Президентнинг жорий ҳафтадаги иш жадвали ҳақида маълум қилинди
Ўзбекистон Республикаси Президенти матбуот котиби Шерзод Асадов журналистлар учун навбатдаги брифингни ўтказди.
Тадбир аввалида давлатимиз раҳбарининг ўтган ҳафтадаги фаолияти ҳақида қисқача ахборот берилди.
Жумладан, 24 октябрь куни давлат раҳбари Россия Федерацияси Ҳукумати Раиси ўринбосари – саноат ва савдо вазири Денис Мантуровни қабул қилди. Учрашувда икки томонлама савдо-иқтисодий муносабатларни янада ривожлантириш, ҳамкорликда амалга оширилаётган лойиҳалар истиқболи муҳокама қилинди.
Шу куни Президентимиз куз-қиш мавсумида иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳа муассасаларининг барқарор ишлашини таъминлаш бўйича йиғилиш ўтказди.
25 октябрь куни Президентимиз раҳбарлигида Қашқадарё вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Унда вилоятда йил якунигача ва келгуси йилда амалга оширилиши мўлжалланган вазифалар муҳокама қилинди.
26 октябрь куни давлат раҳбари соғлиқни сақлашнинг бирламчи тизимидаги ишлар билан танишиш ва келгуси устувор вазифаларни белгилаш мақсадида Тошкент шаҳрининг Учтепа туманидаги 22-оилавий поликлиника ҳамда Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказида барпо этилган янги хирургия мажмуасига ташриф буюрди, тиббиёт ходимлари билан суҳбатлашди.
Марказда соҳа мутахассислари ва масъул раҳбарлари иштирокида видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.
27 октябрь куни Президентимиз “Марказий Осиё – Европа Иттифоқи” форматидаги биринчи саммитда иштирок этиш учун амалий ташриф билан Остона шаҳрида бўлди.
Давлатимиз раҳбари ушбу саммитдаги нутқида Ўзбекистон қонун устуворлигини таъминлаш, тадбиркорлар учун энг қулай шароитларни яратиш, коррупцияга қарши муросасиз кураш, рақобат ва инновацион бизнес муҳитини ривожлантириш йўлида қатъий эканини таъкидлади.
Савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш мақсадида Президентимиз «Европа Иттифоқи – Марказий Осиё» Иқтисодий ҳамкорлик қўмитасини таъсис этишни таклиф қилди.
28 октябрь куни давлат раҳбари «Кўксарой» қароргоҳида мамлакатимизга амалий ташриф билан келган Европа кенгаши Президенти Шарль Мишелни қабул қилди.
Учрашувда кўп қиррали ҳамкорликни янада кенгайтириш масаласи кўриб чиқилди, халқаро ва минтақавий кун тартиби юзасидан фикр алмашилди. Мамлакатимиздаги демократик янгиланишлар ва иқтисодий ислоҳотларни, энг аввало, инновациялар, "яшил" иқтисодиёт, рақамлаштириш соҳаларида амалга оширишга кўмаклашиш мақсадида амалий ҳамкорликни кенгайтириш борасида биргаликдаги ишларни давом эттириш юзасидан келишувга эришилди.
Музокаралар чоғида мамлакатимизда сўз эркинлигини таъминлаш борасида қилинаётган ишларга алоҳида тўхталиб ўтилди. Давлатимиз раҳбари Ўзбекистон сўз эркинлигини таъминлаш соҳасида Европа Иттифоқи билан амалга оширилаётган жуда яқин ва очиқ ҳамкорликни давом эттиришга тайёрлигини билдирди. Ушбу йўналишдаги ишларнинг натижаларини баҳолаш ва оммавий ахборот воситаларини янада қўллаб-қувватлаш бўйича таклифлар ишлаб чиқишга келишиб олинди.
Учрашув якунида Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Европа кенгаши Президентининг матбуот учун қўшма баёноти қабул қилинди.
Жорий ҳафта ҳам давлат раҳбари иштирокида кўплаб учрашув ва тадбирлар бўлиб ўтади.
31 октябрь куни эрталаб Президентимизга қишлоқ хўжалиги вазири Азиз Воитов қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ва бу борада иссиқхоналар фаолиятини қўллаб-қувватлаш масаласида ҳисобот берди.
Куннинг иккинчи ярмида ҳудуд ва тармоқларда энергия тежамкорлигини таъминлаш чора-тадбирлари юзасидан соҳа мутасадди раҳбарлари иштирокида тақдимот режалаштирилган.
Шунингдек, мазкур ҳафта давомида иқтисодиёт тармоқларига берилаётган имтиёзлар самарадорлигини ўрганиш натижалари юзасидан муҳокама, маҳаллий саноатни янада ривожлантириш борасида мавжуд имкониятлар ва янги захираларни сафарбар этиш юзасидан кенгайтирилган мажлис ва одил судловни таъминлаш ҳамда суд ислоҳотларини янада такомиллаштириш борасидаги устувор вазифалар юзасидан тақдимотлар ўтказиш кўзда тутилган.
Алоҳида қайд этиб ўтиш лозим, бошланган ҳафта ташқи сиёсий масалаларда ҳам қатор тадбирлар бор.
1 ноябрь куни Президентимиз Германия ташқи ишлар вазири Анналена Бербок бошчилигидаги делегацияни қабул қилади. Учрашувда икки томонлама муносабатлар истиқболи, савдо-иқтисодий, энергетика йўналишидаги ҳамкорлик муҳокама қилинади ва минтақавий масалалар юзасидан фикр алмашилади.
3 ноябрь куни эса давлат раҳбарининг БАА ҳукумат ишлари бўйича вазири Муҳаммад бин Абдуллоҳ ал-Гаргавий билан учрашувлари режалаштирилган.
ЎзА