Турк дунёсининг муштарак мақсадлар йўлидаги ҳамкорлиги мустаҳкамланмоқда
Ўзбекистоннинг туркий дунёдаги аҳамияти алоҳида экани ва Марказий Осиёдаги асосий давлатлардан бири бўлгани сабабли минтақадаги бирор-бир масала унинг иштирокисиз ҳал этилмаслигини таъкидлаш ўринли.
Туркий давлатлар ташкилотининг биринчи саммити 11 ноябрь куни Самарқандда бўлиб ўтади. Ўтган йили Туркиянинг Истанбул шаҳрида бўлиб ўтган саммитда Туркий кенгаш номини Туркий давлатлар ташкилоти деб ўзгартириш тўғрисида қарор қабул қилинган эди. Ташкилотга Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркия ва Ўзбекистон аъзо. Венгрия ва Туркманистон кузатувчи мақомига эга.
Аҳоли салмоғи бўйича Марказий Осиёнинг энг йирик мамлакати – Ўзбекистон дастлаб Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашига 2019 йили аъзо бўлган. Ҳозирги кунда Ўзбекистон ташқи сиёсатида нафақат очиқлик, балки кўп томонлама ҳамкорлик тамойили ҳам устувор ҳисобланади. Буни аввало, минтақа ва минтақалараро интеграциявий жараёнлардаги мамлакатимиз иштироки нақадар фаоллашганида кўришимиз мумкин.
ТУРК ДУНЁСИ ҲАМКОРЛИГИ ТУЗИЛМАЛАРИ МУСТАҲКАМЛАНМОҚДА
1996 йили Тошкентда бўлган олий даражадаги анжуманда Туркий тилли Саммитнинг котибиятини тузишга қарор қилинган эди ва унинг қароргоҳи Истанбулда жойлашган. Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши шафелигида 1993 йил 12 июлдан буён Турк маданияти халқаро ташкилоти (ТЮРКСОЙ) фаолият кўрсатмоқда. 2008 йил 21 ноябрда Туркий тилли давлатлар парламент Ассамблеяси ташкил этилган ва унинг қароргоҳи Боку шаҳрида жойлашган.
2010 йил 25 майда турк дунёсини тадқиқ этиш, тил ва адабиётини кенг ўрганиш, илмий ва таълим фаолиятини чуқурлаштириш бўйича халқаро илмий марказ, яъни Халқаро турк академияси Остонада иш бошлади.
Академия қошида 5 та илмий муассаса – Тарих ва этнология маркази, Тил, адабиёт ва атамашунослик маркази, Санъат ва маданият маркази, Ижтимоий-иқтисодий тадқиқотлар маркази, Халқаро тадқиқотлар маркази, Турк маданияти ва мероси жамғармаси фаолият олиб бормоқда.
Шу билан бирга, бизнес доиралар ва тадбиркорлар ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга имкон берувчи Ишбилармонлар кенгаши ёрдамчи органи ҳам ташкил этилган.
ЎЗБEК МАҲСУЛОТЛАРИГА УЛКАН ИҚТИСОДИЙ МАКОН
Сўнгги йилларда Ўзбекистон ижтимоий-иқтисодий ўсиш динамикасини намоён этиб келаётгани ва бу борада ҳали ишга солинмаган талайгина салоҳият борлигига қарамай, жаҳон сиёсий саҳнида унинг якка ҳолда ривожланиши мушкул. Марказий Осиё юрагида жойлашган Ўзбекистон минтақадаги барча қўшни мамлакатлар билан яқин алоқаларни ўрнатиб, уларни қўллаб-қувватлаб келяпти. Ўзбекистоннинг Туркий давлатлар ташкилоти ва унинг фаолиятига турли миқёсда ижобий таъсир кўрсатиши ва уни фаоллаштириши айни ҳақиқат.
Бундан ташқари, Туркий давлатлар ташкилоти мамлакатлар ўртасидаги транзит-транспорт коммуникациялари ривожида ҳам муҳим роль ўйнади. Масалан, 2019 йил июль ойида Қозоғистон ва Ўзбекистон ҳукуматлари раҳбарлари иштирокида халқаро аҳамиятга эга бўлган «Бейнеу – Ақжигит – Ўзбекистон чегараси» автомобиль йўли очилди. Бу ўзбек маҳсулотларининг Озарбайжон ва Туркия бозорларига чиқиши учун янада қисқа йўл бўлди. Туркия ва Ўзбекистон истеъмол бозорлари Ташкилотга аъзо мамлакатлар орасида энг йириги ҳисобланади. Шундай экан, оптимал транспорт йўналишларини очиш эса ташкилотнинг барча аъзолари учун муҳим йўналиш саналади.
Евросиёнинг қоқ марказида жойлашган, салкам 5 миллион квадрат километрлик жуғрофик майдонни ташкил этувчи Туркий давлатлар ташкилотининг асосий мақсади аъзо давлатларнинг кўплаб соҳаларда, шу жумладан, ташқи сиёсат, иқтисодиёт, транспорт, божхона, туризм, таълим, оммавий ахборот воситалари, ёшлар ва спорт соҳаларида ҳамкорликни ривожлантириш ҳамда минтақада тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлашдан иборат, деб шарҳлаш мумкин. Ўзбекистон Туркий давлатлар ташкилотининг 2021 йил Истанбулдаги саммитда аъзоликка кириши минтақавий ва глобал тинчлик, барқарорлик ва фаровонликка ҳисса қўшиш учун ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ мавқега эришишига кенг имкониятлар очди.
ЎЗБEКИСТОН ТАШАББУСЛАРИ
Ўзбекистон тузилмага асос солинган даврда унинг нафақат фаоиштирокчиси, балки ташаббускорларидан бири ҳам бўлган эди. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг қўшни, қардош давлатлар ва қатор минтақавий ташкилотлар билан очиқ ва конструктив ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлашга қаратилган оқилона ташқи сиёсати Туркий кенгаш доирасидаги алоқаларнинг ҳам ўрнатилишида ҳал қилувчи роль ўйнади.
2018 йил 3 сентябрда давлатимиз раҳбарининг Чўлпон-ота шаҳрида ўтказилган саммитда фахрий меҳмон сифатида иштироки, бу борадаги тарихий қадам бўлди. 2019 йил 14 сентябрда Ўзбекистон Нахичеван битимини ратификация қилиб, ўша йили октябрда тузилмага расмий қўшилди.
Ўзбекистон раҳбарининг ташкилот доирасидаги саммитларда ҳар сафар иқтисодий, сармоявий, савдо-сотиқ, транспорт-коммуникация ва логистика тизимларини ривожлантириш, инновациялар, ёшларни қўллаб-қувватлаш соҳаларига оид, соғлиқни сақлаш тизимини такомиллаштириш, саноат кооперациясини ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, зиёрат туризми бўйича қатор ташаббусларни фаол илгари суриб, мамлакатимизнинг иқтисодий тараққиёти ва халқларимизнинг азалий ҳамкорлик манфаатларига хизмат қилиши шубҳасиз. Зеро, айнан ушбу устувор йўналишларнинг жадал тараққий этиши халқларимиз умумий фаровонлигига ва аҳоли турмуш даражасининг юксалишига хизмат қилади.
Туркий давлатлар ташкилотининг Самарқанд саммити давомида ҳамкорлик самарадорлигини ошириш ва қатор устувор йўналишлар бўйича кўп томонлама шерикликни мустаҳкамлашга қаратилган қатор ҳужжатлар қабул қилиниши, савдо, иқтисодиёт, рақамли технологиялар, транспорт ва коммуникациялар, маданий-гуманитар алмашинув борасидаги алоқаларни янада кенгайтириш мақсадида жонли учрашув ҳамда мулоқотлар ташкил этилиши кутилмоқда.
Омонулла МУҲАММАДЖОНОВ,
Тошкент давлат юридик университети профессори