Ўзбекистон Республикаси Президенти ва ЮНЕСКО Бош директори ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг янги имкониятларини муҳокама қилдилар
15 ноябрь куни Тошкентда ўтаётган Кичик ёшдаги болаларга тарбия ва таълим бериш бўйича Бутунжаҳон конференцияси доирасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев БМТнинг Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича ташкилоти (ЮНЕСКО) Бош директори Одри Азуле билан учрашув ўтказди.
Ўзбекистон билан БМТ тизимидаги ушбу нуфузли институт ўртасидаги конструктив ва самарали ҳамкорликни кенгайтиришнинг амалий жиҳатлари муҳокама қилинди.
Сермаҳсул шерикликнинг бугунги даражаси мамнуният билан қайд этилди. Мамлакат дастури ва қабул қилинган “йўл харитаси”га мувофиқ қўшма дастур ва лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Мамлакатимиз илк бор Номоддий маданий меросни муҳофаза қилиш халқаро қўмитасининг аъзоси этиб сайланди. Бахшичилик санъати ва лазги рақси номоддий маданий мерос рўйхатига киритилди.
Ўзбекистонда тарихий мерос объектларини ҳимоя қилиш масалалари бўйича халқаро маслаҳат қўмитаси фаолияти ва Минтақавий гуманитар ҳамкорлик бўйича “Хива жараёни” йўлга қўйилди.
ЮНЕСКО, шунингдек, мамлакатимизнинг қишлоқ жойларида профессионал таълим тизимини ривожлантиришга техник кўмак кўрсатмоқда.
Бундан ташқари, ҳамкорликнинг устувор йўналишларида қўшма тадбирлар мунтазам ўтказиб келинмоқда.
Учрашувда Одри Азуле Ўзбекистонда ёшларни қўллаб-қувватлаш, болаларга тарбия ва таълим бериш борасида амалга оширилаётган ислоҳотларни юксак баҳолади ҳамда улар, халқаро миқёсда солиштирилганда, энг самарали бўлаётганини таъкидлади.
Бош директор мактабгача таълимни ривожлантириш масалаларига бағишланган Тошкент халқаро конференцияси муваффақиятли ўтказилгани билан табриклади.
Янги Мамлакат дастурини амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилди. Тошкент шаҳрида ЮНЕСКОнинг минтақавий марказини очишга, шунингдек, самарали ҳамкорлик доирасида қўшма ташаббус ва илғор лойиҳаларни илгари суриш бўйича янгиланган “йўл харитаси”ни тайёрлаш ва қабул қилишга келишиб олинди.