Сирдарё – Корея: ҳамкорлик кўлами кенгаймоқда
Давлатимиз раҳбари таклиф ва ташаббуси билан Сирдарёда ўтказилаётган халқаро бизнес-форумлар вилоят инвестиция салоҳиятини юксалтириш, ҳудудда хорижий сармоядорлар иштирокидаги корхоналарнинг кўпайишига хизмат қилмоқда.
Вилоятга тўғридан-тўғри инвестиция жалб қилиш борасидаги ишларни янада жадаллаштириш мақсадида Сирдарё вилояти ҳокими Ғофуржон Мирзаев бошчилигидаги делегация айни кунларда хизмат сафари билан Жанубий Кореяда бўлиб турибти.
Сафарнинг биринчи кунида вилоят делегацияси бир қатор самарали учрашувлар ўтказди. Жумладан, Корея – Ўзбекистон Бизнес ассоциацияси директорлар кенгаши раиси Ким Чанг Кеон иштирокидаги учрашув ташриф дастурининг дастлабкиси бўлди. Дўстона мулоқот давомида томонлар ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг истиқболли лойиҳалари ва дастурларини тайёрлаш ҳамда тарғиб қилишга интилаётгани таъкидланди.
Ҳамкорликнинг устувор йўналишлари сифатида қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, саноат ишлаб чиқариш лойиҳаларини амалга ошириш, таълим, фавқулодда вазиятлар билан курашиш, вилоятда Корея стандартларидаги шаҳарсозлик нормаларини жорий этиш белгилаб олинди. Ташриф дастури доирасида вилоят делегациясининг TDC Co., Ltd. компанияси президенти Чои Ин Чанг билан учрашуви бўлиб ўтди. Чои Ин Чанг жорий йилнинг июль ойида Сирдарёга сафари таассуротлари ҳақида гапирар экан, вилоят ҳудудида Жанубий Корея стандартидаги турар-жой комплексини қуриш истаги пайдо бўлганлигини билдирди.
Қайд этилишича Гулистон шаҳрида 20-30 гектар майдонда қурилиши режалаштирилган мазкур “Smart City” (Ақлли шаҳар) мактабгача таълим, тиббиёт муассасаси, савдо-кўнгилочар ва спорт мажмуаларини ўз ичига олади. Лойиҳани амалиётга жорий қилиш мақсадида Кореянинг етакчи компаниялари иштирокида консорциум шакллантирилади ҳамда шаҳарсозлик йўналишидаги мутахассисларнинг Сирдарёга ташрифи ташкил этилади. Бундан ташқари, делегация аъзолари EduLink Global Co., Ltd. компанияси президенти Хан Чунг Рим билан ҳам учрашди. Унда вилоят аҳолисининг жадал суратларда ўсиб бораётганлиги, шунингдек, бугунги кунда боғча ёшидаги болаларнинг мактабгача таълим ташкилотларига қамрови 77,2 фоизни ташкил этиши нуқтаи назаридан туман ва шаҳарларда замонавий мактабгача таълим муассасаларини қуриш бўйича ўзаро ҳамкорлик қилишга келишилди.
Корея ёнғин саноати уюшмаси раиси Пак Чонг Вон билан учрашувда вилоятда ёнғин хавфсизлиги соҳасини янада такомиллаштириш, кадрлар малакасини ошириш ва моддий-техник базани мустаҳкамлаш масалалари муҳокама этилди. Пак Чонг Вон Корея томони 2023 йилнинг биринчи чорагида кўп қаватли иншоотларда ёнғинга қарши курашишга мўлжалланган замонавий авто-техника ва 2 дона махсус реанимобил воситасини вилоятга беғараз юборишни режалаштираётганини таъкидлади. Кун якунида Инчхон эркин иқтисодий зонаси фаолияти билан танишиш асносида делегация аъзолари ЭИЗ комиссари Ким Жин Ёнг билан учрашди.
Вилоятдаги эркин иқтисодий, шунингдек, кичик ва ёшлар саноат зоналари бошқарувига Корея тажрибасини жорий этиш, хорижий компанияларни жалб қилиш услубларини амалда қўллаш борасида фикр алмашилди. Ушбу йўналишдаги мутахассисларни Инчхон ЭИЗда малакасини ошириш учун қисқа муддатли ўқув курсларини ташкил этишга келишилди. Барча учрашувлар якуни бўйича ўзаро англашув меморандумлари имзоланди.
Вилоят делегациясининг ташрифи давом этмоқда.
Шуҳрат Суяров,
ЎзА