Президент Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хорижий инвесторлар кенгашининг биринчи ялпи мажлисидаги нутқи
Ҳурматли хонимлар ва жаноблар!
Муҳтарам меҳмонлар!
Аввало, Хорижий инвесторлар кенгашининг биринчи ялпи йиғилишининг барча иштирокчиларини самимий қутлайман.
Бугунги анжуманда жаҳоннинг етакчи компаниялари ва молия институтлари раҳбарлари бўлган сиз, қадрли дўстларимиз ва ҳамкор-ларимизни кўриб турганимдан ғоят мамнунман.
Катта ижтимоий-иқтисодий аҳамиятга эга бўлган ушбу йиғилишни ташкил этишда кўрсатган кўмаги учун Европа тикланиш ва тараққиёт банки президенти ҳурматли Одиль Рено-Бассо хонимга ўз миннатдорлигимни билдираман.
Азиз дўстлар!
Бугунги кунда жаҳонда жиддий глобал ўзгаришлар юз бермоқда. Дунё ҳамжамияти пандемиядан халос бўлишга улгурмай, янги қийинчилик ва синовларга дуч келмоқда. Турли зиддият ва қарама-қаршиликлар тобора кучайиб бормоқда. Чиндан ҳам, бундай оғир ва мураккаб шароитда ўзаро ишонч ва ҳурматга асосланган яқин ҳамкорликнинг аҳамияти ҳар томонлама ортиб бормоқда.
Айнан шу сабабли Хорижий инвесторлар кенгашининг бугунги йиғилиши алоҳида муҳим аҳамиятга эга, десак, ўйлайманки, тўғри бўлади.
Ҳурматли тадбир иштирокчилари!
Сизларга яхши маълумки, биз сўнгги йилларда Ўзбекистонда кенг кўламли ислоҳотларни амалга ошириб келмоқдамиз. Миллий иқтисодиётнинг очиқлигини таъминлаш ва унинг жаҳон иқтисодиётига интеграцияси учун барча зарур шароитларни яратишни ислоҳотларнинг асосий йўналиши этиб белгиладик. Шу мақсадда валюта бозорини эркинлаштирдик, хусусий инвесторларга энергетика, геология-қидирув, кимё ва нефть кимёси, тиббиёт ва таълим каби соҳаларда фаолият юритиш имкониятларини кенгайтирдик.
Мамлакатимизда коррупцияга қарши кураш давлат сиёсатининг устувор йўналишига айланди. Бу борадаги ишларни тизимли мувофиқлаштириб бориш учун алоҳида агентлик ташкил этилди.
Замонавий иқтисодиёт драйвери бўлган хусусий бизнесни қўллаб-қувватлаш бўйича инқилобий қарорлар қабул қилдик. Бу соҳада икки юздан ортиқ лицензия ва рухсатномаларни бекор қилдик. Солиқларнинг умумий сони 13 тадан 9 тага қисқарди, айрим солиқ ставкалари 2 баробар камайтирилди. Келгуси йилдан бошлаб қўшилган қиймат солиғи ставкаси 15 фоиздан 12 фоизга туширилади.
Биз миллий иқтисодиётимиз ривожи учун хорижий инвестициялар қанчалик зарур эканини жуда яхши тушунамиз. Шу боис инвесторларнинг ҳуқуқий мақомини аниқ белгилаш ва уларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш учун инвестициялар тўғрисида алоҳида қонун қабул қилдик. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузурида бизнес-омбудсман институти жорий этилди.
Ана шундай чора-тадбирлар глобал миқёсдаги беқарорлик ва инқирозлар шароитида ҳам миллий иқтисодиётимиз ўсишини таъминлашга ёрдам берди. Хусусан, пандемия авж олган даврда, ташқи бозорлардаги оғир вазиятга қарамасдан, иқтисодий ўсишнинг ижобий динамикасини сақлаб қолдик. Ўтган йили бу кўрсаткич 7 фоиздан ошди. Жорий йилда ҳам иқтисодиётимиз ўсишда давом этяпти.
Фурсатдан фойдаланиб, ислоҳотларимизни қўллаб-қувватлаб, биз билан ҳамкорлик қилиб келаётган барча бизнес вакилларига чуқур миннатдорлик билдираман.
Ҳурматли инвесторлар!
Қулай инвестиция муҳитини яратиш бўйича амалга оширган ислоҳотларимиз натижасида сўнгги 5 йилда иқтисодиётимизга кириб келган хорижий инвестициялар ҳажми 10 баробар ошиб, қарийб 40 миллиард долларни ташкил этди.
Биз 10 йил давомида ялпи ички маҳсулот ҳажмини ҳозирги кўрсаткичдан икки баробар оширишни мақсад қилганмиз. Бунга эришиш учун бизда хоҳиш-ирода ҳам, имконият ҳам етарли.
Ўз олдимизга қўйган бундай юксак марралар учун сармоялар ҳажмини келгуси 5 йилда 120 миллиард долларга етказиш, жумладан, камида 70 миллиард доллар хорижий инвестициялар жалб этишни ҳисоб-китоб қилганмиз. Ушбу инвестицияларни, энг аввало, саноат соҳаларини модернизация ва трансформация қилиш, ишлаб чиқариш, коммунал ва транспорт инфратузилмасини жадал ривожлантиришга йўналтириш учун аниқ лойиҳа ва дастурларимиз бор. Шунингдек, таълим ва соғлиқни сақлаш каби давлат тасарруфидаги анъанавий соҳаларга ҳам хусусий инвестицияларни жалб этиш кун тартибимизда туради.
Биз хорижий инвесторларни ўзаро манфаатли янги лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва биргаликда амалга оширишга чақирамиз.
Сизларни ишонтириб айтаманки, Янги Ўзбекистонда инвесторлар ўзини эркин ҳис этиши, эртанги кунга катта ишонч билан қараб барқарор ишлаши учун барча имкониятларни яратиб берамиз. Айнан шунинг учун бизга яқин дўст, хайрихоҳ бўлган энг ишончли инвесторлар иштирокида янги Кенгашни ташкил этмоқдамиз. Сизлар билан узоқ муддатли, ўзаро манфаатли инвестицион ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишимизга аминман.
Қадрли дўстлар!
Сизларни ишонтириб айтмоқчиманки, биз юртимизда очиқ, жадал ривожланаётган замонавий давлат қуриш мақсадида бошлаган ислоҳотлар йўлидан ортга қайтмаймиз.
Ишончим комилки, сизларнинг ҳар бирингизда аниқ ва конструктив таклифлар бор. Сизларнинг кўмагингиз билан биз Кенгаш доирасида ривожлантирмоқчи бўлган бир қатор соҳаларга қисқача тўхталиб ўтмоқчиман.
Биринчидан, биз қонун устуворлигини Янги Ўзбекистон тараққиётининг бош тамойилларидан бири этиб белгиладик. Кейинги йилларда юртимизда хусусий мулк дахлсизлигини таъминлаш ва мулкдорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида мисли кўрилмаган чоралар ҳаётга жорий этилди.
Бундан буён фуқаро ва тадбиркорларга мулк ҳуқуқини сўзсиз таъминлаш ва ҳимоя қилиш шаффоф ва адолатли суд-ҳуқуқ тизими томонидан кафолатланади.
Биз куни кеча суд соҳасига бағишланган мажлисда бу борада ислоҳотларнинг навбатдаги босқичидаги устувор йўналишларни белгилаб олдик.
Ўзбекистонда илғор хорижий амалиёт ва тажрибани жорий этиш мақсадида Хорижий инвесторлар кенгаши ҳузурида доимий фаолият юритадиган Инвесторларнинг ҳуқуқини ҳимоя қилиш қўмитасини ташкил қилишни таклиф этаман.
Иккинчидан, биз банк-молия соҳасида ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ниятидамиз.
Гап мазкур соҳада соғлом рақобат муҳитини яратиш, хорижий банкларни Ўзбекистонга фаол жалб этиш, самарали фонд бозорини шакллантириш ҳақида бормоқда.
Бу залда банк соҳасига инвестиция киритган хорижий ҳамкорларимизни кўриш бизга катта мамнуният бағишлайди. Биз хорижий сармоядорларнинг банк-молия соҳасини янада такомиллаштиришга қаратилган таклиф ва ташаббуслари учун очиқмиз.
Учинчидан, иқтисодиётда давлат улушини камайтириш ва хусусийлаштиришни янада чуқурлаштириш асосий мақсадларимиздан бири бўлиб қолади.
Сўнгги йилларда Ўзбекистонда 1 минг 200 та давлат корхонаси хусусийлаштирилди. Келгуси йилнинг ўзида яна мингга яқин корхона ва кўчмас мулк объектларини хусусийлаштиришни режалаштирганмиз.
Шу билан бирга, давлат-хусусий шериклик механизмини иқтисодиётнинг барча тармоқларига фаол татбиқ этмоқдамиз. Қисқа муддатда мазкур йўналишда сезиларли натижаларга эришдик. Биргина энергетика соҳасида Ўзбекистон, ушбу механизмлардан фойдаланган ҳолда, 8 миллиард доллардан ортиқ маблағни жалб этди. Бу лойиҳаларга сармоя тикиб бораётган ҳамкорларимизни ҳам бугун тадбирда кўриб турганимдан мамнунман.
Кенгаш аъзоларини хусусийлаштириш ва давлат-хусусий шериклик дастурларида фаол иштирок этишга таклиф қиламиз.
Тўртинчидан, Ўзбекистоннинг бой табиий ресурсларини ўзлаштиришда катта имкониятлар мавжуд.
Хабарингиз бор, мамлакатимиз олтин захиралари бўйича дунёда 2-ўринни, мис бўйича – 7-ўрин, вольфрам бўйича – 8-ўрин, кумуш бўйича – 9-ўрин, уран бўйича – 12-ўринни эгаллайди.
Фойдали қазилма конларини ўзлаштириш соҳасига йирик инвестицияларни жалб этиш мақсадида геологик маълумотларни очиқ эълон қилдик. 10 дан ортиқ турдаги стратегик фойдали қазилмаларни ўзлаштириш учун солиқ ставкаларини пасайтирдик, ер солиғини бекор қилдик, махсус техникаларни божхона тўловларидан озод этдик.
Биз хомашёни чуқур қайта ишлаш бўйича аниқ лойиҳаларни тайёрладик. Биргина мисол. Ўзбекистонда йилига 150 минг тонна мис қазиб олинади ва унинг атиги 70 минг тоннаси қайта ишланади. Яқин йилларда мис ишлаб чиқариш ҳажмини 500 минг тоннага етказамиз. Шу муносабат билан мис кластерини барпо этишга киришдик. Унинг ҳудудида мис фольгаси, электродвигателлар, қуёш панеллари, кабель-ўтказгич маҳсулотлари ва бошқа юқори қўшилган қийматли товарларни ишлаб чиқариш бўйича лойиҳаларни амалга ошира бошладик.
Бундан ташқари, электромобилларни ишлаб чиқариш тармоғига асос солиш ниятидамиз.
Сиз, ҳурматли инвесторларни ушбу йўналишларда амалий ҳамкорлик қилишга даъват этамиз.
Бешинчидан, Ўзбекистонда рақамлаштириш соҳасига инвестицияларни жалб этишга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Биз “Рақамли Ўзбекистон – 2030” стратегиясини қабул қилдик. Ушбу ҳужжатда барча муҳим соҳаларни рақамлаштириш назарда тутилган.
Биз мамлакатимиз ҳудудларида IT-паркларни ташкил этмоқдамиз. Бундай парклар резидентлари барча солиқлардан ва йиғимлардан озод қилинган. Хорижий инвесторлар ва технологияларнинг фаол иштирокисиз ушбу соҳани ривожлантириш мумкин эмаслигини яхши тушунамиз. Шу сабабли Кенгаш аъзолари билан мазкур йўналишда қўшма лойиҳаларни амалга оширишда самарали ҳамкорликка умид қиламиз.
Олтинчидан, Ўзбекистон “яшил иқтисодиёт”ни ривожлантириш жараёнида фаол қатнашмоқда.
Қабул қилинган стратегиямизга мувофиқ, 2026 йилга бориб муқобил манбалардан олинадиган энергиянинг умумий генерациядаги улушини 25 фоизга етказамиз. Шу билан бирга, илмий-техник салоҳиятни ривожлантириш ва қайта тикланадиган энергия манбалари соҳасида мутахассислар тайёрлаш учун зарур шароитлар яратишни мўлжалламоқдамиз.
Европа тикланиш ва тараққиёт банки ва Жаҳон банки билан бирга 2050 йилгача миллий иқтисодиётни декарбонизация қилиш стратегиясини ишлаб чиқишга киришдик.
“Яшил” лойиҳаларга хорижий инвестицияларни жалб қилишни давом эттиришдан манфаатдормиз ва уларда Кенгаш аъзоларининг иштирокини қўллаб-қувватлашга тайёрмиз.
Ҳурматли анжуман қатнашчилари!
Афсуски, ажратилган вақт ҳамкорликнинг барча истиқболли йўналишларини батафсил муҳокама қилиш имконини бермайди. Шунинг учун хорижий инвесторлар билан ишлашни қуйидаги тартибда ташкил этиш зарур, деб ҳисоблайман.
Қайд этилган ҳар бир устувор йўналишни амалга ошириш учун Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги қошида Сармоядорларни қўллаб-қувватлаш ишчи гуруҳи ташкил этилади. Ушбу ишчи гуруҳ Хорижий инвесторлар кенгаши ҳузурида фаолият юритади ҳамда чет эллик сармоядорларни комплекс ва тизимли равишда қўллаб-қувватлаш билан шуғулланади. Хусусан, инвесторни аэропортда кутиб олишдан тортиб, бизнес учун зарур рухсатнома ва лицензиялар беришгача бўлган барча хизматларни “ягона ойна” тамойили асосида кўрсатади.
Янги ишчи гуруҳнинг фаолиятини Инвестициялар ва ташқи савдо вазирининг биринчи ўринбосари Лазиз Қудратов мувофиқлаштириб боради. У бошқа барча масалалардан озод қилиниб, бор эътиборини фақат инвесторлар билан ишлашга қаратади.
Бош вазир ўринбосарлари Ж.Ходжаев, Ж.Қўчқоров, Ж.Мирзамаҳмудов ўз йўналишлари бўйича келиб тушадиган мурожаатларни ижобий ҳал этишни таъминлайди.
Ишчи гуруҳи Кенгаш котибияти билан бирга, хорижий инвесторлар таклифлари асосида, аниқ лойиҳалар, уларни амалга ошириш учун қонунчиликни такомиллаштириш, муддатлар ва масъул ижрочилар белгиланган “йўл харитаси”ни ишлаб чиқиши лозим.
***
Ҳурматли тадбир иштирокчилари!
Биринчи навбатда, билдирган қимматли ғоя ва таклифларингиз учун барчангизга ўзимнинг чуқур ташаккуримни изҳор қилмоқчиман.
Ўзбекистон билан конструктив ва узоқ муддатли ҳамкорликни ривожлантириш борасидаги эътиборингиз ва қатъий ниятларингизни юксак қадрлайман.
Такрор айтаман: Ўзбекистонда бизнесингиз муваффақиятли бўлиши, мамлакатимизда ўзингизни ишончли, эркин ва қулай ҳис этишингиз учун барча чораларни кўрамиз.
Сизлар берган таклифлар алоҳида “йўл хариталари”га киритилади.
Яна бир бор ҳурматли Одиль Рено-Бассо хонимга Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг Ўзбекистондаги барча ислоҳот ва ўзгаришларни доимий қўллаб-қувватлаб келаётгани ҳамда қўшма дастур ва ташаббусларни самарали амалга ошираётгани учун миннатдорчилик билдираман.
Барчангизга сиҳат-саломатлик, эзгу фаолиятингизга улкан ютуқлар тилайман.
Эътиборингиз учун раҳмат.