Бухорода Халқаро Зиёрат туризми ҳафталиги бошланди
Мамлакатимиз бўйлаб “Халқаро Зиёрат туризми ҳафталиги” ўтказилмоқда. Ҳафталик доирасида меҳмонлар кўҳна ва боқий Бухорога ташриф буюрди.
Ҳафталик Ўзбекистон Республикаси Туризм ва маданий мерос вазирлиги ташаббуси билан Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги, Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон Ислом цивилизацияси маркази, Ўзбекистон Мусулмонлари идораси, Бухоро вилояти ҳокимлиги ва бошқа идоралар ҳамкорлигида ташкил этилди. Тадбирда юртимиз ва хорижий давлатлардан туризм соҳаси ва диний ташкилотлар, нуфузли халқаро тузилмалар вакиллари қатнашмоқда.
Бухорода Халқаро туризм ҳафталиги доирасида қатор тадбирлар ўтказилади. Жумладан, бугун Баҳоуддин Нақшбанд мажмуасида “Ўзбекистон исломий мероси” конференцияси, “Ислом наққошлиги ва хаттотлик” кўргазмаси ташкил этилади.
Шунингдек, “Мир Араб битирувчилари” форуми, “Калон” мажмуасида меҳмонларнинг жамоавий фотосурати, “Нақшбанд” ҳунармандчилик марказида “Исломий рангтасвир” кўргазмаси ва маҳорат дарслари (ёғоч ўймакорлиги, каштачилик, сомон санъати, миниатюра) каби тадбирлар ўтказилади. Шунингдек, туризм ҳафталиги иштирокчилари Бухоронинг диққатга сазовор масканлари билан ҳам танишишади.
Маълумот учун, Туризм ва маданий мерос вазирлиги томонидан Ўзбекистонда зиёрат туризмини янада ривожлантириш йўлида қатор ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, Малайзия давлати билан самарали ҳамкорлик йўлга қўйилди ва икки давлат ўртасида зиёрат туризми салоҳиятини оширишга қаратилган тадбирларни ўтказишга, ўзаро сайёҳлар оқимини янада оширишга келишиб олинди. Масалан, 2023 йил баҳорида Бухорода “Нақшбандия” фестивали ўтказилади.
Зариф Комилов,
Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА