Жиззах – Жанубий Корея: ҳамкорлик самаралари
Жиззах вилояти экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш бошқармасида Жанубий Корея Республикасининг атроф-муҳит саноати ва технологиялари институти – KEITI ишитирокида “Жиззах вилоятида мавжуд полигонларни ёпиш, янги замонавий полигонлар қуриш ва моддий техник базасини мустаҳкамлаш” лойиҳасини амалга оширишга бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Омавий ахборот воситалари учун ташкил этилган тадбирда Жиззах вилояти ҳокимлиги, Давлат экология қўмитаси ва унинг Жиззах вилояти, туманлар ҳамда шаҳар тизимидаги раҳбар ва ходимлари, Корея Республикасининг Корея атроф-муҳит саноати ва технологиялари институти ва Корея давлати компаниялари вакиллари иштирок этди.
Тадбирда Давлат экология қўмитаси раиси Нарзулла Обломуродов, Жиззах вилояти экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси бошлиғи Эркин Холматов, Корея атроф-муҳит саноати ва технологиялари институти – KEITI ходими, лойиҳани амалга ошириш ишчи гуруҳи раҳбари Сон Цяна хоним ҳамда ушбу лойиҳа ишчи гуруҳи аъзоси ва “SEYUN” компанияси бош директори ўринбосари жаноб Ли Ди Хи – “Жиззах вилоятида мавжуд полигонларни ёпиш, янги замонавий полигонлар қуриш ва моддий техник базасини мустаҳкамлаш” лойиҳаси юзасидан йиғилганларга атрофлича тушунчалар берди.
Тадбирда Жиззах вилояти ҳокимлиги ҳамда Корея Республикасининг “KEITI” компанияси ўртасида 2021 йил 2 декабр куни Қўшма меморандум имзоланиб, лойиҳанинг дастлабки параметрлари белгиланганлиги алоҳида таъкидланди.
Лойиҳа доирасида 98 миллион 400 минг АҚШ доллари миқдоридаги, шундан грант маблағлари 8 миллион 400 минг, кредит маблағлари 90 миллион АҚШ долларини ташкил этган маблағлар ҳисобига Жиззах вилоятида чиқиндилар полигонида ҳосил бўладиган чиқинди газидан (метандан) электр энергияси ишлаб чиқарадиган ускуна ўрнатиш, 6 та чиқиндиларни қайта юклаш станциясини, 5 та янги полигон қуриш ҳамда янги қурилган полигонларга тиббиёт чиқиндиларни ёқиш усули билан йўқ қилиш, компост қилиш ускуналари ўрнатиш, контейнерлар ва махсус техникалар ҳарид қилиш режалаштирилганлиги қайд этилди.
Бугинги кунда, вилоятнинг Шароф Рашидов туманида маиший чиқиндиларни қайта ишлаш лойиҳаси доирасида Давлат экология қўмитаси Корея атроф-муҳит саноати ва технологиялари институти (КЕIТI) билан биргаликда 8 миллион 400 минг АҚШ доллари миқдоридаги грант лойиҳаси концепцияси ишлаб чиқилиб, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги томонидан мазкур лойиҳа концепцияси белгиланган тартибда Корея Республикаси ҳукуматига тақдим этилди.
Бундан ташқари, хорижий ҳамкор “EDCF” фонди ҳамда “KEITI” иштирокида “Жиззах вилоятида санитар полигонлар ва қайта юклаш станцияларини қуриш” лойиҳасини 2023 йил февраль ойидан амалга ошириш белгиланган бўлиб, шунга кўра, Давлат экология қўмитаси Корея атроф-муҳит саноати ва технологиялари институти (КЕIТI) билан биргаликда 90 миллион АҚШ доллари миқдоридаги кредит лойиҳаси концепцияси ишлаб чиқилиб, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги томонидан хорижий ҳамкор “EDCF” фонди ҳамда “KEITI” компаниясига ҳам киритилди.
“KEITI” ва “K-EXIM” банк сайтларида лойиҳа техник-иқтисодий асос (ТИА)сини ишлаб чиқиш бўйича эълон берилиб, Корея Республикаси консультантлари танлаб олинди. Танлаб олинган ана шу консультантлар жорий йилнинг октябр ойидан бошлаб техник иқтисодий асосномани ишлаб чиқишни бошлаб юборди. Меморандумнинг 24 ва 25-бандларидаги ишлаб чиқилиб киритилган лойиҳалар концепцияси Корея ҳукумати билан келишилганлиги ҳам тадбир давомида алоҳида қайд этилди.
Маълумот ўрнида, Кореянинг атроф-муҳит саноати ва технологиялари институти (KEITI) 2009 йил ташкил топган бўлиб, ушбу институтнинг асосий мақсади – илғор экологик технологияларни ривожлантириш, сертификатлаштириш, атроф-муҳит саноатини ривожлантириш, ресурсларни қайта ишлатиш, барқарор истеъмол ва ишлаб чиқаришни рағбатлантириш каби йўналишларда ўз фаолиятини олиб боради.
Шунингдек, анжуманда, “Жиззах вилоятининг шаҳар ва туманларида қаттиқ маиший чиқиндиларни қайта юклаш кўчма станцияларини яратиш, янги қаттиқ маиший чиқинди полигонларини қуриш ва амалдаги полигонларни оптималлаштириш” деб номланган ушбу лойиҳа Кореянинг атроф-муҳит саноати ва технологиялари институти, яъни “KEITI” томонидан молиялаштирилган бўлиб, ушбу лойиҳа “YUSHIN”, “SEJIN” ҳамда “SEYUN” компаниялари билан ҳамкорликда амалга оширилиши айтилди.
Ушбу лойиҳани амалга оширишга Президентимизнинг 2019 йил 10 октябрдаги “Ташқи беғараз кўмак маблағларини жалб этиш механизмларини ва донорлар билан ишлашни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ҳамда 2019 йил 17 апрелдаги “2019-2028 йиллар даврида Ўзбекистон Республикасида қаттиқ маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори асос қилиб олинган бўлиб, мазкур лойиҳани амалга ошириш муддати 2022-2026 йилларга мўлжалланганлиги қайд этилди.
Давлат Экология қўмитаси томонидан қўйилган талабга кўра, ушбу лойиҳа доирасида грант маблағлари ҳисобидан Зомин ва Шароф Рашидов туманларида экологик норма ва санитар талабларга жавоб берадиган замонавий қаттиқ маиший чиқинди полигонларини барпо этишни амалга ошириш чора-тадбирлари белгилаб қўйилган.
Кредит маблағлари ҳисобидан ушбу лойиҳанинг 1-босқичида вилоятда 3 та санитария талабларга жавоб берадиган замонавий қаттиқ маиший чиқинди полигонларини, 5 та ҳудудда компостлаш ва чиқиндиларни саралаш комплексини қуриш ҳамда Зарбдор, Арнасой, Пахтакор, Мирзачўл, Янгиобод ва Бахмал туманларида 6 та чиқиндиларни қайта юклаш станцияларини қуриш режалаштирилган.
Лойиҳанинг 2-босқичида эса “Тоза ҳудуд” давлат унитар корхонаси (ДУК) моддий-техник базасини мустаҳкамлаш мақсадида қаттиқ маиший чиқинди полигонларида зичлаш ишларини амалга ошириш учун 5 та, контейнерларни ташиш учун 12 та махсус техникалар, чиқиндиларни қайта юклаш станцияси учун сиғими 60 куб метр бўлган 28 та контейнер, 5 та бульдозер, 5 та экскаватор, 5 та автоюклагич, 5 та самосвал ва компостлаш учун махсус ускуналар (элак ва ҳакозолар) харид қилиш белгиланган.
Тадбир сўнгида иштирокчиларнинг саволларига батафсил жавоб берилди.
А.ҚАЮМОВ,
Ж.ЁРБЕКОВ (сурат), ЎзА