Ўзбекистон кўмагида Мозори-Шариф халқаро аэропорти қайта тикланди
Транспорт вазирлиги, “Ўзавиация” агентлиги, “Ўзаэронавигация” маркази ДУК, “Uzbekistan Airports” АЖ, “Ўзгидромет” вакилларидан иборат мамлакатимиз делегацияси Афғонистонда Мавлоно Жалолиддин Балхий номидаги Мозори-Шариф халқаро аэропорти фаолиятини тиклаш бўйича техник ёрдам кўрсатиш жараёни якунига бағишланган маросимда иштирок этди.
Маълумки, Ўзбекистон қўшни Афғонистоннинг иқтисодий тикланишига, транспорт ва энергетика инфратузилмасини шакллантиришга улкан ҳисса қўшмоқда. Икки мамлакат ўзаро савдо-иқтисодий алоқани янада ривожлантириш, истиқболли лойиҳаларни амалга оширишга қаратилган қатор ташаббусларни илгари сурмоқда.
Мозори-Шариф халқаро аэропорти фаолиятини қайта йўлга қўйишда кўрсатилган техник ёрдам шундай ташаббусларнинг яна бир ёрқин намунаси бўлди. Хабарингиз бор, давлатимиз раҳбари топшириғига биноан, ўтган йил Транспорт вазирлиги, “Ўзавиация” агентлиги, “Ўзаэронавигация” маркази ДУК, “Uzbekistan Airports” АЖ, “Ўзгидромет” вакилларидан иборат Идоралараро комиссия томонидан Мазори-Шариф халқаро аэропортининг техник ҳолати ўрганилган ва зарур амалий чора-тадбирлар белгиланган эди.
Афғонистоннинг Балх вилояти Мозори-Шариф шаҳрида бўлиб ўтган анжуманда аэропорт фаолиятини таклаш бўйича техник ёрдам кўрсатиш лойиҳаси босқичма-босқич амалга оширилгани, қисқа вақт ичида аэропорт ҳафтасига 4 та маҳаллий ва 1 та халқаро ҳаво қатновига хизмат кўрсата бошлагани қайд этилди.
ЎзА ижодий жамоаси ҳам юқори савияда ташкил этилган тантанали маросим чоғида фойдаланишга топширилган объектнинг тўлиқ имконияти, мажмуада яратилган шарт-шароит, аэропортдаги хизмат кўрсатиш сифати билан яқиндан танишди. Эътироф этиш жоиз, бу ерда ўтган давр мобайнида республикамизнинг тегишли вазирлик, идоралари томонидан қатор ишлар амалга оширилди. Жумладан, ҳаво ҳаракатига хизмат кўрсатиш, парвозни радиотехник жиҳатдан таъминлашга эришилди.
Техник таъминлаш йўналиши бўйича Мозори-Шариф аэродромининг учиш-қўниш йўлаги қопламаси, ҳаво кемалари учун бурилиш йўлаклари ва тўхтаб туриш жойларидаги белгилар бўёғи тўлиқ янгиланган. Қолаверса, “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖ томонидан ҳудуднинг электр ва ёруғлик-техник таъминоти замонавий талаб даражасига келтирилган.
Афғон томони вакиллари биродарлик риштасини мустаҳкамлашга асосланган мазкур ташабусни Ўзбекистон томонидан қўшни мамлакатлар билан дўстона, ўзаро манфаатли ҳамкорлик муносабатини мустаҳкамлаш йўлида олиб борилаётган саъй-ҳаракатнинг мантиқий давоми, дея қабул қилинишини таъкидладилар.
– Аввало, меҳмондўст, афғон заминининг жафокаш халқига ҳар доим елкадош бўла оладиган Ўзбекистон Президентига миннатдорлик билдираман, – деди Афғонистон муваққат ҳукумати ташқи ишлар вазири ўринбосари Шер Муҳаммад Аббос Станакзий. – Мамлакатингиз раҳбарининг Афғонистонда вазиятни барқарорлаштириш, хавфсизликни таъминлаш, тинчлик музокараларини илгари суриш борасидаги саъй-ҳаракатини юқори баҳолайман. Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан тамомила фойдаланишдан чиққан Мозори-Шариф халқаро аэропорти фаолияти қайта тикланди. Учиш-қўниш йўлаклари мукаммал таъмирланди. Масофавий бошқариш тизими ишга туширилди. Аэропортининг ташқи электр таъминоти тубдан яхшиланди.
Шунингдек, тадбирда аэропортнинг қурилиши тугалланган объектларини фойдаланишга топшириш ва фаолиятни тиклаш учун зарур жиҳозларни қабул қилиб олиш ҳужжати имзоланди.
трансафғон йўлаги Шимолдан ва Жануби-шарқий Осиё давлатларидан жанубга юк ташиш имконини берди.
“Термиз – Мозори-Шариф – Кобул – Пешовар” темир йўли қурилиши лойиҳаси ҳам шерикликни мустаҳкамлаши табиий. Экспертлар фикрича, бу Афғонистонни қайта тиклаш ва бутун минтақани ривожлантиришда стратегик аҳамиятга эга лойиҳа ҳисобланади.
– Мамлакатларимизни азал-азалдан ўхшаш тил, умумий муқаддас дин ва муштарак маънавий қадриятлар бирлаштириб туради, – деди Ўзбекистон транспорт вазири Илҳом Маҳкамов. – Мозори-Шариф аэропорти фаолиятини қайта тиклаш бўйича ҳамкорликда амалга оширилган чора-тадбирлар Афғонистоннинг иқтисодий ривожланишига кўмаклашиш, бу заминдан амалга ошириладиган парвозлар хавфсизлигини таъминлаш ва аэропортнинг самарадорлигини янада ошириш йўлида муҳим қадам бўлади.
Делегациямизнинг муборак шаҳар – Мозори-Шарифга ташрифи аэропорт электр таъминотини бошқариш пункти очилиш маросимидаги иштироки билан давом этди. Икки томон транспорт вазирлари анъанавий рамзий қизил боғични кесганларидан сўнг йиғилганларга мазкур технология хусусида маълумот берилди.
Ўтган бир йил мобайнида Ўзбекистон аэропортларида фаолият юритаётган етук мутахассислар Афғонистоннинг мазкур аэропортига жалб қилинди. Уларнинг ёрдами билан аэропортнинг учиш-қўниш, бурилиш йўлаклари, ҳаво кемаси тураргоҳларидаги мавжуд нуқсонлар, камчиликлар бартараф этилди.
Учиш-қўниш йўлагининг ёритиш-сигнал мосламалари ҳам таъмирланди. Натижада аэропорт тунги пайтда ҳам, ноқулай об-ҳаво шароитида ҳам парвозларни қабул қила олиш имконига эга бўлди. Яна бир аҳамиятли жиҳати шундаки, куз ва қиш мавсумига тўлиқ тайёргарлик кўриш бўйича амалий ёрдам кўрсатилди. Бу кўмак Ўзбекистон томонидан биродар афғон халқига, Мозори-Шариф аэропортига техник воситалар етказиб бериш йўли билан амалга оширилди.
Хулоса шуки, кўп йиллик тарихга эга Ўзбекистон – Афғонистон муносабати маданият, урф-одат ва анъаналардаги яқинлик, муштаракликка асосланган сиёсий шериклик ҳамда иқтисодий соҳаларда фаоллашиб боряпти. Энди Мозори-Шариф аэропортидан маҳаллий ва хорижий ҳаво қатнови яна жонланди. Бу, ўз навбатида, ҳудуднинг иқтисодий ва ижтимоий ривожланишига салмоқли ҳисса қўшади.
Беҳруз ХУДОЙБЕРДИЕВ, Носиржон ҲАЙДАРОВ (фото ва видео), ЎзА.
Тошкент – Мозори-Шариф – Тошкент