Самарқандда зиёрат туризми ҳафталиги ўтказилади
1-3 ноябрь кунлари ўтказилиши режалаштирилган тадбир олдидан “Ипак йўли” халқаро туризм ва маданий мерос университетида матбуот анжумани ўтказилди.
Унда Туризм ва маданий мерос вазири маслаҳатчилари Т.Мирзаев ва Л.Раҳмонбоева, Самарқанд вилояти ҳокимининг ўринбосари Рустам Қобилов, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори Шовосил Зиёдов ҳафталик давомида ўтказиладиган тадбирлар ҳақида маълумот берди ва журналистларни қизиқтирган саволларга жавоб қайтарди.
– Ушбу нуфузли тадбир мамлакатимиз зиёрат туризми салоҳиятини намоён этиш, Ўзбекистонни жаҳон ҳамжамияти ва халқаро ташкилотларга жаҳон цивилизациясининг муҳим марказларидан бири сифатида танитиш, зиёрат туризми хизматларини диверсификация қилиш ва туризм экспортини оширишга қаратилган, – деди Т.Мирзаев. – Бундай ҳафталик илк бор 2019 йилда Бухорода ташкил этилганди. Кейинчалик пандемия ва бошқа сабаблар билан бу тадбир ўтказилмади. Жорий йилда давлат раҳбари ва республикамиз ҳукуматининг тегишли қарорлари асосида Туризм ва маданий мерос вазирлиги ташаббуси билан мазкур ҳафталик қатор ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилди. Бу гал ҳафталикнинг асосий тадбирлари Самарқанд шаҳрида ўтказилса-да, шунингдек, Бухоро, Хоразм ва Тошкентда ҳам тадбирлар кўзда тутилган.
Хусусан, Самарқандда “Замонавий исломий меъморчилик” кўргазмаси, “Кўнгил оҳанглари” фестивали, “Марказий Осиё – Ислом санъати маркази” халқаро форуми каби тадбирлар ўтказилади. Шунингдек, Самарқанддаги муқаддас қадамжоларга саёҳатлар уюштирилади.
Бухорода “Мир Араб битирувчилари” форуми, “Ўзбекистон исломий мероси” конференцияси, “Ислом наққошлиги ва хаттотлик” кўргазмаси, Хоразмда эса Хоразм – ислом мероси конференцияси, “Хива – ислом санъати” рассомлар кўргазмаси ўтказилади. Тошкент шаҳрида эса халқаро туризм ҳафталиги доирасида Ислом иқтисодиёти бўйича давра суҳбати, миллий либослар кўргазмаси, ҳалол туризм конференцияси ва таомлар фестивали кўзда тутилган.
Матбуот анжуманида мамлакатимизда зиёрат туризмини янада ривожлантириш мақсадида Малайзия, Япония, Индонезия ва араб давлатлари билан ҳамкорликда муҳим лойиҳалар амалга оширилаётгани, мазкур ҳафталик ҳам бу борадаги ишларни янада ривожлантиришга хизмат қилиши қайд этилди.
Ғ.ҲАСАНОВ, А.ИСРОИЛОВ (сурат), ЎзА