Жанубий Корея мусулмонлари федерацияси раҳбарияти Ўзбекистонда бўлиб ўтаётган Халқаро зиёрат туризм ҳафталигида қатнашади
Жанубий Корея мусулмонлар федерацияси президенти Ким Донг Ёк ва Жанубий Кореядаги мусулмонлар жамоати бош имоми Ли Джу Хва Ўзбекистонга ташриф буюриб, жорий йил 1-4 ноябрь кунлари мамлакатимизда ўтказилаётган Халқаро зиёрат туризм ҳафталигида қатнашмоқда.
Мамлакатимизнинг Сеулдаги элчихонаси вакиллари Жанубий Корея мусулмонлар федерацияси раҳбариятининг мамлакатимизга сафари олдидан учрашув ўтказиб, истиқболдаги ҳамкорлик режаларини муҳокама қилди.
Учрашув чоғида Жанубий Корея вакиллари бундай нуфузли халқаро тадбирга таклиф учун самимий миннатдорлик изҳор қилди ва Ўзбекистонга ташрифи самарали ўтишига ишонч билдирди.
Федерация раҳбари ислом уламолари Имом Бухорий, Баҳовуддин Нақшбанд ва бошқа кўплаб алломаларнинг буюк мероси туфайли Ўзбекистон мусулмон оламида алоҳида мавқега эга эканини алоҳида таъкидлади. “Шу маънода Бухоро ва Самарқанд каби буюк шаҳарлар ҳар бир мусулмон зиёрат қилиши шарт бўлган муқаддас қадамжолар саналади”.
Жанубий Корея делегацияси аъзолари Ўзбекистонга ташрифи чоғида Халқаро зиёрат туризм ҳафталиги дастурига киритилган тадбирларда иштирок этади. Шунингдек, Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ислом цивилизацияси маркази фаолияти билан танишади, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Самарқанд шаҳридаги Ҳадис илми олий мактаби, турли ташкилот ва муассасасаларда учрашувлар ўтказади.