Сарҳадларимиз дахлсизлиги ва хавфсизлигини таъминлашда огоҳлик ва ҳамкорлик зарур
Дунёда хавфсизликка нисбатан таҳдид ва хатарлар тобора кучайиб бормоқда. Бу ҳар биримизни огоҳ бўлишга чорлайди.
Айниқса, чегара ҳудудларида хизмат олиб бораётган чегара қўшинлари, мудофаа, божхона хизмати, ички ишлар органлари ва маҳаллалар, мутасадди идора вакиллари билан ҳамкорликда чегара мустаҳкамлигини таъминлаш, турли кўринишдаги ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш жуда муҳим.
Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитасида “Ватан сарҳадларини ҳимоя қилиш борасида чегара қўшинлари, мудофаа, божхона хизмати, ички ишлар органлари ва маҳаллалар ўзаро ҳамкорлигининг асосий йўналишлари: тажриба, самаралар ва истиқболдаги вазифалар” мавзусида ташкил этилган давра суҳбатида шу ҳақда сўз юритилди.
Қўмита раиси Қутбиддин Бурҳонов чегарадош ҳудудларда 541 маҳалла фуқаролар йиғини мавжуд бўлиб, уларда яшовчи аҳоли сони қарийб 1,6 миллион нафарни ташкил этишини қайд этди.
Ушбу маҳаллаларда ички ишлар органларининг профилактик ҳисобида турувчи 5 минг 108 нафар (муқаддам судланганлар – 902 нафар, диний экстремистик оқим аъзолари – 330 нафар, вояга етмаган ҳуқуқбузарлар – 94 нафар ва бошқа тоифадагилар – 3 минг 782 нафар) шахслар мавжуд.
Чегарадош ҳудудлардаги фуқаролар билан чегара қоидаларига амал қилиш ҳамда мазкур ҳудудлардаги шубҳали шахслар ва ҳолатлар юзасидан жойлардаги ҳуқуқ-тартибот идораларига хабар бериш юзасидан жорий йил ўтган даврида мингдан зиёд профилактик учрашув ўтказилган.
Юртимизга турли жангари гуруҳлар кириб келишининг олдини олиш, мамлакатимиз сарҳадларининг дахлсизлиги ва хавфсизлигини таъминлаш ҳамда ижтимоий-сиёсий вазиятни узлуксиз назоратга олиш ишларини янада кучайтириш мақсадида Давлат хавфсизлик хизматининг Чегара қўшинлари, Миллий гвардия, Ички ишлар ва Мудофаа вазирликлари билан ҳамкорликда жорий йил март ҳамда август ойларида барча чегарадош аҳоли масканларида “Чегара-тозалаш” тезкор-профилактик тадбирлар ўтказилган.
Қўшни давлатларда юзага келаётган кескин ижтимоий-сиёсий вазият таъсирининг олдини олиш, тезкор-криминоген ва ижтимоий-сиёсий вазият барқарорлигини сақлаш, аҳоли тинчлиги ва осойишталигини таъминлаш, турли кўринишдаги жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш мақсадида ҳуқуқ-тартибот органлари ходимларидан иборат 120 та “мобиль гуруҳ” ташкил этилган.
Мудофаа, Ички ишлар вазирликлари, Давлат хавфсизлик хизматининг Чегара қўшинлари ҳарбий қисмлари ходимлари билан ҳамкорликда чўпон, овчи ва ўрмон хўжалиги ходимларини жалб қилган ҳолда чегараолди, тоғли ва бориш қийин бўлган ҳудудларда 2 мингдан ортиқ разведка-қидирув тадбирлари ўтказилган.
Таҳлиллар сарҳадларимизни ҳимоя қилиш борасида мутасадди вазирлик ва идораларнинг ўзаро ҳамкорлиги борасида ҳал этилиши лозим бўлган бир қатор масалалар мавжудлигини кўрсатган.
Н.Абдураимова, ЎзА