Жанубий Кореянинг етакчи таълим муассасалари Самарқанд халқаро технология университети билан ҳамкорлик ўрнатишга қизиқиш билдирмоқда
Самарқанд халқаро технология университети ректори, профессор Юсуф Абдуллаев Жанубий Кореяда амалий сафар билан бўлиб, икки томонлама музокаралар ўтказди.
Хусусан, Хангук хорижий тиллар университети (Hankuk University of Foreign Studies) президенти Парк Жонг Вун, Корея Илғор илм-фан ва технологиялар институти (Korea Advanced Institute of Science and Technology - KAIST) президенти Ли Кванг Ҳюнг, Корея яшил технологиялар маркази президенти (The Korea Green Technology Center) Чонг Бюнг Ки, Сонгюнгван университети Қуёш энергияси тадқиқотлари институти директори (Research Institute of Solar Energy, Sungkyunkwan University) Ли Жун Шин, “CNE Co. Ltd” компанияси раҳбари Канг Хоил, Ehwa аёллар университети Бизнес мактаби профессори Янг Хе Донг, Ипак йўли университетлар тармоғи (Silk-Road Universites Network) директори Хванг Сунг Дон, Осиё маданияти ва тараққиёти институти (The Institute of Asian Culture and Development), Корея бошқарув ахборот тизими жамияти (The Korea Society of Management Information System) раҳбарияти ва бошқа қатор эксперт ва мутахассислар билан мулоқотлар ўтказилди.
Ушбу учрашувлар чоғида Самарқанд халқаро технология университети фаолиятига Жанубий Кореянинг илғор тажрибасини ва мутахассисларини жалб қилиш, замонавий кампусни барпо этиш юзасидан тажриба алмашиш, талабалар алмашинуви дастурини йўлга қўйиш, бугунги замон учун энг долзарб бўлган “яшил” энергетика (қайта тикланувчи энергия), ахборот-технологиялари, дизайн каби йўналишларда ҳамкорлик қилишга келишиб олинди.
Қайд этиш керакки, жорий йилда расмий рўйхатдан ўтган ва айни пайтда тайёрлов курсларида маҳаллий ва хорижлик ўқитувчилар томонидан ўқув машғулотлари олиб борилаётган Самарқанд халқаро технология университети Ўзбекистондаги янги турдаги нодавлат олий таълим муассасаси ҳисобланади.
Университет Ўзбекистоннинг жаҳон иқтисодиётига муваффақиятли интеграциялашуви учун муҳим аҳамиятга эга бўлган халқаро даражадаги юқори малакали муҳандис кадрларни тайёрлашни мақсад қилган.