Давлатимиз раҳбари “Европа Иттифоқи – Марказий Осиё” саммитида иштирок этади
Бу ҳақда бугунги брифингда Ўзбекистон Республикаси Президенти Матбуот котиби Шерзод Асадов маълум қилди.
Брифинг аввалида ўтган ҳафтада Президентимиз иштирокида бўлиб ўтган асосий воқеалар ҳақида ахборот берилди.
17 октябрь куни давлат раҳбари ҳузурида маҳаллалар инфратузилмасига ажратилаётган маблағларнинг сарфланишини назорат қилиш масаласи бўйича йиғилиш бўлиб ўтди.
18 октябрь куни Президентимиз “ТошкентбошпланЛИТИ” давлат унитар корхонасига ташриф буюрди. У ерда Тошкент шаҳрининг 2045 йилгача бўлган Бош режаси лойиҳаси билан танишди.
Шу куни давлат раҳбари аграр соҳада йил якунигача кутилаётган натижалар ва келгуси йилдаги вазифалар юзасидан йиғилиш ўтказди.
19 октябрь куни Президентимиз Европа Иттифоқининг Марказий Осиё бўйича махсус вакили Терхи Хакалани қабул қилди. Ўзбекистон билан Европа Иттифоқи ўртасидаги кўп қиррали муносабатларни кенгайтириш ва минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалалари кўриб чиқилди. Халқаро аҳамиятга молик масалалар юзасидан фикр алмашилди.
Президентимиз 21 октябрь куни Ўзбек тили байрами билан Ўзбекистон халқини табриклади.
Президент 20–21 октябрь кунлари расмий ташриф билан Туркманистонда бўлди.
Ҳафта якунида Президентимиз Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпинга Хитой Коммунистик партиясининг XX қурултойи муваффақиятли ўтказилгани ҳамда у партиянинг Марказий қўмитаси Бош котиби лавозимига қайта сайлангани муносабати билан табрик йўллади.
Жорий ҳафта ҳам давлат раҳбарининг иш жадвали жуда тиғиз бўлиши, қатор учрашув, муҳокама, ташрифлар бўлиб ўтиши таъкидланди.
Бугун куннинг биринчи ярмида Президентимиз Россия Федерацияси Ҳукумати раиси ўринбосари – саноат ва савдо вазири Денис Мантуров билан учрашув ўтказди.
Ҳафта давомида давлат раҳбари Европа Кенгаши Президенти Шарль Мишельни қабул қилади. Учрашув кун тартибидан Ўзбекистон ва Европа Иттифоқининг сиёсий, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳалардаги ҳакмкорлигини муҳокама қилиш ҳамда минтақавий ва халқаро долзарб масалалар юзасисдан фикр алмашиш ўрин олган.
Бундан ташқари, ҳозирда қатор хорижий делегациялар раҳбарлари билан учрашувлар ташкил этиш масаласи ишлаб чиқилмоқда.
27 октябрь куни давлатимиз раҳбари “Европа Иттифоқи – Марказий Осиё” саммитида иштирок этиш учун Қозоғистон Республикаси пойтахти Остона шаҳрига ташриф буюрадилар.
Шу билан бирга, мазкур иш ҳафтасидан бошлаб ҳудуд раҳбарлари жойларда ижтимоий-иқтисодий ривожланиш борасида амалга оширилаётган ишлар бўйича Президент ҳузурида ҳисобот беришни бошлайдилар.
Шунингдек, соғлиқни сақлаш тизимидаги жорий ва келгуси устувор вазифалар юзасидан муҳокамалар режалаштирилган.
ЎзА