Комплекс миллий молиялаштириш стратегиясининг лойиҳаси ишлаб чиқилди
Пойтахтимиздаги “International Hotel Tashkent” меҳмонхонасида ўтказилган давра суҳбати Комплекс миллий молиялаштириш стратегиясининг лойиҳаси муҳокамасига бағишланди.
Маҳаллий ва хорижлик масъуллар ва мутахассислар иштирок этган ушбу тадбирда Комплекс миллий молиялаштириш стратегияси лойиҳасининг тақдимоти ва ундан кутилаётган натижалар хусусида сўз борди.
Қайд этилганидек, Ўзбекистон ҳукумати БМТТД билан ҳамкорликда 2021 йилдан бошлаб Комплекс миллий молиялаштириш стратегиясини ишлаб чиқиш устида иш олиб бормоқда. Мазкур стратегиянинг асосий мақсади 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини молиялаштириш учун давлат ва хусусий манбаларни мувофиқлаштириш ҳамда истиқболда Барқарор ривожлантириш мақсадларига эришишга кўмаклашиш имконини берадиган инновацион комплекс ёндашувни таъминлашдан иборатдир.
Унда Молия вазири ўринбосари Аҳадбек Ҳайдаровнинг қайд этишича, БМТ аъзо бўлган давлатлар ва ҳозирги кунда фақат саноқли мамлакатлар томонидан бундай стратегия ишлаб чиқилмоқда. Ўзбекистон ҳам шу давлатлар қаторида Комлекс миллий молиялаштириш стратегиясини ишлаб чиқишни мақсад қилган.
– Маълумки, БМТ Бош Ассамблеясининг 2015 йил сентябрь ойида Барқарор ривожланиш бўйича қабул қилинган 70-резолюциясига мувофиқ, БМТга аъзо давлатлар 2030 йилгача мўлжалланган Барқарор ривожланиш дастурини қабул қилган. Бугунги кунда 2030 йилгача бўлган даврда Барқарор ривожланиш бўйича миллий мақсад ва вазифалар сифатида Ўзбекистон учун долзарб ҳисобланган 16 миллий мақсад ва 126 миллий вазифа рўйхати тасдиқланган. 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини белгиланган аксарият мақсад ва вазифалар Барқарор ривожланиш мақсадлари билан узвий боғлиқдир. Айрим мақсадларга эътибор қаратадиган бўлсак, мамлакатимизда барқарор ва инклюзив иқтисодий ўсишни таъминлаш натижасида келгуси беш йилда аҳоли жон бошига ЯИМни 1,6 баравар, 2030 йилга бориб, аҳоли жон бошига тўғри келадиган даромадни 4 минг доллардан ошириш ҳамда даромади ўртачадан юқори бўлган давлатлар қаторига кириш учун замин яратиш режалаштирилган. Ушбу тадбирда Комплекс миллий молиялаштириш стратегияси лойиҳасида ҳам тақдим этилган ислоҳот, йўналиш ва таклифларни яна бир бор кўриб чиқиш, тегишли вазирлик, идора вакиллари ва хорижлик шериклар билан муҳокама қилишга қаратилган, – деди А.Ҳайдаров.
Таъкидланганидек, Комлекс миллий молиялаштириш стратегиясини ишлаб чиқиш жараёнида муҳокамаларни ўтказиш ва унда таклиф этилган ислоҳот ва чора-тадбирлар Ўзбекистон шароитларида юқори даражада самарадор бўлиши учун зарур қадамдир.
БМТТДнинг Ўзбекистондаги доимий вакили Матильда Димовска ўз нутқида Комплекс миллий молиялаштириш стратегиясини вазирликлар ва идоралар ўртасидаги мувофиқлаштириш ва ўзаро ҳамкорликни яхшилаш учун имконият яратишини айтиб ўтди.
– Ўзбекистон ўзининг миллий стратегиясини ишлаб чиққан. Мамлакатда олиб борилаётган бир қатор ислоҳотларнинг барқарорлигини таъминлаш ва кўзланган самараларга эришиш учун молиявий манбаларнинг мавжуд бўлиши катта аҳамиятга эга. Шунинг учун ҳам бу йўналишда молиявий манбаларнинг мавжуд эканлиги ва уларни тўғри йўналтириш ҳамда қаерда қандай молиявий бўшлиқлар борлигини аниқлаш учун муҳим бир стратегия ишлаб чиқиш лозим ҳисобланади. Ўзбекистон нафақат бундай стратегияни ишлаб чиқиш устида иш олиб бормоқда, балки шу стратегиянинг мамлакатнинг ривожланиш мақсадларига мослиги ва Барқарор ривожланиш мақсадлари ҳамда яшил ривожланиш билан ҳамоҳанг бўлишига эришмоқда. Бу нуқтаи назардан оладиган бўлсак, Ўзбекистон саноқли давлатлардан бири сифатида мана шу ташаббусни амалга оширмоқда, – деди М.Димовска.
Давра суҳбати доирасида ўтказилган сессия ишларида экспертлар Комлекс миллий молиялаштириш стратегияси лойиҳасида назарда тутилган ислоҳотлар, йўналишлар ва вазифалар бўйича ўз фикрларини билдириб, ушбу ҳужжатни такомиллаштириш юзасидан тавсияларини ҳам билдирди.
Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА, ЎзА