Самарқандда II Ўзбекистон иқтисодий форумига старт берилди
Халқаро даражадаги етакчи иқтисодчилар, нуфузли инвесторлар ва халқаро экспертларни жамлаган II Ўзбекистон иқтисодий форуми бошланди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг II Ўзбекистон халқаро иқтисодий форуми иштирокчиларига мурожаати эълон қилинди. Мурожаатни Президент матбуот котиби Шерзод Асадов ўқиб эшиттирди.
Форум Самарқандда икки кун, яъни 3-4 ноябрь кунлари бўлиб ўтади. Анжуман кун тартибидан Ўзбекистоннинг келгуси беш йиллик тараққиёт стратегияси, иқтисодий имкониятлари, дунё ҳамжамияти билан ҳамкорлиги ва ривожланиш тенденцияларини муҳокама қилиш ҳам ўрин олган.
Иқтисодий форумда ўзаро мулоқотни йўлга қўйиш, ишбилармон доиралар, хорижий корхоналар вакилларининг ҳамкорлигини ўрнатиш ҳамда инвесторларни жалб қилиш масалалари ҳам муҳокама қилинади.
Иқтисодий ўсишни таъминлашда хусусий секторнинг роли, ўзгарувчан муҳитда пул-кредит ва макропруденциал сиёсат ҳамда яшил иқтисодиётга ўтиш зарурати каби мавзулар форумнинг муҳокама марказида бўлади.
ЎзА