Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг «Марказий Осиё – Европа Иттифоқи» биринчи саммитидаги нутқи
Ҳурматли ҳамкасблар!
Ҳурматли жаноб Мишель!
«Марказий Осиё – Европа Иттифоқи» биринчи саммитининг барча иштирокчиларини яна бир бор қутлайман.
Тадбирни ташкил этгани учун Қозоғистон Республикаси Президенти, ҳурматли Қасим-Жомарт Кемелевич Тоқаев номига билдирилган миннатдорлик сўзларига қўшиламан.
Биз мазкур форматга амалий ҳамкорликни илгари суриш, ишонч, шериклик ва ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлаш учун зарур бўлган муҳим мулоқот майдони сифатида қараймиз. Учрашувларимиз мунтазамлик касб этишини қўллаб-қувватлаймиз.
Ҳурматли саммит қатнашчилари!
Пандемия оқибатлари ва замонавий таҳдидларга қарамасдан, биз Янги Ўзбекистонда ортга қайтмас тус олган ислоҳотлар стратегиясини амалга оширишда давом этмоқдамиз. Самарали фаолият кўрсатадиган бозор механизмларига, шунингдек, юқори ҳаёт даражаси ва қулай турмуш шароитларига эга кучли ҳуқуқий давлатни барпо этиш бизнинг устувор вазифамиз ҳисобланади.
Марказий Осиё аҳолисининг ярмидан кўпи истиқомат қилаётган Ўзбекистонда бугунги кунда фаол демографик ўсиш кузатилмоқда. Бу эса мамлакатимизнинг узоқ истиқболдаги барқарор ривожланиши учун мустаҳкам пойдевор ва қудратли ресурс бўлиб хизмат қилади.
Биз эришган муваффақиятларимиз билан чекланмаймиз ва янги ўзгаришлар кўламини янада кенгайтиришни ўз олдимизга мақсад қилиб қўйганмиз.
Бу ўринда гап аввало қонуннинг сўзсиз устуворлиги, фуқаролик жамияти институтларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, инсон ҳуқуқлари ва гендер тенгликни, сўз ва эътиқод эркинлигини таъминлаш ҳақида бормоқда.
Биз иқтисодий соҳада бундан буён ҳам тадбиркорлар учун энг қулай шароитларни яратиш, коррупцияга қарши муросасиз курашиш, рақобат ва инновацион бизнес муҳитининг ривожланишини рағбатлантириш йўлидан борамиз.
Фурсатдан фойдаланиб, муҳтарам Президент Мишель, Сизга, барча европалик дўстларимиз ва ҳамкорларимизга саъй-ҳаракатларимизни доимий қўллаб-қувватлаб келаётганингиз учун самимий миннатдорчилик билдирмоқчиман.
Ҳурматли делегациялар раҳбарлари!
Мамлакатимизнинг узоқ муддатли ва изчил тараққиёти бутун Марказий Осиёдаги барқарорлик ва фаровонлик билан чамбарчас боғлиқ эканини биз яхши англаймиз. Айнан шу боис, Ўзбекистон яхши қўшничилик ва минтақавий шериклик масаласини қатъий илгари сурмоқда.
Биргаликдаги саъй-ҳаракатларимиз натижасида Марказий Осиёда мутлақо янги сиёсий муҳит вужудга келди. Бир неча ўн йиллар мобайнида йиғилиб қолган, ҳал этилишига ҳеч ким ишонмай қўйган кўплаб муаммолар бир неча йил давомида бартараф этилди. Ҳамкасбларим қайд этиб ўтганларидек, Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг мунтазам Маслаҳат учрашувларининг самарали механизми яратилди.
Биз, аввало ўзимиз учун умумминтақа хавфсизлиги ва равнақи йўлида келишув сари қадам қўя олишимизни исботладик.
Жаноб Мишель, Сизга бу ўзгаришларнинг туб моҳиятини тушунишингизда ёрдам берадиган бир нечта мисолларни келтириб ўтсам.
Олти йил олдин бизнинг минтақадаги алоҳида мамлакатлар билан чегараларимиз ёпиқ эди. Ўзаро савдо амалда ривожланмай қолган, биз иқтисодий ҳамкорларни минтақа ташқарисидан қидирар эдик. Барқарор коммуникация, транспорт қатновлари ва фаол гуманитар алмашинувлар йўқ эди.
Бугун вазият тубдан ўзгарди. Биз визасиз режимни жорий қилдик, барча ўтказиш пунктларини очдик. Авиапарвозлар ва қуруқлик орқали ташувларни тикладик ва уларнинг сонини кўпайтирдик. Ўзбекистон ва минтақа мамлакатлари ўртасидаги товар айланмаси 10 баробар ўсди.
Кооперация алоқалари кучайиб бормоқда, йирик лойиҳаларни амалга ошириш учун инвестиция компаниялари ва бошқа молиявий воситалар фаолияти йўлга қўйилди.
Албатта, минтақада ҳали ҳам ўз ечимини топмаган масалалар бор. Бироқ ишончимиз комилки, бизнинг кучли сиёсий иродамиз ва умумий бунёдкорлик руҳи минтақадаги қардош мамлакатлар ва халқларни янада яқинлаштиришга хизмат қилади. Ва мен Европа Иттифоқи ушбу эзгу мақсадларга эришишни қўллаб-қувватлашда давом этишига чин дилдан умид билдираман.
Ҳурматли ҳамкасблар!
Биз минтақамизнинг Европа Иттифоқи билан ҳамкорлигини қуйидаги устувор йўналишларда изчил чуқурлаштириб бориш тарафдоримиз.
Саммит арафасида биз Ўзбекистонда савдо-иқтисодий ҳамкорлик соҳасидаги ишлар ҳолатини таҳлил қилдик. Ҳақиқатан ҳам, мамлакатларимиз «GSP+» имтиёзли савдо тизимига қўшилганидан сўнг Европа Иттифоқи мамлакатлари билан товар айланмасининг ўсиш суръати бизни қувонтиради. Биргина жорий йилнинг бошидан буён юқори қўшилган қийматли ўзбек маҳсулотларининг экспорти қарийб икки баробар ошди. Бироқ, афсуски, умумий рақамлар мавжуд улкан имкониятларга ҳозирча мос келмайди.
Биламизки, Европа бозорларида тайёр, хомашё бўлмаган товарлар номенклатураси билан муносиб рақобат қилиши учун мамлакатларимиз қатор комплекс масалаларни ҳал этишлари керак.
Биринчидан, бу саноат маҳсулотларимизнинг Европанинг юқори стандартлари ва техник регламентларига мувофиқлигини таъминлаш.
Иккинчидан, ҳозирги мавжуд чекловларни ҳисобга олган ҳолда, Европа Иттифоқи бозорларига чиқиш учун энг мақбул самарали транспорт-логистика коридорларини яратиш, энг аввало, Транскаспий мультимодал маршрутини ривожлантириш.
Учинчидан, европалик истеъмолчилар ўртасида Марказий Осиё мамлакатлари маҳсулотларининг танилиши ва харидоргир бўлиши учун қўшма маркетинг тадқиқотлари ҳамда мақсадли тадбир ва акциялар ўтказиш.
Бундан ташқари, минтақамиздаги кўплаб мамлакатларда Европа инвестициялари ва технологияларига катта эҳтиёж кузатилмоқда. Ўйлайманки, ҳамкасбларим бу борада мени қўллаб-қувватлайди.
Мисол учун, Ўзбекистонда Европа компаниялари билан жами 900 та қўшма корхона ва лойиҳалар фаолият кўрсатади.
Мавжуд шароит туфайли биз дунёнинг бошқа минтақаларидан инвестиция ва кредитларни жалб қиляпмиз. Бозорларимиздаги Европа компаниялари эгаллаши мумкин бўлган жойни учинчи мамлакатлардаги рақобатчилар тўлдирмоқда.
Ушбу масалаларни тизимли равишда ҳал қилиш учун Ҳукуматларимиз Бош вазир ўринбосарлари даражасида «Европа Иттифоқи – Марказий Осиё» Иқтисодий ҳамкорлик қўмитасини таъсис этишни таклиф қиламиз.
Мазкур тузилма фаолияти доирасида «Глобал дарвоза» ташаббусининг мақсад ва вазифаларини қамраб олган ҳолда, савдо-иқтисодий ҳамкорликни чуқурлаштириш ва ўзаро транспорт-коммуникацион боғлиқликни ривожлантириш бўйича узоқ муддатли стратегик дастурни ишлаб чиқиш мақсадга мувофиқ.
Қўмитанинг биринчи учрашувини келгуси йили баҳорда Европа тикланиш ва тараққиёт банки Бошқарувчилари кенгашининг йиллик мажлиси арафасида Самарқандда ўтказишни таклиф қиламиз.
Ҳурматли саммит иштирокчилари!
Европа Иттифоқи «яшил» тараққиёт соҳасида бизнинг асосий ҳамкоримиз ҳисобланади. Европа томонини минтақамизда қабул қилинган «Яшил кун тартиби» дастурини, жумладан, қуйидаги аниқ йўналишларни амалга оширишда фаол иштирок этишга чақирамиз: эко-инновациялар, энергия самарадор ва ресурс тежамкор технологияларни кенг жорий этиш; иқтисодиёт тармоқларини рақамлаштириш; «Smart-AKIS» европа тармоғи ёрдамида «ақлли» қишлоқ хўжалигини ривожлантириш; қайта тикланувчи энергия манбалари имкониятларини ишга солиш.
Келгуси йил февраль ойида Римда Атроф-муҳит ва сув ресурслари бўйича «Европа Иттифоқи – Марказий Осиё» мавзусида юқори даражадаги навбатдаги конференцияни ўтказиш таклифини қўллаб-қувватлаймиз.
Унинг якунлари бўйича аниқ, амалий қадамлар ва тадбирларни ўз ичига олган қўшма «йўл харитаси»ни ишлаб чиқишни муҳим деб ҳисоблаймиз.
Гуманитар соҳада ҳамкорлигимизни қуйидаги йўналишларда фаоллаштириш зарур: таълим ва инновация алмашувлари; маданий ва сайёҳлик алоқалари.
«Erasmus+» ва «Европа горизонти» дастурлари доирасида қуйидагиларни таклиф этамиз: таълим бўйича Европанинг илғор методикаларини жорий этиш лойиҳасини амалга ошириш; қўшма фундаментал ва амалий тадқиқотларни ўтказишни ташкил этиш.
Бундан ташқари, мамлакатларимизда Европанинг етакчи олий таълим муассасалари филиаллари сонини оширишдан манфаатдормиз. Мисол учун, бугунги кунда Ўзбекистонда Европа давлатлари университетларининг 7 та филиали самарали фаолият юритиб келмоқда.
Биз биринчи минтақавий профессионал таълим лойиҳасини амалга оширишда фаол иштирок этишга тайёрмиз.
Европалик ҳамкорларни минтақамиз халқларининг ноёб тарихий мероси, бой маданияти ва анъаналари билан кенг таништириш мақсадида биз ноябрь ойининг иккинчи ярмида Парижнинг Лувр музейида йирик кўргазма ташкил этишни режалаштирганмиз.
Бундай тадбирларни ҳар йили – Европа давлатларининг пойтахтларида ва маданият марказларида ҳамкорликда ўтказиб бориш тарафдоримиз.
Туризм соҳасида йирик имкониятлар мавжуд. Бугунги кунда Европа давлатлари жаҳон туризм тармоғида мутлақо етакчи ҳисобланади. Улар тарихий мерос объектларини асраб-авайлаш ва реконструкция қилиш, замонавий инфратузилмани яратиш ҳамда сайёҳлар оқимини бошқариш бўйича жуда катта тажрибага эга.
Келгуси йилда Хива шаҳрида ўтказиладиган «Европа Иттифоқи –Марказий Осиё» биринчи туризм форуми доирасида Европанинг етакчи операторлари эътиборига Умумий минтақавий туризм маҳсулотлари концепциясини тақдим этишни таклиф этамиз.
Фикримизча, бундай тадбирлар Европа ва бизнинг минтақамиз халқлари ўртасида бир-бирини яхшироқ тушуниш ва гуманитар алоқаларни мустаҳкамлашга замин яратади.
Ҳурматли ҳамкасблар!
Минтақавий хавфсизликни таъминлаш муҳим йўналиш ҳисобланади. Биз Европа Иттифоқининг терроризм, радикализм ва экстремизм, уюшган жиноятчилик, наркотрафик ва бошқа умумий хавф-хатарларга қарши курашиш бўйича қўшма дастурлар доирасидаги амалий кўмагини қадрлаймиз.
Халқаро амалиётдан келиб чиқиб, ахборот алмашиш ва замонавий таҳдидларга биргаликда қарши курашиш учун бизнинг махсус хизматларимиз ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларимиз ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйишни таклиф қиламиз.
Бундан ташқари, Афғонистон масаласида бизнинг нуқтаи назаримизни қўллаб-қувватлагани учун европалик ҳамкорларимизга миннатдорчилик билдирамиз.
Биз жаноб Мишель билан ушбу муаммони бир неча бор очиқ муҳокама қилдик. Бизнинг бу борадаги хавотир ва ташвишларимиз ўхшашдир.
Биз афғон халқига доимий равишда гуманитар ёрдам кўрсатиб келаяпмиз. Ҳатто энг мураккаб даврда ҳам электр энергияси, нефть ва озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб беришни тўхтатганимиз йўқ. Афғонистонга мамлакатимиз орқали ўтадиган транзит юклари узлуксиз амалга оширилди.
Бизни қиш келиши билан Афғонистондаги гуманитар вазиятнинг кескинлашуви қаттиқ безовта қилмоқда. Гап у ерда яшаётган, ижтимоий кафолатлардан маҳрум бўлган миллионлаб одамларнинг оғир аҳволи ҳақида бормоқда. Ушбу комплекс муаммони мамлакатнинг амалдаги ҳокимияти ҳам, қўшни давлатлар ҳам мустақил равишда ҳал қила олмайди.
Бу ерда бутун халқаро ҳамжамиятнинг мувофиқлаштирилган ҳаракати ва ҳақиқий кўмаги зарур. Биз, шунингдек, Термиз чегара шаҳримиздаги логистика ва таълим хабларининг салоҳиятидан фойдаланишда европалик шерикларимиз билан самарали ҳамкорликни давом эттиришга тайёрмиз.
Ҳурматли делегациялар раҳбарлари!
Таъкидлаб ўтилганидек, Европа Иттифоқининг Марказий Осиё бўйича янгиланган стратегияси қабул қилинган вақтдан буён уч йил ўтди.
Афсуски, пандемия сабабли кўпгина тадбирлар ва масалалар тўлиқ амалга оширилмай қолди. Бундан ташқари, глобал ва минтақавий вазият тубдан ўзгариб, бугунги кунда Марказий Осиёдаги интеграциялашув жараёнининг европалик ҳамкорлар томонидан фаол қўллаб-қувватланишини талаб қилмоқда.
Шу муносабат билан биз Стратегиянинг бажарилишини жадаллаштириш ва ҳамкорлик алоқаларимизни мустаҳкамлаш мақсадида кўп томонлама дастурий ҳужжат – “Йўл харитаси”ни қабул қилиш имкониятини кўриб чиқишни таклиф қиламиз.
Аминманки, ушбу барча масалалар келгуси ойда Самарқандда бўлиб ўтадиган ҳамкорликдаги Ўзаро боғлиқлик бўйича вазирлар анжумани давомида батафсил кўриб чиқилади.
Сўзимнинг якунида мамлакатларимиз барқарор тараққиёти, равнақ ва фаровонлиги йўлида “Марказий Осиё – Европа Иттифоқи” форматидаги очиқ, тизимли ва сермаҳсул мулоқот тарафдори эканлигимизни яна бир бор таъкидлаб ўтмоқчиман.
Эътиборингиз учун раҳмат.