Самарқанд – ер юзининг сайқали, туркий тамаддун маркази
11 ноябрь куни Туркий давлатлар ташкилоти давлат раҳбарларининг «Туркий цивилизациянинг янги даври: умумий тараққиёт ва фаровонлик сари» номи остида йиғилиш бўлиб ўтди. Унда Президентимиз Самарқанд шаҳрини «Туркий цивилизация пойтахти» деб эълон қилиш ташаббуси қўллаб-қувватлангани учун тадбир қатнашчиларига миннатдорлик билдирди. Ниҳоят, адолат қарор топди, ер юзининг сайқали бўлмиш Самарқанд ўзининг азалий мақомини ҳам тиклади...
Кишилик тамаддунининг, хусусан, Туркий цивилизациянинг қадимги ўчоқларидан саналган Ўзбекистон шаҳарлари Шарқ ва Ғарбни боғлаган муҳим ҳалқа, Буюк ипак йўлида ҳамда кўплаб карвон йўллари чорраҳасида жойлашган йирик ҳунармандчилик, савдо ва маданият марказлари сифатида маълум ва машҳурдир. Улар жамият ва аҳоли маданий тараққиётининг ўзига хос бир кўрсаткичи, сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ва маданий ҳаёт марказлари сифатида тарихий тараққиётнинг барча босқичларида жамият ривожида, туркий ва бошқа халқларнинг интеграциясида муҳим ўринга эга бўлганлар. Улардан бири Туркистоннинг йирик марказларидан ҳисобланган Самарқанд эди. Зарафшон воҳасида аҳолининг ўтроқ ҳаёт кечириши, суғорма деҳқончилик билан шуғулланиши учун географик жиҳатдан қулай жойлашган, турли карвон йўллари туташиб кетган ерда ўрин эгаллаган бу қадим шаҳар тарихий тараққиётнинг турли босқичларида нафақат Туркистон, балки қўшни ҳудудлар сиёсий, ижтимоий-иқтисодий воқелигида салмоқли ўрин тутган.
Шаҳарнинг шимолидан топилган шаҳар деворлари қолдиқлари милоддан олдинги VIII-VII асрларга мансуб бўлиб, у милоддан олдинги IV-III асрларда янги мудофаа девори билан ўраб олинган. Шаҳар турли босқинчиларга мардонавор қаршилик кўрсатган. У 1220 йилда Чингизхон қўшинлари томонидан батамом вайрон қилинган.
Мўғуллар истибдодига барҳам берган ўзбекнинг улуғи Амир Темур даврида шаҳар ва шаҳар ҳаёти юксалди. Бу ҳукмдор ушбу шаҳарни пойтахтга айлантириб, янги Самарқандни барпо этиш, унинг кўп асрлик шаҳарсозлик маданиятини қайта тиклаш ва ривожлантириш, меъморий қиёфасини янада муфассал қилиш ишига катта ҳисса қўшди. Унинг саъй-ҳаракатлари билан мазкур шаҳарда Жоме масжиди, Кўксарой, Бўстонсарой, Гўри Амир, Ишратхона, Руҳобод, Шоҳи Зинда каби меъморий мажмуалар бунёд этилди. Бу даврда шаҳар йирик ҳунармандчилик ва савдо маркази сифатида юксалди. Шаҳарда турли-туман ҳунарлар ривожланди. Жаҳон илм-фанида эътироф этилган Иккинчи Ренессанс, илм-фан ва маданиятнинг юксалиш жараёнида Самарқанд марказий ўринни эгаллади.
XV асрнинг 20 йилларида Самарқанд Амир Темурнинг набираси Мирзо Улуғбек бошчилигида ташкил топган илмий мактабнинг маркази вазифасини ўтаган. Унинг раҳбарлиги остида шаҳарда риёзиёт, ҳандаса, жуғрофия, тарих, илми нужум, тиббиёт, мантиқ, илми ҳисоб, илми калом каби соҳаларда чуқур изланишлар олиб борилди. Таълимга катта эътибор қаратилиб, Регистон майдонида Мирзо Улуғбек мадрасаси, Чўпонота этакларида расадхона барпо этилди.
Туркистоннинг «катта шаҳарларидан» бўлган ва ундан «кўплаб олиму-фозиллар» етишиб чиққан Самарқанд шайбонийлар, аштархонийлар ва манғитлар сулоласи ҳукмронлиги даврида кечган сиёсий жараёнларда ҳам муҳим роль ўйнади. XVI аср бошларида Туркистон ва унга туташ ерларни бўйсундирган Муҳаммад Шайбонийхон «отимизнинг эгари - бизнинг пойтахтимиз» деб айтса-да, Самарқандда ҳокимият тепасига келган янги сулоланинг бош шаҳри вазифасини ўтайверди. Муҳаммад Шайбонийхоннинг нисбатан қисқа ҳукмронлиги даврида шаҳарда айрим соҳаларда жонланиш содир бўлди. Олий ҳукмдор пойтахт шаҳардаги қурилишларга алоҳида эътибор қаратди. Жумладан, бу ҳукмдор томонидан мадраса - Мадраса-йи Олия барпо эттирилган.
Шайбонийлар сулоласининг йирик вакили Абдуллахон II қатъий ҳаракатлари оқибатида ўзбек давлатини марказлаштирилиб, Бухоро узил-кесил пойтахтга айланди. Бу ҳақида тарихчи Ҳофиз Таниш Бухорий «Шавкатли шаҳар Бухорони у давлат пойтахтига айлантирди», деб ёзади.
Шу тариқа Шайбонийлар ҳукмронлиги даврида пойтахт шаҳар мавқеини Бухорога берган Самарқанд йирик ижтимоий-иқтисодий ва маданий марказ сифатидаги мавқеини сақлаб қолди. Шайбонийлар, улардан сўнг ҳокимият тепасига келган аштархонийлар сулоласи вакиллари бу шаҳарни ривожлантириш, унинг меъморий қиёфасини мукаммаллаштириш ишига катта эътибор қаратганлар.
XVIII асрнинг биринчи ярмида мамлакатда авж олган сиёсий бошбошдоқликка қарши қаттиқ кураш олиб борган биринчи манғит ҳукмдори Муҳаммад Раҳим Самарқандга келганида даврнинг барча инжиқликларига дош берган бу марказ бўшаб қолганининг гувоҳи бўлди. Бундай аянчли ҳолга тушган шаҳар аста-секин аҳоли билан тўлдириб борилди ва ХIХ асрнинг 40 - йилларида унинг сони 25-30 минг кишига етди.
Мураккаб сиёсий воқеалар мобайнида пойтахт шаҳар мавқеини Бухорога берган Самарқанд ҳокимият тепасига келган олий ҳукмдорларнинг шаҳарда жойлашган «кўк тошга ўтириш расмий маросими ўтказиладиган марказ сифатидаги аҳамиятини сақлаб қолди. Мир Муҳаммад Аминий Бухорий дунё ҳукмронлигини орзу қилган турли ҳукмдорлар «Самарқандда ... кўк тошга ўтирар эдилар», деб қайд этган эди.
Олий ҳукмдорнинг Самарқандда кўк тошга ўтириш анъанаси XIX асрнинг биринчи ярмида ҳам давом этди. Жумладан, Шоҳмуроднинг ўғли, онаси томонидан аштархонийларга бориб тақалувчи, Абулфайзхоннинг қизи томонидан набираси Амир Ҳайдарни (1800-1826) ҳам оқ кигизда олий ҳукмдор этиб кўтарганлар ва Самарқандда кўк тошга ўтказиб, уни расман ҳукмдор этиб тан олганлар. Шоҳидлардан бирининг кўрсатишича, Мирзо Улуғбек мадрасасида турган кўк тош тўртбурчак шаклида бўлиб, уни оқ кигиз ёпиб турган. Хон ўтирган бу кигизнинг учларини уламолар, фуқаролар, фозиллар ва саййидлар ушлаб, уч марта кўтарганлар.
Самарқанд турли ҳунарлар ривожланган, моҳир ҳунармандлар истиқомат қилган шаҳар эди. Арминий Вамбери (XIX аср) самарқандлик эгар-жабдуқ усталари маҳорати ҳақида ёзар экан, “... дид билан ишланган эгарларни кўриш мумкин; уларнинг безаги ҳатто европалик устага ҳам шуҳрат келтириши мумкин эди», деб қайд этади.
Бу ерда аҳолининг кундалик турмуши ҳамда турли табақа вакиллари эҳтиёжини қондиришга йўналтирилган жуда кўп ҳунармандчилик соҳалари вакиллари томонидан яратилган маҳсулотлар билан ички бозорда қизғин савдо-сотиқ амалга оширилган. Шаҳар ҳунармандлари томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотлар бошқа марказлар, дашт ва узоқ давлатларга олиб кетилган. Уларнинг ичида «Самарқанд баҳмали» жуда машҳур бўлган. Заҳириддин Муҳаммад Бобур бу мато ҳақида «Самарқанднинг яна бир матои қирмизи маҳмалдурким, атроф ва жавонибқа элтарлар», деб ёзади. Ушбу шаҳарни машҳур қилган яна бир маҳсулот «Самарқанд қоғози» эди. Бу ҳақида Заҳириддин Муҳаммад Бобур: «Оламда яхши қоғоз Самарқанддин чиқар, жувози қоғазлар суйи тамом Конигилдин келадур», деб қайд этган эди. Шаҳарларда қоғоз сотишга ихтисослашган кишиларнинг борлиги бу ҳунарнинг шаҳарларда қай даражада ривожланганлигидан далолат беради. Самарқандлик ҳунарманд - қоғозгарлар турли хил қоғозларни тайёрлаганлар. Мутахассислар бу қоғозларни ипакдан (қоғоз-и абришуми), ярим ипакдан, учинчи тур қоғоз эса пахтадан тайёрланганлигини кўрсатиб ўтадилар. Қоғоз тайёрлашда унинг асосий қисмини тайёрловчи усталар – қоғозгарлар ва унга ишлов берувчи усталар – муҳракашлар банд бўлар эди.
Қоғозгар усталар тайёрланган қоғозни турли рангларга – «қизил, кўк, сариқ ва бошқа рангларга» ҳам бўяр эдилар.
Самарқанднинг туркий цивилизациянинг йирик маданият маркази сифатидаги аҳамияти кейинги даврларда ҳам мобайнида кечган тарихий воқеликка мос равишда ривожланиб борди. Самарқанднинг маданият маркази сифатида ривожланишида унда бошқа шаҳарларда бўлгани каби аҳолининг саводхонлигини ошириш мақсадида ташкил этилган мактаблар, аҳолининг илмга ташна вакиллари учун очилган, илм-фан ўчоқлари вазифасини ўтаган кўпдан-кўп мадрасалар муҳим роль ўйнаган. Шаҳардаги мадрасаларда нафақат ушбу марказ, нафақат Туркистон шаҳарларидан, бутун туркий дунёдан илмга ташна инсонларни учратиш мумкин эди. Бу ўринда XVI аср муаллифи Зайниддин Восифийнинг қуйидаги хабари ўринлидир.
Унинг ёзишича, XVI аср бошларида Самарқанддаги совуқ пайтида унга «мўйнали пўстин ва тўн», ўн хуросонлик талабага эса «қўй пўстини, кўйлак ва иштон» Мирак Шоҳий исмли шахс томонидан тақдим этилган эди.
Ҳасанхожа Нисорий (XVI аср) «Бу шаҳарда кўплаб олиму фозиллар ўтишган. Самарқанд ҳозир ҳам илмлар маконидир. У ернинг мавлонолари кўпинча ҳақиқий илмлар билан шуғулланишади», – деб қайд этган эди. Шаҳарнинг илм-маърифат маскани сифатидаги аҳамияти кейинги асрларда ҳам сақланиб қолди. Мир Муҳаммад Амин Бухорий (XVIII аср) аштархоний ҳукмдор Убайдуллахоннинг ушбу шаҳарда бўлишига оид хабарида ҳукмдор қаршисига олимлар ва толиблар ўз мадрасаларидан чиққанликлари ва ўз асарларини тақдим этганликлари, ширинсуҳан шоирлар эса жозибадор шеърларида ҳукмдорни мадҳ этганликларини қайд этган эди.
Бу муаззам шаҳарнинг таълим ва илм-фан маркази сифатидаги мавқеининг сақланиб қолишида унда қурилган мадрасалар муҳим роль ўйнаган. Улар жумласига Самарқанд қозиси Соқий томонидан қурдирилган мадраса (1612), амир Ялангтўш Баҳодир томонидан қурдирилган Шердор (1631) ва Тиллакорий (1642) мадрасалари, Нодир Девонбеги мадрасаси (1730), Амир Ҳайдар томонидан қурилган Олий мадраса (1812) ва бошқаларни киритиш мумкин. XIX аср бошларида шаҳарда бўлган ҳиндистонлик Мир Иззатулланинг кўрсатишича, Самарқанднинг асосий мадрасалари вазифасини Шердор ва Тиллакори мадрасалари ўтаган.
Шундай қилиб, Самарқанд Туронда кечган жараёнларда муҳим ўрин тутди. Ушбу ҳудудда асрлар давомида юз берган сиёсий, ижтимоий-иқтисодий жараёнларнинг барча қарама-қаршиликларини ўз бошидан кечирсада, қадимдан Буюк ипак йўлида жойлашган бу шаҳар ўзининг туркий цивилизация тараққиётидаги тарихий ўрни ва қиёфаси хотиралардагина сақланиб қолган эди. Бугун эса, давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ташаббуслари ва туркий давлатлар қўллашлари билан қадим ва ҳамиша навқирон Самарқанд ўзининг азалий шукуҳини тиклади.
Г.Аъзамова,
ФА Тарих институти етакчи илмий ходими,
тарих фанлари доктори, профессор