Туркий давлатлар ташкилотига аъзо мамлакатлар транспорт вазирларининг мажлиси бўлиб ўтади
Жорий йил 27-28 октябрь кунлари Тошкент шаҳрида Туркий давлатлар ташкилоти транспорт вазирлари мажлиси бўлиб ўтади.
Бу ҳақида Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги маълум қилмоқда.
Вазирлик берган маълумотларга кўра, мажлисда ташкилотга аъзо давлатлар вакиллари ўзаро ҳамкорликда халқаро юк ташувлари жараёнларини янада ривожлантириш, минтақанинг транзит салоҳиятини ошириш, шунингдек, муқобил транспорт йўналишларини ривожлантириш билан боғлиқ масалаларни муҳокама қилади.
Тадбир доирасида Туркий давлатлар ташкилотига аъзо мамлакатлар темир йўл маъмуриятларининг биринчи учрашуви ҳамда ТДТга аъзо давлатлар портлари раҳбарларининг бешинчи учрашуви ўтказилади.
Йиғилиш якунлари бўйича Туркий давлатлар ташкилотига аъзо давлатлар ўртасида халқаро аралаш юк ташиш тўғрисида Битим ва Транспорт соҳасида ўзаро боғлиқлик дастури каби ҳужжатлар келишиб олинади.
Маълумот ўрнида айтиш керак, Туркий давлатлар ташкилоти саммити жорий йил 11 ноябрь куни Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтади.
ЎзА