«InnoWeek.Uz-2022» Халқаро инновацион ғоялар ҳафталиги бўлиб ўтмоқда
Бугунги кунга келиб, антропоген омил туфайли экологияга инсоният томонидан етказилаётган зарар миқдори кун сайин ортиб бормоқда. Табиийки, бу жараёнларнинг олдини олиш ва уларнинг таъсирини камайтириш жаҳон ҳамжамияти олдида турган энг долзарб вазифалардан бири саналади.
Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Инновацион ривожланиш вазири ўринбосари ва бошқа мутасаддилар иштирокида "InnoWeek.uz-2022» Халқаро инновацион ғоялар ҳафталиги бўйича матбуот анжумани ўтказилди.
«InnoWeek.Uz-2022» ҳафталигининг бу йилги мавсуми «Барқарор ривожланиш учун яшил инновациялар» шиори остида ўтказилмоқда. 21 октябрга қадар давом этади. Хусусан, 17 октябрь куни «TechnoWays» технологик ривожланиш марафони финал босқичи ўз ишини бошлади. Ҳафталик доирасида мазкур марафон ғолиблари тақдирланди.
18 октябрь куни Халқаро инновацион ҳафталигининг расмий очилиш маросими бўлиб ўтди ва «Университетларнинг илмий ва инновацион фаолияти бўйича халқаро биринчи форуми» ўз ишини бошлади. Ушбу форумда хорижий ва республикамиз ОТМларининг илмий ва инновацион фаолияти муҳокама қилинмоқда. Шунингдек, «Барқарор ривожланиш учун яшил инновациялар» мавзусидаги панель муҳокамаси, «Иқлим ўзгаришининг салбий оқибатларини қисқартиришга йўналтирилган яшил инновациялар» конференцияси ҳамда Ўзбекистон-Германия B2B учрашувлари ташкил этилмоқда.
19 октябрь куни Осиё ва Тинч океани технологиялар трансфери марказининг «Яшил инновациялар бўйича техник ҳамкорлик механизмлари» мавзусида минтақавий семинар ўтказилади.
20 октябрь куни «Фан ва инновациялар халқаро илмий форуми, «Фан ва инновация» ёш олимлар халқаро илмий анжумани бўлиб ўтади. Шу билан бирга худди шу куни «Инновацион ғоя етакчиси» кўкрак нишони ҳамда Жаҳон банкининг грант дастурлари ғолибларини тақдирлаш маросими ташкил этилади. Шу билан бирга, «Туркий давлатлар ташкилоти: «Ақлли шаҳарлар» масалаларига ихтисослашган» мавзусида IT мутахассислари учун экспертлар конференцияси ва «Энергосамарадорлик ва углеродсиз келажак энергетикаси йўлида» мавзусидаги халқаро конференция ҳам бўлиб ўтади.
Шунингдек, 21 октябрь куни «Ўзбекистонда мис саноатини ривожлантириш истиқболлари» мавзусидаги семинар ўтказилади.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА