Сеулда Корея Республикасидан Тошкент ва Самарқанд шаҳарларига янги авиапарвозларни йўлга қўйиш масаласи муҳокама қилинди
Сеул шаҳрида бўлиб турган Ўзбекистон nашқи ишлар вазири Владимир Норов бугун «T'way Air» авиакомпанияси катта вице-президенти Ким Хюнг Йи билан учрашди.
ТИВ маълумотига кўра, мулоқотда икки давлат фуқароларининг ўзаро сайёҳлик ва хизмат сафарларига ортиб бораётган талабини қондириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси ва Корея Республикаси ўртасида авиақатновларни ошириш имкониятлари муҳокама қилинди.
Корея томонига Ўзбекистонда туризм соҳаси миллий иқтисодиётнинг стратегик тармоқларидан бири сифатида қаралиши айтиб ўтилди. Таъкидланганидек, мамлакатимизда қисқа вақт ичида хорижлик сайёҳлар келиши ва сайёҳлик инфратузилмаси объектлари сони сезиларли даражада ошди.
Шунингдек, қадимий Самарқанднинг улкан туристик салоҳияти, жумладан, янги қад ростлаган халқаро аэропорт ҳамда замонавий меҳмонхоналар мажмуасига эга “Буюк ипак йўли” халқаро сайёҳлик маркази имкониятларига ҳам эътибор қаратилди. “Самарқанд” халқаро аэропортида “очиқ осмон” тартиби жорий этилган бўлиб, бу халқаро ҳуқуқ нормаларига мувофиқ хорижий авиакомпаниялар учун рейслар ва парвозлар йўналишларида чекловлар олиб ташланганидан далолат бериши таъкидланди.
Икки давлат ўртасидаги ижтимоий-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳалардаги муносабатларни янада ривожлантиришга хизмат қилиши мумкин бўлган Тошкент ва Самарқанд шаҳарларига «T'way Air» авиакомпаниясининг парвозларини йўлга қўйиш масаласини ўрганиш бўйича келишувга эришилди.