Самарқандда сайёҳлик анжумани бўлиб ўтмоқда
Самарқандда Discovering Uzbekistan II сайёҳлик анжумани бўлиб ўтмоқда. Унда мамлакатимиз вазирлик ва идоралари, халқаро авиакомпаниялар, сайёҳлик агентликлари, меҳмонхоналар вакиллари, ҳорижий дипломатлар, журналист ва блогерлар иштирок этмоқда.
Uzbekistan Airports компанияси, Туризм ва маданий мерос вазирлиги, Ташқи ишлар, Транспорт вазирликлари ва Сармарқанд туризм маркази ҳамкорлигида ташкил этилган тадбир доирасида сайёҳлик ва авиация соҳаларидаги долзарб масалаларни муҳокама қилиш, мамлакатимизнинг ўзига хос сайёҳлик масканларининг тақдимотларини ўтказиш режалаштирилмоқда. Авиация тармоғи мутахассислари Ўзбекистон аэропортларининг имкониятлари ва авиақатновлар сонини ошириш бўйича келгуси режалар билан таништиради. Шунингдек, янги Silk Avia ҳудудий авиакомпаниясининг тақдимоти ҳам бўлиб ўтади.
– Ўзбекистон бой тарихий меросга, ранг-баранг табиат ва қулай географик жойлашувга эга мамлакатдир, - дейди Uzbekistan Airports компаниясининг бошқарув раиси вакили Рано Жўраева. – Бу ажойиб диёр бутун дунё сайёҳларини ўзига жалб қилади. Туризмни ривожлантириш авиапарвозларни ривожлантириш билан чамбарчас боғлиқдир. Сайёҳлик маҳсулотларига бўлган талабнинг ортиши авиакомпанияларнинг қизиқишини оширмоқда. Мақсадимиз сайёҳлар ва янги авиаташувчиларни жалб қилиш, янги йўналишларни очиш, улар учун қулай шароитлар яратиш ва шу орқали мамлакатимиз аэропортларини ҳам ривожлантиришдан иборат.
Роман БОНДАРЧУК, ЎзА