Андижонда корейс тилини ўрганиш маркази ташкил этилади
Андижон давлат чет тиллари институтида Жанубий Кореянинг нуфузли Чежу Ҳалла университети билан ҳамкорликда корейс тилини ўрганиш маркази ташкил этилади.
Андижон давлат чет тиллари институти томонидан хорижий олий ўқув юртлари билан ҳамкорликни йўлга қўйиш, илғор хорижий тажрибаларни таълим жараёнига татбиқ этишга қаратилган бир қатор ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, Кореянинг Чежу Ҳалла университети билан ҳамкорликда корейс тилини ўргатишга мўлжалланган “King Sejong Institute” ташкил этилмоқда.
Андижон давлат чет тиллари институти ректори Дилшодбек Рустамов ҳамда Жанубий Кореянинг Чежу Ҳалла университети президенти жаноб Сун Ҳун Ким, халқаро алоқалар бўйича проректор Шин Ву Кюн, Халқаро таълим бўлими бошлиғи Ҳён Жу Ли ва тил марказлари бўлими бошлиғи Хи На Ким иштирокидаги онлайн мулоқотда Андижонда “King Sejong Institute”ни ташкил этиш масаласи муҳокама қилинди.
Якунда Андижон давлат чет тиллари институти ҳамда Чежу Ҳалла университети ҳамкорлигида Андижонда “King Sejong Institute”ни ташкил этиш бўйича меморандум ва ҳамкорлик шартномаси имзоланди. Шартномага кўра, ўзаро академик алмашинув, илмий ва инновацион ҳамкорлик бўйича алоқаларни янада кучайтириш ҳамда жорий йилда Андижон давлат чет тиллари институтида корейс тили ўргатишга мўлжалланган марказ ташкил этилиши белгиланди.
Маълумот ўрнида айтиш мумкинки, Жанубий Кореянинг йирик шаҳарларидан бири Чежу шаҳрида 1969 йилда ташкил этилган Чежу Ҳалла университети Кореядаги энг нуфузли хусусий олий ўқув юртларидан бири ҳисобланади. Бу ерда асосан тиббиёт, тил ўргатиш ва бошқа қатор йўналишларда таълим берилади. Ҳозирда мазкур олий таълим даргоҳида олти минг нафардан зиёд талаба таҳсил олади.
Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ,
З. УМРЗОҚОВ (фото),
ЎзА