Марказий Осиё — ислом санъати ўчоғи
Юртимизда ўтказилаётган “Халқаро зиёрат туризми ҳафталиги” доирасида Самарқанддаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида “Марказий Осиё – ислом санъати ўчоғи” халқаро форуми бўлиб ўтмоқда.
Форумда дастлаб Қуръони каримнинг Ўзбекистон фондларида сақланаётган қадимий нусхалари кўргазмаси ўтказилиб, Ўзбекистон маданий меросини сақлаш, ўрганиш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти томонидан тайёрланган “Катта Лангар Қуръони: кеча ва бугун” лойиҳаси тақдимоти ўтказилди.
– Ўзбекистон маданий меросини сақлаш, ўрганиш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти томонидан нодир қўлёзма манбаларни тадқиқ этиш борасида қатор изланишлар олиб борилмоқда, – дейди жамият аъзоси Рустам Жабборов. – Форумда “Катта Лангар Қуръони: кеча ва бугун” лойиҳаси билан қатнашмоқдамиз. Бу қўлёзмалар энг қадимий қўлёзма манбалардан бири сифатида эътироф этилмоқда. Бугунги кунда бу манбалар тўғрисида олимлар, уламолар турлича фикр-мулоҳазалар билдирмоқда. Ҳеч кимга сир эмас, юртимиз илм-маърифат, дин ривожига улкан ҳисса қўшган маънавият ўчоғи бўлган. Бизнинг мақсадимиз аждодларимиз яратган зиё масканини қайта тиклаш ва бундан дунё аҳлини баҳраманд қилишдир.
Кўргазмада Қуръони каримнинг Ўзбекистонда сақланаётган 50 га яқин қадимий нусхалари, ИРСИКА ташкилоти томонидан ҳар йили Туркияда ўтказиладиган хаттотлар мусобақаси ғолибларининг 40 дан зиёд ишлари ҳамда юртимиздаги тарихий обидалар пештоқларидаги битиклар мазмунига оид Ўзбекистон маданий меросини сақлаш, ўрганиш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти томонидан тайёрланган 10 дан ортиқ тўплам намойиш этилди. Жумладан, Тошкентда сақланаётган Ҳазрати Усмон Мусҳафининг терига кўчирилган нусхаси, Катта Лангар Қуръонининг кўчирилган ва факсимиле нусхалари кўргазмадан жой олди.
Форум доирасида марказда “Қадимий ёзма манбаларни сақлаш ва тадқиқ этиш тизимини такомиллаштириш масалалари” мавзусида халқаро конференция иш бошлади. Унда маҳаллий ва хорижий ташкилотлар, университетлар, илмий-тадқиқот марказлари илмий ходимлари иштирок этмоқда.
Конференциянинг очилишида онлайн иштирок этган Ўзбекистон Республикаси Президентининг жамоат ва диний ташкилотлар билан ҳамкорлик масалалари бўйича маслаҳатчиси Музаффар Комилов иштирокчиларни табриклаб, давлатимиз раҳбари томонидан моддий ва маънавий меросимизни тадқиқ этиш, уларни қайта тиклаш, бардавомлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади. Халқаро зиёрат туризми ҳафталиги доирасида ўтказилаётган илмий конференциялар, қатор тадбирлардан кўзланган мақсад ҳам ушбу йўналишдаги ишларнинг самарадорлигини оширишга қаратилганлигини қайд этди.
Конференцияда иштирок этган Ислом тарихи, санъати ва маданиятини тадқиқ этиш маркази (IRCICA) Бош директори Маҳмуд Эрол Қилич юртимизнинг бой маданий меросининг қиёси йўқлигини таъкидлаб, дунё илм-маърифатининг ўчоғи бўлган бу муборак замин буюк алломаларни етиштириб дунёнинг турли бурчакларига зиё таратиш учун тарқатганлигини эътироф этди ва конференция ишига муваффақият тилади. Имом Бухорий илмий тадқиқот марказига юртимиз тарихига оид китоблар жамланмасини туҳфа этди.
Конференция “Қадимий ёзма манбаларни сақлаш ва тадқиқ этиш тизимини такомиллаштиришда Ўзбекистон ва хориж тажрибаси” ҳамда “Нодир манбаларни консервация ва реставрация қилиш, реестр тузиш ва рақамлаштириш масалалари” шўъбаларга бўлинган ҳолда ўтказилмоқда.
Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат), ЎзА