Англашув Меморандумлари ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлайди
Бухорода Халқаро Зиёрат туризми ҳафталиги доирасида ўтказилган “Ўзбекистон исломий мероси” конференциясида Бухоро вилояти ҳокимлиги ҳамда Исломий туризм маркази (ITC), Малайзия туризм, санъат ва маданият вазирлиги, Жаҳон Сўфий маркази (WSC), Бирлашган Араб Амирликлари Халқаро маданий дипломатия институти Кузатув Кенгаши, шунингдек, БАА лик ёзувчи Носир Ал-Даҳери ўртасида ўзаро стратегик ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлашга доир Англашув Меморандумлари имзоланди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 30 апрелдаги “Ички туризм хизматларини диверсификация қилишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ ўтказилаётган мазкур тадбир юртимиз сайёҳлик салоҳиятини ошириш, зиёрат туризми имкониятларидан оқилона фойдаланишга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Тадбир доирасида хорижий меҳмонлар, диншунос олим ва тадқиқотчилар Ўзбекистон Мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон Ишматбеков, Бухоро вилояти бош имом-хатиби Жобир Бухорий, Баҳоуддин Нақшбанд жомеъ масжиди имом-хатиби Абдуғофур Бухорий ҳамда Мир Араб ўрта махсус ислом билим юрти мудири Жалолиддин Сабуровлар биргаликда Баҳоуддин Нақшбанд мақбарасини зиёрат қилишди. Ўтганлар ҳақига Қуръон тиловат қилинди. Аллоҳ таолодан халқимизнинг тинчлиги ва фаровонлигини тилаб дуолар қилинди.
Зариф Комилов,
Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА