Президент ташаббуси амалда: Қонликўлда Сирдарё тажрибаси
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан республикамиз вилоятлари Қорақалпоғистондаги туманларга бириктирилган.
Жумладан, Сирдарё вилояти ҳам ўз тажрибаси асосида Қонликўл туманини янада ривожлантиришга кўмаклашмоқда. Туманни 2022-2024 йилларда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли турмуш шароитини яхшилаш мақсадида вилоят томонидан 549,9 миллиард сўмлик лойиҳалар ишлаб чиқилган. Мазкур лойиҳалар асосида 2 мингга яқин иш ўрни яратилиши белгиланган.
Ушбу ташаббус ижроси доирасида сирдарёликлар ёрдами билан тумандаги 358 километр ариқ ва зовурлар қазилиб, 9 минг 700 гектар ер майдонини қайта фойдаланишга киритиш чоралари кўрилди. 5 минг гектар экин майдони шудгорланди. “Сирдарё тажрибаси” асосида полиз экинлари етиштириш йўлга қўйилди. “Маданият”, “Дўстлик” ва "Наврўз” маҳаллаларидаги томорқа ер майдонларини сув билан таъминлаш мақсадида қуввати 15 кВт бўлган насос ҳамда 100 кВА қувватли трансформатор ўрнатилди.
Кам таъминланган, ижтимоий дафтарларда рўйхатда турган ишсиз фуқароларга мотокультиватор ва бошқа даромадли ишлар билан шуғулланишлари учун техник воситалар, 10 минг туп мевали дарахт кўчатлари, қиймати 45 миллион сўм бўлган парранда, 50 бош қорамол тарқатилиб, 100 дан зиёд хонадонларга иссиқхона қуриб берилди. Турли байрам тадбирлари муносабати билан 400 дан зиёд эҳтиёжманд оила газ плита ҳамда электр печ, озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминланди. Ёзги дам олиш мавсумида қонликўллик ўқитувчиларнинг “Янгиер санаторийи”сида соғлиғини тиклаши учун бепул йўлланмалар тақдим этилди. Туман нуронийлари учун Сирдарёга саёҳат уюштирилди. Туман марказий шифохонасида сирдарёлик малакали жарроҳ, гинеколог, эндокринолог, кардиолог ва онколог каби 14 турдаги мутахассислар томонидан тиббий кўрик ташкил этилиб, аҳолига 50 миллион сўмлик дори-дармон воситалари тарқатилди.
– Сирдарёликларни овулимиздаги бунёдкорлик ишларидан, аҳолига кўрсатаётган ёрдамидан жуда хурсандмиз, – дейди "Дўстлик" маҳалласи фаоли Қувониш Юсупов. – Мен 54 ёшга кириб, бундай кенг кўламли ишларни кўрмагандим. Бу аввало, Президентимизнинг қорақалпоқ элига бўлган эътибори, ғамхўрлиги, қолаверса, ўзбек ва қорақалпоқ халқларининг азалий дўстлиги натижасидир.
Ушбу ишларнинг узвий давоми сифатида "Маданият" маҳалласида икки халқнинг тарихий орзу-интилишларини ўзида уйғунлаштирган, қурилиш архитектураси жиҳатидан замонавий ва миллий меъморий ечимга эга “Сайхун ва Жайхун" маънавият ва маърифат маскани бунёд этилди. Сирдарё вилояти ҳокими Ғофуржон Мирзаев ва Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси Қаҳрамон Сариев, шунингдек, Сирдарё ва Қорақалпоғистон жамоатчилиги вакиллари иштирок этган тантанали очилиш маросимида Сирдарё ва Қонликўл ўртасидаги масофа узоқ бўлсада кўнгилларнинг яқинлиги, ўзбек ва қорақалпоқ халқларининг муштарак тарихи ва дўстлиги туфайли алоқалар мустаҳкамланиб бораётгани алоҳида таъкидланди. Сирдарёлик зиёлилар томонидан фойдаланишга топширилган маънавият ва маърифат масканига 3 мингдан зиёд китоб жамланмалари тақдим этилди.
– Қонликўлни обод қилаётган, бизга бу борада яқиндан кўмак бераётган Сирдарё вилояти ва туман, шаҳар ҳокимликларига, вилоят тадбиркорларига миннатдорлик билдирамиз, – деди “Сайхун ва Жайхун" маънавият ва маърифат масканини очилиш тадбирида сўзга чиққан Қаҳрамон Сариев. – Уларнинг беминнат кўмаги билан Қонликўл тумани маркази ва барча маҳаллаларимиз обод бўлмоқда. Янги ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш масканлари ташкил этилмоқда. Энг муҳими, одамларнинг турмуш тарзи ўзгармоқда. Президентимиз ташаббуси билан Қорақалпоғистон туманларига вилоятларнинг бириктирилиши бугунги шиддатли замонда барча ҳудудларни бирдек ривожлантириш, аҳолининг турмуш даражасини оширишга хизмат қилмоқда.
Шунингдек, кун давомида миришкор бобо деҳқонлар томонидан Сирдарёда етиштирилган тилими тилни ёрувчи полиз экинлари, сархил мевалар ҳамда миллий таомлар кўргазмаси ташкил этилиб, маҳалла ва овулларда турли маданий-маърифий тадбирлар уюштирилди. “Дўстлик” ҳамда "Сирдарё – Қорақалпоғистон оналари боғи" ташкил этилиб, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида бугуннинг ўзида 1 000 дан зиёд манзарали ва мевали дарахт кўчатлари экилди. Кам таъминланган, эҳтиёжманд оилаларга озиқ-овқат маҳсулотлари, болаларга қишки кийим-бош совға қилинди.
Йил якунига қадар Қонликўлда яна бир қатор объектларни фойдаланишга топшириш кўзда тутилган. Ўз навбатида аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлашга қаратилган лойиҳалар давом этади.
Ш.Суяров, Ш.Ортиқбоев (суратлар), ЎзА.