Давлат хизматлари кўрсатишни онлайн кузатувчи ситуацион марказ ташкил этилди
Ўзбекистонда “Электрон ҳукумат” соҳасини ривожлантириш, яъни давлат бошқаруви, иқтисодиёт ва давлат хизматларида замонавий ахборот технологияларини жорий этиш бўйича ишлар юқори даражада амалга оширилмоқда.
Бу борада Адлия вазирлиги томонидан қандай ишлар амалга оширилмоқда?
Бу ҳақда вазир ўринбосари Худоёр Мелиев қуйидагиларни маълум қилди:
– Рақамли иқтисодиётни ривожлантириш, инсон фаолиятининг барча соҳаларига рақамли технологияларни кенг жорий этиш, ахборот тизимининг яхлитлиги, барқарор фаолияти хавфсизлигини таъминлаш бўйича изчил ишлар амалга оширилмоқда.
Айниқса, электрон давлат хизматларини ҳар томонлама ривожлантириш, хусусан, тизимни рақамли шаклга трансформация қилиш, идоралараро электрон ҳамкорликни ривожлантиришга оид муҳим қадамлар қўйилди.
Кўрсатилаётган электрон давлат хизматлари сифатини ошириш билан бирга рўйхати тобора кенгайтирилмоқда. Аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари билан бевосита алоқасиз ўзаро муносабатлар шакллари кенг қўлланилмоқда.
Адлия вазирлиги тизимида аҳолига давлат хизматлари марказлари орқали хизмат кўрсатишнинг янгича тартиби жорий этилиб, улар орқали 40 миллионга яқин давлат хизматлари кўрсатилди.
Ҳозирда кунига 40-45 минг фуқаро давлат хизматлари марказларига ташриф буюриб, хизматлардан фойдаланмоқда.
Давлат хизматлари марказларида давлат хизматларини кўрсатиш жараёнларини кузатиб бориш, муаммоларни тезкор ҳал этиш ҳамда олинган маълумотлар таҳлили асосида келгусидаги ишларни прогнозлаш мақсадида Адлия вазирлигида Ситуацион марказ ташкил этилди.
Ушбу марказ стратегик бошқарувда вазиятга қараб ёндашувни амалга оширишнинг энг самарали воситаларидан бири ҳисобланади. Бу динамик ривожланаётган вазиятларни изчил, ҳар томонлама таҳлил қилиш асосида муҳим қарорларни тайёрлаш ва қабул қилиш, ҳақиқий ҳолатни белгилайдиган асосий муаммолар ва масалаларни аниқлаш ва ечимини топишга қаратилган қарорларни қабул қилиш имконини беради.
Давлат хизматлари марказлари орқали кўрсатиладиган барча хизматлар “экстерриториал” тамойил асосида кўрсатиш йўлга қўйилди.
Натижада шахснинг доимий рўйхатдан ўтган жойи (прописка)дан ёки яшаш жойидан қатъи назар, аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига исталган жойдаги ёки ўзларига қулай жойдаги давлат хизматлари марказларига мурожаат қилиб, хизматлардан фойдаланиш имконияти яратилди.
Адлия вазирлиги, юртимизда биринчилар қаторида, ўз фаолиятига халқаро стандартларни жорий қилиш мақсадида “SMS SYSTEMS” консалтинг компанияси билан биргаликда ахборот хавфсизлиги менежмент тизимини ISO/IEC 27001:2013 халқаро стандарти талаблари асосида жорий қилди.
Вазирлик тизимида халқаро стандартларга мувофиқ бошқарув тизимининг жорий этилиши аҳолига кўрсатиладиган давлат хизматлари сифатини оширишга, ахборот махфийлиги ва ишончлилигини оширишга қаратилган.
Бундан ташқари, БМТ Тараққиёт дастури ҳамда Европа Иттифоқининг “Ўзбекистоннинг қишлоқ ҳудудларида давлат хизматлари тақдим этишни такомиллаштириш ва бошқарув даражасини ошириш” қўшма лойиҳаси билан ҳамкорликда қатор ишлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, давлат хизматларини рақамлаштириш соҳасида “Лицензия” ахборот тизими яратилди. “Э-регистер” апостиль тизими ишлаб чиқилиб, жорий қилинди. “ФҲДЁ ягона электрон архиви” маълумотлари блокчейн технологияси асосида тўлиқ рақамлаштирилди.
“Лицензия” ахборот тизимида лицензия, рухсатнома ва хабардор қилиш каби 78 давлат хизмати тўлиқ жорий қилиниб, ишга туширилди.
Шунингдек, “Е-Апп” расмий ҳужжатга электрон апостиль қўйиш ва “Е-регистер” апостиль қўйилган расмий ҳужжатларнинг электрон реестри дастурлари ишлаб чиқилди.
“Э-Апостиль” халқаро электрон апостиль тизими расмий ҳужжатларга, жумладан, ФҲДЁ органлари хизматлари – туғилганлик, никоҳ, ажрим ва ўлим тўғрисидаги гувоҳномалар; нотариал ҳужжатлар – ишончномалар; таълим тўғрисидаги дипломлар; суд ва терговга оид ҳужжатлар ва бошқалар) апостил қўйиш ва тасдиқлашни икки баравар тез ва онлайн тарзда амалга ошириш имконини беради.
Фуқаролик ҳолати далолатнома ёзувларини (ФҲДЁ) қайд этиш билан боғли давлат хизматларини кўрсатишда блокчейн технологиясининг жорий этилганлиги ушбу соҳада бюрократияни камайтириш, маълумотлар алмашинуви ҳамда муассасалар, фуқаролар ва бошқа манфаатдор томонлар ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни яхшилаш, шунингдек, шаффофликни ошириш ва коррупция хавфини минималлаштириш имконини беради.
Шунингдек, шахсни унинг мобил телефон рақами орқали идентификациялаш имконини берувчи “Мобил-ID” тизими ишлаб чиқилиб, жорий этилди.
“Мобил-ID” тизими фойдаланувчилари электрон рақамли имзони қўлламаган ҳолда барча давлат хизматларидан фойдаланиши мумкин. Шунингдек, ушбу тизим аризачиларни мобил телефон рақами орқали идентификация қилиш имконини беради.
Айтиб ўтиш керакки, фуқаролар билан муносабатга киришишда ва уларга давлат хизматларини рақамли технологиялар ёрдамида тақдим этишда ахборот хавфсизлигини ҳамда шахсий маълумотлар дахлсизлигини таъминлаш, масофадан туриб мукаммал идентификациялаш ва верификациялаш тизимларини яратиш каби ҳаётий муҳим вазифалар юзага келмоқда.
Рақамли ҳукумат ҳуқуқий асосини яратишда энг долзарб масалалардан яна бири – бу бизнес жараёнларни реинжинеринг (BPR) қилиниши, административ жараёнларни тўлиқ рақамлаштириш (ариза топширишдан бошлаб, қарор қабул қилишгача), бизнес жараёнларни тор идоравий манфаатлардан эмас, балки фойдаланувчи манфаатларидан келиб чиққан ҳолда “лойиҳалаштириш” талаб этилади.
Бугунги кунда Адлия вазирлиги томонидан мазкур масалаларга алоҳида эътибор қаратилиб, қатъий ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Ҳар бир давлат хизматини ҳуқуқий асосини ишлаб чиқиш ва жорий этишда, энг аввало, автоматлаштирилган тизимлар ёрдамида қарор қабул қилиш жараёнини автоматлаштиришга эътибор қаратилмоқда.
Норгул Абдураимова,
ЎзА