишда Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитасининг Миллий кутубхона билан ўзаро ҳамкорлигини кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Мутолаа тарғиботини самарали ташкил этиш учун энг яхши адабиётлардан иборат кўчма кутубхоналар ташкил этиш, бундай кутубхоналарни республикамизнинг энг чекка туман ва қишлоқларигача етиб боришини таъминлаш учун тизимли ишлар олиб бориш бугунги кунда долзарбдир.
Тадбирда шоиралар Зулфия Мўминова, Мунаввара Усмонова, Сайёра Тўйчиева, олима Жамила Шермуҳамедовалар ўзбек тилининг ғоят бой тил эканлиги, ота-боболаримизнинг ўзбек тилида ёзиб қолдирган бетакрор асарлари, ижод намуналари ҳақида фикр-мулоҳазалари билан ўртоқлашдилар. Ижодкор аёллар янги шеърларидан намуналар ўқидилар.
Тадбир сўнггида Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси ва Ўзбекистон Миллий кутубхонаси ҳамкорлиги, китобхонликни янада ривожлантириш бўйича “Йўл-харитаси”ни ишлаб чиқиш ва уни амалиётга татбиқ этиш борасида таклифлар билдирилди.
Ўзбекистон Республикаси Бош вазир ўринбосари, Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси раиси Зулайҳо Маҳкамова ташаббуси билан ҳар ойнинг 17-санаси «Китобхон оналар куни» деб белгиланди.
Назокат УСМОНОВА, ЎзА