Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси амалда
Президентимизнинг 2022 йил 28 январдаги «2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси тўғрисида» фармони, «Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили»да Бухоро вилоятида кўплаб тадбирлар амалга оширилди. Ҳаракатлар стратегияси доирасида вилоятда аҳолининг ижтимоий-иқтисодий аҳволини яхшилаш, турмуш фаровонлигини ошириш борасида энг муҳим ислоҳотлар қамраб олинди.
– Бунинг натижасида халқ билан мулоқот қилиш, унинг муаммоларига ечим топиш борасида «маҳаллабай» ишлаш тизими йўлга қўйилганлиги ўз самарасини бермоқда, – дейди вилоят ҳокимлиги ахборот таҳлил гуруҳи раҳбари Ўткир Ҳамроев. – Лекин жорий йил якунига қадар ҳокимлик олдида турган ишлар, вазифалар ҳам жуда кўплиги аён бўлмоқда. Жорий йил биринчи ярим йиллиги якунларига кўра, вилоятда ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми 19,5 триллион сўмни, ўсиш суръати эса 104,1 фоизни ташкил этди. Бунда қишлоқ хўжалиги улуши 37,3 фоизни, саноат (қурилиш қўшилган ҳолда) 28,8 фоизни, хизмат кўрсатиш эса 33,9 фоизни ташкил этмоқда.
Жорий йил якунигача ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажмини 42,3 триллион сўмга, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан ўсиш суръатини 106,7 фоизга етказиш мақсад қилинган. Бунда саноат маҳсулотлари 22,3 триллион сўмни (105,0 фоиз), хизматлар ҳажми 19,1 триллион сўмни, қурилиш пудрат ишлари 9,3 триллион сўмни, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ҳажми 30,1 триллион сўмни ташкил этиши режалаштирилган.
2022 йилнинг ярим йиллигида бюджет даромадларига белгиланган 1355,6 миллиард сўмлик прогноз 1511,0 миллиард сўмга бажарилди. Мазкур маблағлар биринчи навбатда вилоят аҳолиси, ижтимоий соҳа муассасаларда қулай шароитлар яратиш ҳамда ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларни қўллаб-қувватлашга йўналтирилди. Жумладан, таълим ташкилотларига 22,9 миллиард сўм, соғлиқни сақлаш тизимига 26,0 миллиард сўм, аҳолини ичимлик суви билан таъминлаш ҳамда оқава тизимини яхшилаш учун 6,1 миллиард сўм, йўл инфратузилмасини яхшилаш учун 13,2 миллиард сўм, ҳудудларни ободонлаштириш учун 15 миллиард сўм маблағ сарфланди.
Шу билан бирга, «Аёллар дафтари» ва «Ёшлар дафтари» жамғармаларига 60,2 миллиард сўм, «Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» жамғармаларига 39,7 миллиард сўм, ҳарбий-маъмурий сектор жамғармасига 10,7 миллиард сўм маблағлар ажратилди. «Фуқаролар ташаббуси» жамғармаси учун 67,9 миллиард сўм шакллантирилди.
Ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламини қўллаб-қувватлаш, улар турмуш даражасини яхшилаш, халқни рози қилиш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Йил аввалида вилоятда 45 939 та эҳтиёжманд оиладаги 177 минг 169 нафар фуқаро «Темир дафтар»ларга киритилган бўлиб, уларнинг 50 минг 832 таси меҳнатга лаёқатли ишсизлар ҳисобланар эди. Олиб борилган ишлар натижасида ҳудудлардаги эҳтиёжманд оилаларнинг 50 251 нафари (98,9 фоиз) бандлиги таъминланди. Шу билан бирга, давлатимиз раҳбари ва ҳукуматнинг турли фармон ва қарорлари асосида ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар ва уларнинг аъзоларига 46,7 миллиард сўмдан ортиқ моддий ёрдам кўрсатилди. Бунинг натижасида 42 958 та эҳтиёжманд оиланинг 166 740 нафар аъзоси Халқ депутатлари маҳаллий кенгашлари қарорлари асосида камбағаллик рўйхатидан чиқарилди. Ҳозирги кунда «Темир дафтар»нинг янгиланган рўйхатига кўра
2 981 та оиланинг 10 429 нафар камбағал оила аъзолари мавжуд.
2022 йилнинг январь-июнь ойларида жами 329 569 нафар фуқаронинг бандлиги таъминланди. 7 987 нафар ишсиз фуқаролар меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касб-ҳунар ва тадбиркорлик йўналишларида ўқитилди. Вилоятда ишсизлик даражасининг олдини олиш ҳамда аҳоли бандлигига кўмаклашиш ва уларни ижтимоий ҳимояга олиш мақсадида 2022 йилнинг 1 июль ҳолатида меҳнат органлари томонидан 4,9 минг нафардан ортиқ фуқароларга Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармасининг 6,9 миллиард сўмлик субсидияси ажратилди. Жорий йилнинг якунига қадар жами 405 467 нафар фуқаронинг бандлиги таъминланади.
Бугун ҳудудлар ободлиги, аҳоли фаровонлигини янада юксалтиришда «Маҳаллабай» ишлаш тизими муҳим аҳамият касб этмоқда. Жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида маҳаллаларга бириктирилган ҳоким ёрдамчилари томонидан вилоятдаги мавжуд 404,3 мингта аҳоли хонадонлари тўлиқ хатловдан ўтказилди. Ушбу хонадонлар 4 та тоифага ажратилган ҳолда “Online mahalla” платформасига киритилди. Шунингдек, ярим йиллик якуни билан жами 6301 та бўш турган ва қурилиши тугалланмаган бино ва иншоотлар аниқланган. Шу билан бир қаторда ҳоким ёрдамчилари томонидан ўз маҳалласида аниқлаган бўш ер, бўш турган ва қурилиши тугалланмаган бинолар негизида умумий қиймати 3 триллион 597,8 миллиард сўмлик (шундан 1 триллион 772 миллиард сўмлик банк кредити) жами 6092 та кичик ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш ва қишлоқ хўжалиги йўналишларида лойиҳалар шакллантирилиб, бунинг ҳисобида 30242 та янги иш ўрни яратилган.
Бугунги кунга қадар тижорат банклари томонидан ушбу шакллантирилган лойиҳаларнинг 4299 тасига 1 триллион 73 миллиард сўм кредит маблағи ажратилди. 3352 та лойиҳалар ишга туширилиши ҳисобига 17973 та янги иш ўрни ташкил этилди.
Вилоятдаги тадбиркорлик субъектларининг олдида турган мавжуд муаммоларни ўрганиш ва уларнинг ечимини топиш мақсадида вилоятда фаолият олиб бораётган 730 нафар тадбиркорлик субъектларининг жами 968 та муаммоли масалалари аниқланди. Жорий йилнинг ўтган 6 ойи давомида барча молиялаш манбалари ҳисобидан жами 56,2 мингдан ортиқ аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига 3,6 триллион сўм кредитлар ажратилди. Хусусан, вилоятда кичик бизнес ва тадбиркорлик субъектларини молиявий қўллаб-қувватлаш мақсадида 2,4 мингдан ортиқ тадбиркорлик субъектларига 1,62 триллион сўм кредитлар йўналтирилди.
Жорий йил якунига қадар барча молиялаш манбалари ҳисобидан 7,5 триллион сўм шундан, кичик бизнес ва тадбиркорлик субъектларини молиявий қўллаб-қувватлаш мақсадида 3,7 триллион сўм миқдорида кредит ажратилиши режалаштирилган.
Жумладан, 2022 йил давомида Бухоро вилоятида оилавий тадбиркорлик дастурлари доирасида 915 миллиард сўм имтиёзли кредит ажратилиши белгиланган. 1 июль ҳолатида 18 743 та фуқаро ва тадбиркорлик субъектларига 402,8 миллиард сўм (18630 нафар жисмоний шахсларга 380,8 миллиард.сўм, 113 нафар юридик шахсларга 22,0 миллиард.сўм) имтиёзли кредитлар ажратилди ҳамда 18 954 та фуқаролар бандлиги таъминланди.
Маҳалла ва аҳоли хонадонларида кооперацияни ривожлантириш ҳамда Президентимизнинг қарори ижросини таъминлаш мақсадида маҳаллаларга бириктирилган 20 та «етакчи» тадбиркорларга 32,2 миллиард сўм миқдорида кредит маблағи ажратилди.
Бухоро вилоятини ривожлантириш ҳудудий дастурига мувофиқ жорий йилнинг биринчи йиллигида қиймати 1 триллион сўм бўлган 144 та лойиҳани ишга тушириш, 1229 та янги иш ўрни яратиш белгиланган. Амалда қиймати 2,8 триллион сўм бўлган 196 та лойиҳалар ишга туширилди. 2921 та янги иш ўрни ташкил этилди.
Ўзбекистон Республикасининг 2022-2026 йилларга мўлжалланган давлат Инвестиция дастурига мувофиқ, жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида 104,1 миллион долларлик тўғридан-тўғри хорижий инвестиция ва кредитлар ўзлаштирилиши режаси 160,1 миллион долларга бажарилди. Шаҳар ва туманлар ҳокимликлари масъул бўлган қиймати 186,8 миллион долларга тенг бўлган 15 та йирик инвестиция лойиҳалари фойдаланишга топширилди. 2022 йил биринчи ярим йилликда вилоят бўйича жами ҳудудий экспорт ҳажми 120 миллион долларни ташкил этиб, белгиланган 104,5 миллион долларлик прогноз ижроси 114,9 фоизга бажарилди.
Халқимизда бунёдкорлик, яратувчанлик энг эзгу фазилатлардан бири ҳисобланади. Жорий йилда ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш бўйича Бухоро вилоятида 147 та объектларда янгидан қурилиш, реконструкция қилиш ва мукаммал таъмирлаш ишлари амалга оширилади. Мазкур объектларнинг 59 таси йилдан-йилга ўтувчи, 88 таси янгидан бошланувчи лойиҳаларни ташкил этиб, йилдан-йилга ўтувчи объектлар бўйича молиялаштириш очилди. Жорий йилнинг 9 ойи якунига қадар жами 37 та (22 та мактаб,
3 та соғлиқни сақлаш ва 12 та мактабгача таълим ташкилотлари) объектларда қурилиш-таъмирлаш ишлари якунланиб, фойдаланишга топширилди.
Агар инсон ўз уйига эга бўлса, ҳаётда катта мақсадлар билан яшайди, оиласида тинчлик, ишида унумдорлик бўлади. Ватанли бўлиш бахти эса инсонга ўзгача руҳият бахш этади. Мазкур мақсадда вилоят тижорат банклари томонидан 1 803 нафар фуқароларга уй-жой сотиб олишлари учун 256,8 миллиард сўмлик (шундан субсидия асосида 547 та 104,8 миллиард сўм) ипотека кредитлари ажратилди. Шунингдек, якка тартибдаги уй-жойлар қурилишига 256 нафар фуқароларга 45,4 миллиард сўмлик кредитлар ажратилган.
Бухоро вилояти бўйича 2022 йилда 12 та массивларда 39 та кўп қаватли 1258 та квартира қурилади. Жумладан, Бухоро шаҳрида 168 та, Когон шаҳрида 84 та, Олот туманида 40 та, Қоракўл туманида 396 та, Жондор туманида 60 та, Когон туманида 30 та, Ромитан ва Вобкент туманларида 100 тадан, Пешку туманида 90 та, Бухоро туманида 80 та ва Шофиркон туманида 110 та хонадонлар қуриб, фойдаланишга топширилади.
Ҳозирда вилоят бўйича жами 39 та уй-жойлар бўйича лойиҳа-смета ҳужжатлари ишлаб чиқилган, 22 та уй-жойлар бўйича экспертиза хулосалари олинган ҳамда 8 та уй-жой бўйича қурилиш соҳасида назорат инспекцияси томонидан рўйхатдан ўтиб, қурилиш ишлари бошланган.
Президентимизнинг 2021 йил 9 декабрдаги «Янги Ўзбекистон» массивларини қуриш ва ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига асосан Қоракўл тумани «Дўрмон» массивида 12 та ва Ғиждувон тумани «Барака» МФЙда 24 та 5 қаватли уй-жой қурилмоқда.
Шаҳарлар ва туманлардаги автомобиль йўллари ҳолатини яхшилаш мақсадида тегишли йўл хариталар тасдиқланиб, жами 790 километр тупроқ йўлларни шағаллаштириш белгилаб олинди. Вилоят ҳокимининг фармойиши асосида вилоят маҳаллий бюджетидан ёқилғи маҳсулотларни харид қилиш учун зарур бўлган маблағлар ажратилди.
Шағаллаштириш ишлари 290 та маҳалла фуқароларида олиб борилиб, 525 километрга яқин тупроқ йўллар шағаллаштирилди. Бу борадаги ишлар тизимли давом этмоқда. Шунингдек, Президентимиз қарорига асосан Бухоро вилояти ички хўжалик автомобиль йўлларида 15 километр цемент-бетон қопламали йўллар қурилди, 16,2 километр асфальтлаштириш ишлари, 40,8 километр шағаллаштириш ишлари амалга оширилди. Умумфойдаланувдаги автомобиль йўлларини мукаммал таъмирлаш дастури асосида 8 километр автомобиль йўллари ҳамда 4 дона кўприк капитал таъмирланиб фойдаланишга топширилиши режалаштирилган.
Жорий йил якунига қадар вилоят ҳудудидаги 480 километр ички йўллар дастурлар асосида таъмирланади, жумладан 170 километр цемент-бетон қопламали йўллар қурилади. 70 километр йўллар асфальтлаштирилади. 240 километр йўлларда шағаллаштириш ишлари амалга оширилади.
Шунингдек, белгиланган дастурлардан ташқари, вилоят ҳокимининг фармойиши асосида вилоят маҳаллий бюджетидан ёқилғи маҳсулотларни харид қилиш учун зарур бўлган маблағлар ажратилиши ҳисобига 790 километр тупроқ йўллар шағаллаштирилади.
Умумфойдаланувдаги автомобиль йўлларини мукаммал таъмирлаш дастури асосида 20 километр йўллар ҳамда 4 дона кўприклар капитал таъмирлаб фойдаланишга топширилади. Шунингдек, табиий офат оқибатларини бартараф этиш маблағлари ҳисобидан 3 дона кўприкда қайта тиклаш ишлари амалга оширилади.
Ҳозирги замонда электр энергиясиз кундалик турмушимизни, юртимиз иқтисодий ривожланишини тасаввур қилиш қийин. Негаки бугун кундалик ҳаётимиздаги ҳар бир маиший жиҳоз ёки иш қуролларининг аксарияти электр энергиясидан қувват олади. Шу боис ҳам, бугун аҳолини сифатли ва узлуксиз электр энергияси билан таъминлаш устувор вазифалардан бири ҳисобланади. Мазкур мақсадда ўтган 6 ой мобайнида 1631,6 километр электр тармоқлари ва 469 та трансформаторлар мукаммал таъмирланди.Йил якуни билан 2701,4 километр узунликда 0,4-110 кВ электр узатиш тармоқлари, 777 дона трансформатор пунктларини мукаммал таъмирлаш режалаштирилган.
Аҳолини табиий ва суюлтирилган газ билан таъминлаш бугунги куннинг энг долзарб, шу билан бирга, оғриқли масаласи эканлигини ҳаммамиз яхши тушунамиз. Вилоятдаги табиий газ истеъмолчиларини белгиланган тартибда табиий газ билан таъминлаш мақсадида 2022 йилнинг ўтган олти ойи давомида истеъмолчиларга жами 731,987 миллион метр куб табиий газ етказиб берилди.
Шунингдек, вилоятда ташкил этилган кичик саноат зоналарини табиий газ билан таъминлаш мақсадида 5 та саноат зоналари учун 4 километр газ қувурлари қурилди.2022 йил якунига қадар вилоятдаги табиий газ истеъмолчиларини белгиланган тартибда табиий газ билан таъминлаш мақсадида 537,842 миллион метр куб табиий газ ҳажмлари етказиб берилиши режалаштирилган. Йил якунига қадар 6400 тонна суюлтирилган газ етказиб берилади ва аҳоли эҳтиёжидан келиб чиққан ҳолда қўшимча маиший газ баллонлари аҳолига шартнома асосида тарқатилади.
Вилоятда ўтган 6 ой давомида 120 километрдан ортиқ сув тармоқлари ҳамда 28 километрга яқин оқава тармоқлари қурилди. Шу билан бирга, 1658 та авария ҳолатлари вужудга келиб, Бухоро сув таъминоти МЧЖ томонидан 1651 таси бартараф этилди.
Бундан ташқари, ҳудудларда 157 та сув қудуқлари таъмирланиб тозаланди. 67 та задвижка ва 12 та насос агрегатлари жорий таъмирланди. Шу билан бирга, куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш дастури доирасида 4,8 километр ичимлик сув тармоқлари ва 6 та насос ускуналари мукаммал ҳамда 22,9 километр ичимлик сув тармоқлари ва 17 та насос ускуналари жорий таъмирланди.
Олиб борилган ишлар натижасида вилоят аҳолисининг
70,1 фоизи тоза ичимлик сув билан таъминланди. Йил якунигача ичимлик суви билан таъминлаш даражаси 72 фоизга етказилади.
Ҳаракатлар стратегияси доирасида амалга оширилаётган бу ишларнинг барчаси аҳолининг ижтимоий-иқтисодий аҳволини яхшилаш, турмуш фаровонлигини оширишда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Зариф Комилов,
Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА