Қорақалпоғистондаги воқеаларда иштирок этган яна 35 нафар айбланувчи ўз оиласи бағрига қайтарилди
Қорақалпоғистондаги воқеаларда иштирок этган яна 35 нафар айбланувчи жамоат кафиллиги асосида ўз оиласи бағрига қайтарилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Қорақалпоғистон Республикасида юз берган ҳолат ва воқеаларни ўрганиш ҳамда улар юзасидан мустақил текширув ўтказиш бўйича комиссия томонидан фуқаролар мурожаатларини ўрганиш давомида содир этган қилмишига пушаймон ва ижтимоий шароити оғир бўлган айбланувчиларнинг учинчи рўйхати шакллантирилган ва уларни оиласига қайтариш бўйича тегишли чоралар кўрилган эди.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати маълумотига кўра, Комиссия аъзолари таклифи ва Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси илтимосномасига кўра, Бош прокуратура томонидан 2022 йилнинг 1 ноябрь куни яна 35 нафар айбланувчи жамоат кафиллиги асосида ўз оиласига қайтарилди.
Маълумот учун, Мустақил комиссия томонидан шакллантирилган рўйхатларга асосан, шу йилнинг 30 август куни 34 нафар, 13-14 октябрь кунлари 38 нафар айбланувчи оиласи бағрига қайтарилган эди.
Комиссия ташаббуси билан яқинлари бағрига қайтарилган айбланувчилар сони 107 нафарга етди.