Ўзбекистон Президенти “ACWA Power” компанияси бошқаруви раиси билан учрашди
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 16 ноябрь куни Хорижий инвесторлар кенгашининг биринчи мажлиси доирасида “ACWA Power” компанияси бошқаруви раиси Муҳаммад Абдулла Абунайян билан учрашув ўтказди.
Жорий лойиҳаларни амалга ошириш масалалари ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада кенгайтириш истиқболлари кўриб чиқилди.
Давлатимиз раҳбари компания мамлакатимизнинг турли ҳудудларида энергетика инфратузилмасини модернизация қилиш ва қайта тикланадиган энергетикани ривожлантириш лойиҳаларини амалга оширишга ҳисса қўшаётганини юқори баҳолади.
Компания инвестицияларини водород энергетикасини ривожлантириш, шамол электр станцияларини қуриш, хорижий экспертлар иштирокида юқори малакали миллий кадрларни тайёрлашга жалб қилиш муҳимлиги қайд этилди.
Муҳаммад Абдулла Абунайян компания Ўзбекистон билан узоқ муддатли ва кенг кўламли ҳамкорликни кенгайтиришга, шунингдек, келгуси йилнинг биринчи чорагида Тошкент шаҳрида Ўзбекистон-Саудия ишбилармонлар кенгашининг навбатдаги йиғилишини ўтказишда фаол иштирок этишга тайёрлигини билдирди.