2030 йилга қадар гендер тенгликка эришиш стратегиясининг истиқболдаги мақсадлари қандай?
Сўнгги йилларда гендер тенглик масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилиб, соҳага оид 25 та қонунчилик ҳужжати қабул қилинди.
Ўзбекистон Республикасининг Гендер тенгликни таъминлаш масалалари бўйича комиссияси, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатида Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси ташкил этилди.
Ўзбекистон тарихида илк маротаба парламентда хотин-қизлар сони БМТ томонидан белгиланган тавсияларга мос даражага этиб, парламентдаги хотин-қизлар сони қарийб 32 фоизга етди ва дунёдаги 190 та парламент орасида 37-ўринга кўтарилди.
Бошқарув лавозимидаги хотин-қизлар улуши 27 фоизга, партияларда 44 фоизга, олий таълимда 40 фоизга, тадбиркорликда 35 фоизга етди.
Маълумки, Бирлашган миллатлар ташкилоти Бош ассамблеясининг 2015 йил сентябрда Барқарор ривожланиш бўйича ўтказилган саммитида қабул қилинган 70-сон резолюциясига мувофиқ, шунингдек,
2030 йилгача бўлган даврда БМТ Глобал кун тартибининг Барқарор ривожланиш мақсадларини изчил амалга ошириш бўйича тизимли ишларни ташкил этиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси «2030 йилгача бўлган даврда барқарор ривожланиш соҳасидаги миллий мақсад ва вазифаларни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида» қарор қабул қилди.
Шу билан бирга, Ўзбекистон Барқарор ривожланишнинг Бешинчи мақсадини амалга ошириш доирасида «Гендер тенгликни таъминлаш ҳамда барча хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш»га оид тўққизта вазифани ишлаб чиқди. Хусусан, Жаҳон банкининг «Аёллар, бизнес ва қонун индекси»да 190 та мамлакат орасида 139-ўринни, АҚШнинг Жоржтаун институти томонидан юритиладиган «Аёллар, тинчлик ва хавфсизлик индекси»да 167 та мамлакат ичида 89-ўринни эгалламоқда.
Ислоҳотларнинг барча босқичларида Ўзбекистонда олиб борилаётган ижтимоий-иқтисодий сиёсат кенг қамровли масалаларни ўз ичига олади. Аҳоли даромадларини тизимли равишда ошириб бориш, бандлик ва меҳнат муносабатларини шакллантириш, аҳолининг айрим тоифаларини, шу жумладан, тадбиркор ва фермер хотин-қизларни ижтимоий ҳимоя қилиш ва қўллаб-қувватлаш борасида қўшимча кафолатлар берилди.
Хусусан, хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, уларни тадбиркорлик фаолиятига кенг жалб қилиш мақсадида имтиёзли кредитлар ажратиш амалиёти йўлга қўйилди.
Тижорат банклари микрокредит базаси мижозларининг 30 фоизидан ортиғини хотин-қизлар ташкил этмоқда. Тижорат банклари маблағлари ҳисобидан 172 мингдан ортиқ хотин-қизларга 4,9 триллион сўм миқдорида кредитлар ажратилди. Бунинг натижасида тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйган хотин-қизлар сони бир йилда 45 минг нафарга кўпайди.
2019 йилдан бошлаб аҳолининг иш билан таъминланиши ва янги иш ўринлари яратилиши давлат буюртмаси асосида амалга ошириш тизими йўлга қўйилди. Ўзини ўзи банд қилган фуқароларга вақтинча меҳнат гувоҳномаларини бериш ва уларнинг иш стажини қайд этиш тартиби жорий этилди. Натижада норасмий секторда банд бўлган хотин-қизларнинг улуши 27 фоизга етди.
Республиканинг чекка ҳудудларини ривожлантириш, қишлоқларни ободонлаштириш, қишлоқларда яшовчи хотин-қизларнинг иқтисодий фаоллигини қўллаб-қувватлаш орқали камбағалликни қисқартиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Қишлоқ хўжалигининг турли соҳаларида
1,5 миллиондан ортиқ хотин-қизлар меҳнат қилади.
Тадбиркорлик субъектларининг 20 фоизига, шу жумладан, фермер хўжаликларининг 7,3 фоизига аёллар раҳбарлик қилади.
2017 йилдан бошлаб соғлиқни сақлаш тизимида туб ўзгаришлар амалга оширилиб, аҳолининг репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш, фуқароларни соғлом фарзандлар туғилишига онгли ва масъулиятли муносабатда бўлишга ўргатиш, хотин-қизлар ва эркакларнинг репродуктив ҳуқуқларини амалга оширишда тенг имкониятларни яратиш бўйича тизимли ишлар амалга оширилди.
Сўнгги ўн йилликда бутун дунё ҳамжамиятида демократик меъёр ва тамойилларни қарор топтириш учун курашнинг долзарблашуви муносабати билан гендер тенглиги муаммоси тобора кескинлашиб бормоқда. Гендер тенглиги асосий ижтимоий қадрият сифатида умумий тенглик концепциясининг ажралмас қисмига айланиб бормоқда.
Гендер стратегиясининг асосий мақсади — ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахсий ва ижтимоий мавқеидан қатъий назар хотин-қизлар ва эркакларнинг ҳақиқий тенглигини таъминлашдан иборатдир.
Гендер стратегиясининг асосий вазифалари ва мақсадлари қуйидагилар ҳисобланади:
хотин-қизларнинг ер ва мулкка нисбатан эгалик қилиш имкониятларини кенгайтириш, жамият ҳаёти ва фаолиятининг барча соҳаларида, шу жумладан, сиёсат, иқтисодиёт, ҳуқуқ, маданият, таълим, илм-фан ҳамда спорт муносабатларида хотин-қизларнинг эркаклар билан тенг иштирок этишларини қўллаб-қувватлаш, қарор қабул қилишда уларнинг етакчилик қилишлари учун тенг имкониятларни яратиш;
хотин-қизларнинг сиёсий фаоллигини ошириш, уларнинг жамиятдаги ўрни билан боғлиқ салбий қарашларни ўзгартириш, аҳоли бандлиги соҳасида хотин-қизлар ва эркаклар учун кафолатланган тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларни, шунингдек, муносиб иш ўринларини яратиш, аёллар тадбиркорлигини ривожлантириш, хотин-қизларнинг тижорат банкларидан кредит олишга бўлган имкониятларини кенгайтириш;
хотин-қизлар ва эркакларни бутун умри давомида ўқишга бўлган имкониятларини рағбатлантириш, уларнинг оилани режалаштириш борасидаги тиббий маданиятини ошириш ва репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш, улар ўртасида соғлом турмуш тарзини юксалтириш, одам савдоси ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш;
тазйиқ ва зўравонликни олдини олиш, уларни аниқлаш ва барҳам бериш бўйича самарали ташкилий-ҳуқуқий механизмларни яратиш, оилани мустаҳкамлаш, оилавий муносабатларда барча оила аъзоларининг масъуллигини ошириш, эрта никоҳ, яқин қариндошлар ўртасидаги никоҳ, эрта туғруқ ҳамда оилавий ажралишларнинг олдини олиш;
гендер тенглик тамойилларини илгари суришда, хотин-қизлар ва эркакларнинг ҳуқуқ ҳамда имкониятларини тенг амалга оширишда бюджетни режалаштириш;
гендер масалаларини бюджет жараёнларига интеграциялаш, гендер статистикаси юритилишини такомиллаштириш, гендер тенглик, аёллар тадбиркорлиги, хотин-қизлар ва эркакларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларини баҳоловчи халқаро рейтинг ва индексларда Ўзбекистоннинг ўрнини яхшилаш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш;
2030 йилгача бўлган даврда барқарор ривожланиш соҳасидаги гендер тенгликни таъминлаш ва барча хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш миллий мақсадларига эришишда парламент, фуқаролик жамияти институтлари ва оммавий ахборот воситаларининг ролини ошириш, гендер тенглик соҳасидаги халқаро шартномалардан келиб чиқадиган мажбуриятларнинг бажарилишини таъминлаш, Ўзбекистон Республикасининг миллий манфаатларига мос бўлган халқаро шартномаларни ратификация қилиш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш.
ТИЗИМЛИ МАҚСАДЛАР...
Гендер стратегияси доирасида белгиланган вазифаларни бажариш билан бирга, тизимли аниқ мақсадлар орқали қуйидаги натижаларга эришиш назарда тутилмоқда:
юқори ва қуйи тизимдаги давлат органларининг раҳбарлик лавозимларига хотин-қизларни тайинлаш амалиёти кенгайтириш, сиёсий партияларни рағбатлантириш орқали хотин-қизларни сайлов жараёнларига кенг жалб қилиш, аҳоли бандлиги соҳасида хотин-қизлар ва эркаклар учун кафолатланган тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар, шунингдек, улар учун муносиб иш ўринларини яратиш, ижтимоий ҳимояга муҳтож ва кам таъминланган, айниқса қишлоқ жойлардаги оилаларни иш билан таъминлаш, уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш борасидаги ишларнинг самарадорлиги ошириш;
ўзини ўзи банд қилган шахслар кўлами кенгайтириш, хотин-қизлар ва эркакларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларининг олдини олиш тизимини такомиллаштириш, жамиятда хотин-қизларга нисбатан шаклланган салбий қарашлар даражаси камайтириш, хотин-қизлар ва эркаклар учун меҳнат фаолиятини, жамият ҳаётида иштирок этишни оилавий мажбуриятлар билан бирга олиб бориш учун зарур шароитлар яратиш;
меҳнат мигрантлари бўлган хотин-қизлар ва эркакларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш тизими ривожлантириш, уларнинг ҳуқуқий саводхонлиги юксалтириш, жамиятда оилавий қадриятларни мустаҳкамлаш, фарзандларни ҳар томонлама интеллектуал, ахлоқий, эстетик ва жисмоний ривожлантиришда хотин-қизлар ва эркакларнинг масъулияти ҳамда роли ошириш;
оилавий ажримларнинг олдини олиш, бу каби салбий ҳолатларда хотин-қизлар, эркаклар ҳамда болаларнинг ҳуқуқларини таъминлаш механизмлари ривожлантириш;
хотин-қизлар ва эркакларнинг оилани режалаштириш борасидаги тиббий маданияти ошириш, зарур ахборот ва хизматлардан фойдаланиш имкониятлари кенгайтириш, ҳудудларда, айниқса қишлоқ жойларида хотин-қизлар ва эркакларга кўрсатиладиган тиббий-ижтимоий хизматлар сифати яхшилаш;
ижтимоий аҳамиятли ва юқумли касалликлар билан касалланган беморларни қўллаб-қувватлаш, уларга тиббий-ижтимоий хизматлар кўрсатиш тизимини такомиллаштириш, хотин-қизларнинг эҳтиёжи юқори бўлган соҳаларда маҳаллий ва хорижий таълим муассасаларини ташкил этиш;
мактабгача таълим, умумий ўрта таълим, тиббиёт ҳамда эркаклар улуши кам бўлган бошқа соҳаларга эркаклар жалб қилиш, очиқ ва шаффоф бюджет сиёсатини амалга ошириш орқали хотин-қизлар ва эркаклар ўртасидаги тенгсизликни камайтириш;
хотин-қизлар ва эркакларга манзилли давлат хизматларини кўрсатиш, уларнинг сифати ва самарадорлигини ошириш чоралари кўриш;
«Гендерга йўналтирилган бюджетлаштириш» тизимини босқичма-босқич жорий этиш, вазирлик ва идораларнинг гендер нуқтаи назаридан режалаштириш ва бюджетлаштириш бўйича салоҳиятини ошириш шунингдек бюджет масалаларига доир барча норматив-ҳуқуқий ва бошқа тусдаги ҳужжатлар лойиҳалари мажбурий тартибда гендер экспертизасидан ўтказиш амалиёти жорий этилади.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, 2030 йилга келиб барча хотин-қизларга нисбатан камситишларнинг ҳар қандай шаклига барҳам бериш, сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий ҳаётда қарорлар қабул қилишнинг барча даражаларида аёлларнинг тўлиқ ва самарали иштирокини ва етакчилик қилиш учун тенг имкониятлар таъминланиши, шунингдек, Давлат дастурларини қабул қилиш жараёнида гендер тенглик тамойилларини жорий қилишни ўз ичига олиши зарур.
Наргиза Фахриддинова,
Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазирлиги бош юрисконсульти