Марказий Осиё – Европа Иттифоқи – конструктив платформа
Ўзбекистон турли халқаро ва минтақавий ташкилотлар, платформалар доирасида фаол иштирок этиб, асосийси, халқимиз учун манфаатли ташқи сиёсат олиб бормоқда. Сўнгги йилларда Ўзбекистоннинг, жумладан, Европа Иттифоқи билан ҳамкорлиги ҳам сезиларли даражада фаоллашди ва кўп қиррали хусусият касб этди.
Мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, шунингдек 2017-2021 йилларда республикани ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг тегишли йўналишлари ҳаётга тадбиқ этилиши, кўп жиҳатдан, ЕИ билан серқирра мулоқотни ривожлантиришга асос бўлиб хизмат қилмоқда.
Европа ҳамжамияти билан алоқалар 1992 йил 15 апрель куни Ўзбекистон ҳукумати ва Европа комиссияси ўртасида англашув меморандуми имзоланиши билан бошланган. 1994 йил 16 ноябрь куни томонлар ўртасида дипломатия муносабати ўрнатилган.
2005 йил июль ойида ЕИнинг Марказий Осиё бўйича махсус вакили лавозими ташкил этилди. Буни тузилма томонидан минтақамизнинг ўсиб бораётган салоҳиятига нисбатан алоҳида эътибор сифатида кўриш мумкин. 2019 йил қабул қилинган ЕИнинг минтақа билан ҳамкорликни ривожлантириш бўйича янги стратегияси ҳам кўзланган мақсадларга эришиш йўлидаги фаол ҳамкорликка қаратилган сиёсат намунаси. Европа Иттифоқи билан муносабатнинг шартномавий-ҳуқуқий асоси 15 ҳужжатдан иборат.
Маълумки, жорий йил 27 октябрь куни Президент Шавкат Мирзиёев Қозоғистоннинг Остона шаҳрида “Марказий Осиё – Европа Иттифоқи” биринчи мажлисида иштирок этди. Анжуманда сиёсий мулоқотни ривожлантириш, ҳудудлараро ҳамкорликни кенгайтириш, савдо-иқтисодий шериклик ва маданий-гуманитар алмашинувни фаоллаштириш истиқболи муҳокама қилинди.
Давлатимиз раҳбарининг саммитдаги иштироки, Президентимиз ўз нутқида ҳамкорликни ривожлантиришга доир илгари сурган муҳим таклиф ва ташаббуслари халқаро ижтимоий-сиёсий, эксперт-таҳлил доира вакиллари томонидан катта қизиқиш билан ўрганилмоқда.
Ўзбекистон етакчиси ушбу формат амалий ҳамкорликни илгари суриш, ишонч, шериклик ва ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлаш учун зарур бўлган муҳим мулоқот майдони эканини қайд этиб, анъанага мувофиқ, бир қатор ташаббусларни илгари сурди. Хусусан, Бош вазир ўринбосарлари даражасида «Европа Иттифоқи – Марказий Осиё» Иқтисодий ҳамкорлик қўмитасини таъсис этиш, тузилманинг биринчи учрашувини келгуси йили баҳорда Европа тикланиш ва тараққиёт банки Бошқарувчилари кенгаши йиллик мажлиси арафасида Самарқандда ўтказишни таклиф қилди.
Мазкур қўмита фаолияти доирасида, «Глобал дарвоза» ташаббуси мақсад ва вазифаларини қамраб олган ҳолда, савдо-иқтисодий ҳамкорликни чуқурлаштириш, ўзаро транспорт-коммуникация боғлиқлигини ривожлантириш бўйича узоқ муддатли стратегик дастур ишлаб чиқиш, 2023 йил февраль ойида Рим шаҳрида Атроф-муҳит ва сув ресурслари бўйича «Европа Иттифоқи – Марказий Осиё» мавзусидаги конференция якунлари бўйича аниқ, амалий қадамлар ва тадбирларни ўз ичига олган қўшма «йўл харитаси» ишлаб чиқиш белгиланди. Erasmus+» ва «Европа горизонти» дастурлари доирасида таълим бўйича кўҳна қитъа илғор методикасини жорий этиш, қўшма фундаментал ва амалий тадқиқотлар ўтказиш, биринчи минтақавий профессионал таълим лойиҳасини амалга ошириш тавсия этилди. Шу билан бирга ҳар йили Европа давлатлари пойтахтларида ва маданият марказларида Марказий Осиё халқларининг ноёб тарихий мероси, бой маданияти ва анъаналарини кенг тарғиб этиш мақсадида йирик кўргазмалар ташкил қилиш, 2023 йили Хива шаҳрида ўтказиладиган «Европа Иттифоқи –Марказий Осиё» биринчи туризм форуми доирасида Европанинг етакчи операторлари эътиборига Умумий минтақавий туризм маҳсулотлари концепциясини тақдим этиш таклифи билдирилди. Қолаверса, махсус хизматлар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ўртасида ахборот алмашиш ва замонавий таҳдидларга қарши биргаликда курашиш, ЕИнинг Марказий Осиё бўйича янгиланган стратегияси бажарилишини жадаллаштириш ва шерикликни мустаҳкамлаш учун кўп томонлама дастурий ҳужжат – “Йўл харитаси” қабул қилиш тавсия этилди.
Шу ўринда таъкидлаш керак, Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан жорий йил ноябрда Самарқанд шаҳрида “Европа Иттифоқи – Марказий Осиё” шаклидаги ўзаро боғлиқлик ва барқарор ривожланишни мустаҳкамлаш бўйича вазирлар конференцияси ўтказилиши режалаштирилган. Албатта, ушбу нуфузли анжуман савдо, инвестиция, транспорт, энергетика, рақамлаштириш ва бошқа истиқболли соҳаларда амалга ошириладиган қўшма лойиҳаларни илгари суриш учун мулоқот майдони вазифасини ўтайди.
Умуман, Остонада бўлиб ўтган “Марказий Осиё – Европа Иттифоқи” биринчи саммити томонлар ўртасидаги мавжуд геоиқтисодий ва тизимли муносабатни янги босқичга олиб чиқишда беқиёс аҳамият касб этади. Мазкур формат, жумладан, Ўзбекистон ички ва ташқи сиёсатини ривожлантиришга кўмаклашадиган муҳим майдон ҳисобланади. Мамлакатимизнинг бундай платформаларда фаол иштирок этиши эса, шубҳасиз, халқимиз турмуш фаровонлигини ошириш мақсадига хизмат қилади.
Анваржон Миркомилов,
“Тараққиёт стратегияси”
маркази эксперти
ЎзА