Туризм ривожи тараққиётнинг муҳим омили
“Халқаро Зиёрат туризми ҳафталиги” доирасида Баҳоуддин Нақшбанд мажмуасида ўтказилаётган “Ўзбекистон исломий мероси” конференцияси Қуръон тиловати билан бошланди.
Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зарипов ҳафталик иштирокчиларини табриклади. Давлат раҳбари ташаббуси билан вилоятда зиёрат туризмини ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берди.
Таькидлашича, ушбу заминдан етишиб чиққан буюк аллома ва мутафаккирлар, дунёвий ва диний илмларнинг улуғ намояндалари инсоният тарихида жуда катта из қолдирган. Хусусан, диёримизда яшаб ўтган аждодларимиз Исломни юксак илм, маданият ва цивилизация даражасига кўтарганини бутун жаҳон ва мусулмон олами эътироф этади. Зеро, Абу Ҳафс Кабир Бухорий, Абу Ҳафс Сағир Бухорий, Абу Бакр Калободий, Мустамлий Бухорий, Имом ал-Бухорий, Имом ат-Термизий, Бурҳониддин Марғиноний, Хожа Абдухолиқ Ғиждувоний, Хожа Баҳоуддин Нақшбанд ва бошқа юзлаб алломаларимиз тарғиб этган исломий қадриятлар маънавий ҳаётимиз ва динимиз кўзгуси ҳисобланади. Улуғ алломаларимизнинг маънавий хазинаси ҳозирда барчамиз учун ибрат бўлмоқда.
Ана шундай буюк алломалардан бири – Абу Ҳафс Кабир Бухорийнинг ислом оламида Бағдоддаги “Низомия” мадрасасидан икки юз йил олдин – 810 йилда Бухорода олий мадрасалар, яъни университетларга асос солгани, унинг залворли хизматлари туфайли Биринчи Ренессанс даврида Бухоро “Қуббатул Ислом”, яъни “Ислом динининг гумбази” деган шарафли унвонга сазовор бўлганлигини эътироф этиш мумкин. Шунингдек, унинг таниқли шогирди, буюк муҳаддис Имом ал-Бухорий ислом динида муҳим аҳамиятга эга ҳисобланган “Саҳиҳи Бухорий” китобининг муаллифи сифатида бутун дунёда тан олинган. Албатта, улуғ алломаларимизнинг бой меросини асраб-авайлаш, ўрганиш, ислом маърифати тўғрисидаги таълимотини кенг ёйиш ҳамда уни кейинги авлодларга етказиш шарафли ишдир. Шу мақсадда, сўнгги йилларда Президентимиз ташаббуси билан соҳада улкан янгиланишлар амалга оширилди.
Туризм – Ўзбекистон хусусан Бухоро вилояти иқтисодиётининг стратегик тармоғи саналади. Бунинг учун ҳукуматимиз томонидан туристларни жалб қилиш ва уларга қулай шароитлар яратиш учун муҳим ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Мамлакатда виза тизими либераллаштирилди. Аэропортларда яшил йўлаклар жорий қилинди. Меҳмонлар электрон рўйхатдан ўтказиладиган бўлди, туристларнинг эркин ҳаракатланиши учун имкониятлар яратилди. Туристик корхоналар учун солиқ имтиёзи ва преференциялар тақдим қилинди. Мамлакатда туризм пандемиядан кейин қайта тикланди. Жорий йилнинг 1 октябрига қадар 2,2 миллион нафар сайёҳ юртимизда меҳмон бўлди. Бу кўрсаткич 2021 йилнинг мос даврига нисбатан 3 бараварга кўпайди. Қувонарлиси мамлакатга ташриф буюраётганларнинг 80 фоизи мусулмон сайёҳлари ҳисобланади. Аҳолимизнинг катта қисми ҳам саёҳатини зиёрат қилишдан бошлайди.
Бухоро шаҳрида 2019 йилнинг 21-23 февраль кунлари “Халқаро зиёрат туризми форуми” ташкил қилинди. Форум ислом олами ҳамда бир қатор халқаро ташкилотлар, хусусан, UNWTO ва ISESCO ва халқаро экспертлар томонидан юқори даражада баҳоланди. Бухоро декларацияси қабул қилинди. Туризм хизматлари ва мусулмон меҳмондўстлиги талаблари бўйича стандартлар ишлаб чиқилди. Халқаро аэропортлар, темир йўл вокзаллари ва меҳмонхоналарда намозхоналар ташкил этилди. Зиёрат туризми сайёҳлари учун умумий овқатланиш масканлари, ресторанлар ва жойлаштириш воситаларига “Ҳалол” стандарти жорий қилинмоқда. Инфратузилмани зиёрат туризмига мослаштириш юзасидан бошлаган ишлар натижасида Ўзбекистон GMTI (Global Muslim Tourism Index) ҳисоботида 2017 йилдаги 32 ўриндан 2022 йилда 9 ўринга кўтарилди. Кўҳна ва боқий Бухоро 2020 йил “Ислом маданияти пойтахти” деб эълон қилинди.
Маълумки, ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган Бухоро шаҳрининг тарихий маркази ва унинг ҳудудидаги 280 та маданий мерос объектлари давлат муҳофазасига олинган. Ислом Ҳамкорлик Ташкилотининг таълим, фан ва маданият ташкилоти (АЙСЕСКО)нинг Ислом Олами Мероси рўйхатига Бухородаги Чор Бакр, Баҳоуддин Нақшбанд мажмуалари киритилди.
– Зиёрат туризми учун тарихий-маданий объектлар, зиёратгоҳларнинг ўзи етарли эмас, – деди Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зарипов. – Бунинг учун ўзаро ҳамкорлик, тажриба алмашиш, тарғибот ишларини йўлга қўйиш, зиёратчиларга қулай шароитлар яратилиши муҳим саналади. Яна бир туризм соҳасини ривожланишига бевосита таъсир кўрсатаётган йўналиш бу транспорт логистикасини кенгайтириш ҳисобланади. Бугун биргаликда қулай ва мақбул авиа парвозларни йўлга қўйиш ва уларнинг сонини ошириш бўйича ечим топсак, ўзаро туристлар оқимининг янада ортишига ҳисса қўшилади. Ушбу Халқаро ҳафталик барчамиз учун доимий мулоқот майдонига айланади.
Конференцияда юртимиз меҳмонларига вилоятнинг гўзал масканлари, тарихий масканларга саёҳат қилиб, оқ кўнгил халқимизнинг меҳмондўстлигидан баҳраманд бўлиш таклиф қилинди.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА