Самарқанд халқаро технология университети қошида Корея технология ва маданият коллежи очилади
Самарқанд халқаро технология университети ректори, профессор Юсуф Абдуллаев Жанубий Кореяга амалга оширган сафари доирасида ушбу олий билим юрти ҳамда қатор етакчи таълим муассасалари ва илмий-тадқиқот институтлари, хусусан Хангук хорижий тиллар университети, Ипак йўли университетлар тармоғи, Осиё маданияти ва тараққиёти институти, Корея бошқарув ахборот тизими жамияти ўртасида ҳамкорлик тўғрисида меморандумлар имзоланди. Яқин кунлар ичида Корея Илғор илм-фан ва технологиялар институти билан ҳам ҳамкорлик битими тузишга келишиб олинди.
Ушбу меморандумлар асосида Самарқанд халқаро технология университетида технологик инжиниринг, “яшил” энергетика, ахборот-технологиялари, корейс тили йўналишларида Жанубий кореялик ҳамкорлар билан юқори малакали мутахассисларни тайёрлаш бўйича ҳамкорлик йўлга қўйилади.
Бундан ташқари, Самарқанд халқаро технология университети қошида Корея технология ва маданият коллежини (Korean College of Technology and Culture) очишга келишиб олинди. 2023 йил январда фаолият бошлайдиган мазкур коллежда “яшил” энергетика (қайта тикланувчи энергия), ахборот-технологиялари дастурчиларини тайёрлаш, дизайн (саноат, иқтисодиёт, қурилиш дизайнерлиги) ва корейс тили бўйича мутахассислар тайёрланади.
Осиё маданияти ва тараққиёти институти ушбу коллежни малакали ўқитувчилар билан таъминлаш вазифасини ўз зиммасига олади. Ипак йўли университетлар тармоғи директори Хванг Сунг Дон эса ушбу коллежга раҳбарлик қилади.
Томонлар шунингдек ҳамкорликда замонавий талабларга жавоб берадиган қўшма ўқув дастурларини ишлаб чиқиш, университетлар ўқитувчи ва профессорларининг ўзаро малака оширишини ҳамда талабалар алмашинувини йўлга йўқиш, ўқитиш материаллари, тадқиқот лойиҳалари, мақолалар ҳамда кутубхонадаги ресурслардан фойдаланиш, биргаликда конференция, семинар ҳамда маҳорат дарслари ташкил этиш ишларини ҳам амалга оширади.
Қайд этиш керак, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 28 январдаги фармони билан тасдиқланган “2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси”да хорижий давлатларнинг етакчи техника университети билан биргаликда Самарқанд технология университетини ташкил этиш кўзда тутилган.
Ушбу мақсадда Саноат энергетика гуруҳи (СЭГ) таъсисчилигида ташкил этилган мазкур таълим муассаси Самарқанддаги биринчи хусусий университет саналади. Муассасага 2023 йил январдан 250 нафар талаба ўқишга қабул қилинади ва улар нефть-газ муҳандислиги, кимёвий муҳандислик, кончилик иши, геология ва геология муҳандислиги йўналишларида таълим олади.
Таълим масканида Америка, Европа, Осиё, Австралия ва Африкадаги етакчи таълим ва илмий-техника марказларида фаолият олиб бораётган етакчи ўқитувчилар ва мутахассислар, жумладан, хорижий мамлакатларда фаолият олиб бораётган ватандош мутахассислар ҳам ишга таклиф этилган.
Айни пайтда университет кампусини барпо этиш учун Самарқанд шаҳрида Зарафшон дарёси яқинидан умумий майдони 6 гектарлик ер майдони ажратилган. Келгуси ўқув йилигача бу ерда 1000 ўринли 5 қаватли ўқув биноси, талабалар турар жойи, лаборатория, спорт зали, кутубхона, хорижий ўқитувчилар учун турар-жой биноси ва бошқа иншоотлардан иборат бўлган замонавий корпус бунёд этилади.
- Ишончли ҳамкорларга эга бўлиш - университет ва талабалар келажаги учун муҳим вазифа – дейди университет ректори Юсуф Абдуллаев. – Шу боис фаолиятимизнинг дастлабки чоғларидан ҳам олий таълим, ҳам касбий фаолият борасида хориждаги етакчи олий ўқув юртлари ва илмий муассасалар билан ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйишга эътибор қаратдик. Бу борада Жанубий Корея тажрибаси биз учун ниҳоятда муҳим.
Самарқанд халқаро технология университети делегациясининг Жанубий Кореяга амалий сафари самарали бўлди. Бўлиб ўтган учрашувларда Президентимиз ташаббуси билан ташкил этилаётган ушбу хусусий таълим муассасаси Жанубий кореялик ҳамкорларда катта қизиқиш уйғотиб, улар мазкур таълим даргоҳи билан ҳамкорлик алоқаларни йўлга қўйишга тайёрлигини билдирди.