Қашқадарёда туризм ривожида муҳим қадам
Ҳудудларни комплекс ривожлантириш дастури асосида Қашқадарё вилоятининг сайёҳлик салоҳиятини ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди
Давлатимиз раҳбари раислигида жорий йил 19 сентябрь куни ўтказилган ички ва ташқи туризмни ривожлантириш бўйича йиғилишда Қашқадарё вилоятида туризмни ривожлантириш муаммолари танқидий муҳокама қилиниб, бир қатор топшириқлар берилган эди.
Юқоридаги топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида Шаҳрисабзда “Ҳудудларни комплекс ривожлантириш асосида Қашқадарё вилоятининг сайёҳлик салоҳиятини ривожлантириш: муаммолар ва истиқболлар” мавзусида халқаро давра суҳбати бўлиб ўтди.
Давра суҳбати Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг халқаро алоқалар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ва Ўзбекистон Республикаси Туризм ва маданий мерос вазирликлари томонидан Германия халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ) ваколатхонаси кўмагида ташкил этилди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари, қатор тегишли вазирликлар ва маҳаллий ҳокимлик раҳбарлари, мутахассислари, маҳаллий аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Халқаро давра суҳбатининг асосий мақсади вилоятни комплекс ривожлантириш доирасида туризм салоҳиятини рўёбга чиқариш, жумладан Германия халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ)нинг “Ўзбекистон ҳудудларида иқтисодий ислоҳотлар ва барқарор иқтисодий ривожланишни қўллаб-қувватлаш” лойиҳаси кўмагида ишлаб чиқилган Шаҳрисабз ва Қамаши туманларининг мастер-режаларини халқаро ва маҳаллий ташкилотлар иштирокида амалга ошириш масалаларини муҳокама қилиш ҳамда таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқишдан иборат.
Тадбирда туризм соҳаси пандемия даврида энг кўп зарар кўргани таъкидланди. Соҳани қўллаб-қувватлаш мақсадида давлат томонидан солиқ имтиёзлари бериш, бюрократик тартибларни соддалаштириш орқали соҳани қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилгани қайд этилди. Шунингдек, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ва Германия халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ) билан биргаликда ишлаб чиқилган Шаҳрисабз ва Қамаши туманларининг стратегик мастер-режалари тақдимоти ўтказилди.
Мастер-режаларни амалга оширишга маҳаллий вазирлик ва идоралар билан бирга халқаро ташкилотлар ва молия ташкилотларини жалб қилиш имкониятлари, уларнинг иштирокида лойиҳаларни амалга ошириш бўйича фикр алмашилди. Туризм мамлакат ҳудудларининг иқтисодий ривожланишида муҳим рол ўйнайди. Халқаро тажриба шуни кўрсатадики, ҳудудларни комплекс ривожлантириш чора-тадбирларини шакллантиришда туристик салоҳиятини максимал даражада ҳисобга олиш ва ривожлантириш ҳамда шу орқали аҳоли бандлигини таъминлаш, турмуш сифатини янада яхшилаш муҳим аҳамиятга эга.
Давра суҳбати давомида иштирокчилар ҳудуд учун транспорт, алоқа ва туризм инфратузилмасининг етарли даражада ривожланмаганлиги, уларнинг халқаро стандартларга мос келмаслиги, туризм корхоналарида кадрлар малакасининг етарли эмаслиги каби долзарб муаммоларни бартараф этиш йўлларини муҳокама қилди. Шунингдек, халқаро ва маҳаллий экспертлар ва маърузачилар томонидан туристик ва транспорт хизматларини кўрсатиш жараёнларига АКТ технологияларини кенг жорий этиш бўйича фикр алмашилди.
Тадбир якунлари бўйича ҳудудларни комплекс ривожлантириш асосида вилоятнинг сайёҳлик салоҳиятини ошириш бўйича таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.
Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА.