Саммит дўстлик, қардошлик алоқаларини янада мустаҳкамлайди
Самарқанд азал-азалдан дунё мамлакатларини бир мақсад ва маслак йўлида бирлаштиришда мулоқот маркази вазифасини бажариб келган. Яқинда навқирон шаҳар узоқ-яқин мамлакатларнинг бир нечта энг нуфузли анжуманларига мезбонлик қилди. Жумладан, Туркий давлатлар ташкилоти давлат раҳбарлари кенгашининг илк йиғилиши ҳам Самарқанд шаҳрида муваффақиятли ўтказилди ҳамда бир қатор муҳим натижаларга эришилди.
Бугунги кунда Самарқанд шаҳрида ўтган мазкур саммит ҳақида кенг жамоатчилик томонидан қизғин муносабат ва фикр-мулоҳазалар билдирилмоқда. Хусусан, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ҳам бу борада ўз муносабатларини баён қилишмоқда.
Дилором ИМОМОВА, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати: — Туркий давлатлар ташкилоти (ТДТ) бешта мамлакатни – Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркия, Ўзбекистонни бирлаштиради. Яна икки мамлакат – Туркманистон ва Венгрия кузатувчи мақомига эга. Ушбу мамлакатларда тахминан 173 миллион киши яшайди, бу дунё аҳолисининг 2 фоиздан кўпроғини ташкил қилади.
ТДТнинг ўзига хослиги ушбу ташкилотнинг ҳамкорлик учун кўп қиррали йўналишлари мавжудлигида. Хусусан, Нахичеван битимининг 2-моддасига биноан тинчлик ва хавфсизликни мустаҳкамлаш, қўллаб-қувватлаш масалалари, шунингдек, сиёсий, савдо-иқтисодий, ҳуқуқни муҳофаза қилиш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, маданий, илмий-техник, ҳарбий-техник, таълим, энергетика, транспорт, кредит соҳаларида самарали минтақавий ва икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш масалалари ташкилотнинг муҳим мақсад ва вазифалари орасидан ўрин олган.
Ўз навбатида ТДТ доирасидаги ҳамкорлик савдо ва инвестиция учун қулай шарт-шароитлар яратиш, божхона ва транзит тартибини янада соддалаштириш, шунингдек, фан ва техника, таълим, соғлиқни сақлаш, маданият, ёшлар, спорт ва туризм соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш, туркий халқларнинг буюк маданий ва тарихий меросини оммалаштиришга қаратилган.
Ташкилот доирасида иқтисодий алоқаларни кенгайтириш ва ўзаро савдо ҳажмини оширишга эътибор қаратилаётгани муҳим аҳамиятга эга. Иқтисодиётни мустаҳкамлаш, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, инфратузилмани такомиллаштириш ва бошқа муҳим чораларни ўз ичига олади. Мазкур йўналиш доирасида ТДТ ҳузурида Инвестиция фонди ва Тараққиёт банкини яратиш ғоялари ҳам истиқболли саналади. Бундай лойиҳалар мамлакатларга ўз саъй-ҳаракатларини мувофиқлаштириш ва инвестицияларни янада самарали бошқариш имконини беради.
Савдо ҳамкорлиги нуқтаи назаридан Каспий денгизи орқали Шарқ-Ғарб йўлаклари орқали савдо қилишдаги иқтисодий тўсиқларни олиб ташлашга эътибор қаратилмоқда. Бу йўналишда ишлар бошланган. 2021 йилнинг ноябрь ойида Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида «Рақамли ТИР» пилот лойиҳаси ишга туширилди ва март ойида ушбу лойиҳа Қирғизистонни ҳам қамраб олди.
Ташкилот дунёда биринчи марта Ўзбекистон ва Туркия ўртасида ePermit лойиҳасини тест режимида ишга туширишга муваффақ бўлди. Кейинги босқичда эса Қозоғистон билан ушбу лойиҳани амалга ошириш бўйича келишув мавжуд. Бундан ташқари, ТДТ мамлакатларида БМТнинг Европа бўйича иқтисодий комиссияси билан биргаликда eCMR воситасини жорий этиш бўйича ишлар олиб борилмоқда. Мазкур йўналишда инвестиция лойиҳаларини кенгайтириш муҳим аҳамиятга эга. Хусусан, ўзаро манфаатли инвестиция фаолиятини амалга ошириш ташкилотга аъзо мамлакатлар, жумладан, Ўзбекистоннинг манфаатлари учун ҳам мос келади.
Бир сўз билан айтганда, ТДТ туркий тилли мамлакатларни бирлаштирган, кўплаб соҳаларда ривожланиш истиқболларига эга бўлган истиқболли минтақавий ташкилотдир. Шунинг учун ушбу ташкилотнинг барча аъзолари, шу жумладан, Ўзбекистон учун ТДТ доирасида ўзаро манфаатли ҳамкорликни мустаҳкамлаш ҳар томонлама ривожланиш ва барқарорликни таъминлашга хизмат қилади.
Барно Мирзамова, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати: — Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Туркий давлатлар ташкилоти давлат раҳбарлари кенгаши йиғилишида нутқ сўзлаб, муҳим таклиф ва ташаббусларни илгари сурди. Мамлакатлар ўртасидаги кўп томонлама муносабатларни ривожлантириш учун биргаликда салмоқли ишлар қилингани эътироф этилди. Шу билан бирга, ҳали катта салоҳият ва улкан имкониятлар тўлиқ ишга солинмаётгани ҳам таъкидланиб, бу борада ҳамкорликнинг савдо-иқтисодий пойдеворини янада мустаҳкамлаш мақсадга мувофиқлиги айтиб ўтилди.
Давлатимиз раҳбари савдо, инвестиция ва хизматларнинг эркин ҳаракатини таъминлаш учун Ташкилот доирасида «янги иқтисодий имкониятлар ҳудуди»ни барпо этиш ташаббусини илгари сурди. Ушбу мақсадларга эришиш учун ташкилотга аъзо ва кузатувчи мамлакатлар ҳамда дунё етакчи бизнес вакилларини кенг жалб қилган ҳолда ҳар йили Халқаро туркий иқтисодий форумини ўтказиш таклифини билдирди. Ушбу Форум доирасида «давлат ва бизнес» форматида қўшма тадбирлар, тадбиркорлар учрашувлари ва давра суҳбатлари, инновацион лойиҳалар тақдимотлари, кўргазмалар ўтказиш катта амалий натижа бериши таъкидланди.
Туркий давлатлар ташкилоти нафақат ўз мамлакатларини, балки ташқи бозорларни ҳам қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаши ҳам долзарб аҳамият касб этади. Президентимиз бу борадаги ишларни янада юқори босқичга олиб чиқиш, аниқ лойиҳалар асосида ҳамкорликни чуқурлаштириш мақсадида қатор таклифларни ўртага ташлади.
Жумладан, ТДТнинг глобал ва ички бозорлар эҳтиёжлари, давлатларнинг ишлаб чиқариш имкониятларидан келиб чиқиб, озиқ-овқат маҳсулотларини етказиб беришнинг самарали тизимини яратиш бўйича ташкилот доирасида кўп томонлама битим қабул қилиш вақти келганлиги айтилди. Шунингдек, соҳага инновациялар, замонавий билим ва илғор технологияларни жадал олиб кириш мақсадида Туркий давлатлар ташкилоти ва Бирлашган миллатлар ташкилотининг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти ўртасида кенг қамровли шерикликни ўрнатиш муҳимлиги илгари сурилди. Туркий агрофорумни мунтазам ўтказиб бориш ва унинг иккинчи анжуманида «Смарт» қишлоқ хўжалиги халқаро кўргазмасини ташкил этиш лозимлиги борасидаги таклифлар билдирилди.
Умуман, саммит доирасида эришиладиган келишувлар, қабул қилинадиган ҳужжатлар нафақат ТДТ маконида, балки дунёнинг бошқа минтақаларида ҳам барқарорлик ва тараққиётни таъминлашга хизмат қилади.
Дилбар Усмонова, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати: — Туркий дунё давлатлари ва халқларининг бирлашиши минтақада тинчлик, хотиржамлик, фаровонлик, геосиёсий ҳамда минтақавий барқарорликни таъминлашда муҳим аҳамият касб этади. Туркий давлатлар ташкилоти раҳбарлари сиёсий, иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболларини муҳокама қилиш асносида ўзаро боғлиқликни кучайтириш, туризм, энергетика ва қишлоқ хўжалиги соҳаларидаги ҳамкорликни кенгайтириш масалаларига ҳам эътибор қаратди.
Бугун дунёда геосиёсий зиддиятлар, глобал иқтисодий инқироз ва иқлим ўзгаришининг салбий оқибатлари ортиб бораётган шароитда Туркий давлатлар ташкилоти давлат раҳбарларининг ўзаро мулоқоти бу долзарб муаммоларга ечим топишда ҳамда умумий ёндашувларни белгилаб олишда ниҳоятда муҳимдир. Шу муносабат билан Ўзбекистон ўз раислиги даврида «Туркий дунё нигоҳи – 2040» концепцияси ҳамда қабул қилинган Туркий давлатлар ташкилотининг беш йиллик стратегиясини самарали амалга ошириш, 170 миллиондан ортиқ аҳоли яшайдиган улкан минтақани ўз ичига олган ташкилот нуфузини янада мустаҳкамлаш ва энг асосийси – тарихи, тили ва маданияти муштарак бўлган қардош халқларимиз ва давлатларимиз ўртасидаги ҳамкорликни юксак поғонага олиб чиқишга ҳаракат қилинади.
Ташкилот доирасидаги кўп қиррали ҳамкорликни янада кенгайтиришга қаратилган Туркий давлатлар ташкилоти саммитининг Самарқанд декларацияси қабул қилинганини алоҳида эътироф этиш жоиз.
Муҳтарама Комилова тайёрлади. ЎзА