Ромитан сайилгоҳи аҳоли хизматида
Бухоро вилояти Ромитан тумани “Афросиёб” маҳалласида “Ромитан сайилгоҳи” савдо ва кўнгилочар хизмат кўрсатиш кўчаси ташкил этилди.
– Бугунги кунда хизмат кўрсатиш, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳамда туризм саноати ривожланмоқда, аксарият мамлакатларда, жумладан, энг ривожланган мамлакатларда ҳам бутун саъй-ҳаракатлар ушбу соҳаларни ривожлантиришга қаратилмоқда, – дейди очилиш маросимида Ромитан тумани ҳокими Умиджон Барноев. – Давлат раҳбарининг 2022 йил 27 январдаги “Хизматлар соҳасини ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ги қарори орқали хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантиришнинг аниқ йўналишлари ва вазифалари белгилаб берилган эди. Шундан келиб чиқиб Бухоро вилояти Ромитан туманида жорий йилда хизмат кўрсатиш ҳажми 984,2 миллиард сўмга етказилди. Қарор асосида Ромитан тумани “Афросиёб” маҳалласида 24 соат ишлайдиган “Ромитан сайилгоҳи” савдо ва кўнгилочар хизмат кўрсатиш кўчаси ташкил этилди. Лойиҳанинг умумий қиймати 15,3 миллиард сўм. Мазкур сайилгоҳда 65 та хизмат кўрсатиш лойиҳаларини тўлиқ ишга тушиши орқали 132 та янги иш ўрни яратилди. Бундан ташқари, сайилгоҳ атрофидаги 14 та савдо ва маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари ҳам қайта таъмирланди.
Тумандаги етти пирнинг иккитаси яъни “Хожа Али Ромитаний” ҳамда “Муҳаммад Бобои Самосий” зиёратгоҳлари, қадимий археологик ёдгорлик, илк ўрта асрлар тарихининг нодир дурдонаси ҳисобланган “Бўронтепа” қўрғони ҳудудида фаолият юритаётган “Bukhara Desert Oasis & Spa” инновацион туризм кластери туризмни ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этмоқда. Янгича шаҳарсозлик андозалари асосида бунёд этилган “Ромитан сайилгоҳи” савдо ва кўнгилочар кўчасининг очилиши ҳам туманда ички ва ташқи туризмни янада яхшилашга хизмат қилади.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА