Одри Азуле: Ўзбекистон мактабгача таълим бўйича дунёда етакчилардан
Пойтахтимизда бўлиб ўтаётган Кичик ёшдаги болаларни тарбиялаш ва таълим беришга бағишланган II Бутунжаҳон конференцияси (WCECCE) 150 давлат вакилларини бир платформада бирлаштирди.
Халқаро конференцияда ЮНЕСКО Бош директори Одри Азуле иштирок этиб, нутқ сўзлади.
– Ўзбекистон билан ЮНЕСКОнинг ҳамкорлиги барча йўналишларда изчил ривожланмоқда. Мамлакатингизнинг бой маънавий меросини тиклаш ва чуқур ўрганиш борасида самарали ҳамкорлик қилиб келинмоқда. Маданият, таълим, фан ва бошқа соҳаларда турли лойиҳалар биргаликда амалга оширилмоқда. Ўзбекистон бизга Самарқанд, Бухоро ва Хива каби дунёга машҳур шаҳарларни совға қилган.
Энг асосийси, таълим соҳасида ҳам истиқболли ҳамкорлик ўрнатилганлигини қайд этиш керак. Ўзбекистонда кичик ёшдаги болаларни таълим билан қамраб олиш, сифатли таълим ва тиббий хизмат кўрсатиш борасидаги ишларни юқори баҳолайман.
Кичик ёшдаги болалар таълими ҳақида гапирганда, аввло бу йўналишда мутахассислар тайёрлашга эътиборни янада кучайтириш лозим. Агар мактабгача таълимни 2030 йилгача бутун дунё мамлакатларида амалга оширишни йўлга қўйсак 9 миллион ўқитувчи ва мутахассислар тайёрлаш эҳтиёжи борлиги кўринади. Нафақат ўқитувчиларни тайёрлаш, шу билан бирга уларни муносиб маош билан таъминлашга ҳам эътибор қаратишимиз керак.
Сўнги йилларда энг яхши таълим ва фидойи ходимларни танлаб олиш ва уларни ўқитиш бўйича ишлар олиб борилди. 2023 йилдан бошлаб ЮНЕСКО ва ЮНИСЕФ Жаҳон банки билан ҳамкорликда ҳар икки йилда эрта болалик ҳисоботини тайёрлашни йўлга қўяди.
Шу билан бирга, Тошкент декларациясида мактабгача таълим йўналишида ажратилган 5 фоиз маблағни ўн фоизга оширишни киритамиз. Таҳлилларга кўра, ривожланган мамлакатларда бу жараён йўлга қўйилган. Бироқ паст ривожланган давлатлар бюджетининг 2 фоизи шу йўналишга ажратилар экан. Халқаро миқёсда таълимга йўналтирилган ёрдамнинг атиги 2 фоизи мактабгача таълимга қаратилади. Биз нафақат миллий миқёсда, балки халқаро миқёсда ҳам мажбуриятларни бўйнимизга олишимиз керак. Чунки бу масала халқаро аҳамиятга эга. Бу конференцияда молиявий институтлар иштирок этаётганлиги жуда муҳим.
Сўзим якунида Ўзбекистон мактабгача таълим бўйича бутун дунёда етакчилик қилаётганини қайд этмоқчиман. Ёш болаларга бўлган қарашимиз, уларга бўлган муносабатимиз яшаёган жамият ҳақидаги нозик маълумотларни беради. Тошкент шаҳрида кичик ёшдаги болаларга кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрликни кўриб шу жамият ҳақида хулосаларга келиш мумкин.
Гўзал САТТОРОВА,
ЎзА