Ўзбекистонда гендер тенглигини таъминлаш учун норматив-ҳуқуқий базалар яратилган
Ўзбекистонда гендер тенглигини таъминлаш учун институционал ва норматив-ҳуқуқий базалар яратилган.
Конституциямизнинг 18-моддасида Ўзбекистон Республикасининг барча фуқаролари бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиб, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, мавқеи, шахси ва манфаатларидан қатъи назар, қонун олдида тенг эканлиги белгиланган бўлса, Бош қомусимизнинг 46-моддасида эса хотин-қизлар ва эркаклар тенг ҳуқуқли эканлиги белгиланган.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2019 йил июнь ойида Олий Мажлис Сенатидаги маърузасида: “...бугун ҳар бир аёл оддий кузатувчи эмас, балки мамлакатда амалга оширилаётган демократик ўзгаришларнинг фаол ва ташаббускор иштирокчиси ҳам бўлиши керак”, деб таъкидлаган эди.
Ўзбекистонда хотин-қизларнинг ҳуқуқларини таъминлаш ва ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш мақсадида 2019 йил сентябрь ойида «Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида»ги, «Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонунлар қабул қилинди.
Шундай қилиб, Конституция ва халқаро стандартлардаги нормаларни амалга ошириш механизми сифатида 2021 йил 28 майда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг «2030 йилга қадар Ўзбекистон Республикасида гендер тенгликка эришиш стратегиясини тасдиқлаш ҳақида»ги қарори қабул қилинган бўлиб, мазкур Стратегияда давлатимизнинг 2030 йилгача гендер тенгликка эришиши лозим бўлган мақсадли кўрсатгичлар белгиланган.
Ҳозирги пайтда Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясини амалга ошириш механизмлари ишлаб чиқилиб, босқичма-босқич амалиётга татбиқ этилмоқда. Шунга қарамасдан глобал миқёсида барча мамлакатларда инсон ҳуқуқлари соҳасида олиб борилаётган саъй-ҳаракатларга қарамасдан, рақамли гендер тафовути глобал муаммолар қаторида бўлиб қолмоқда ва ҳатто рақамли гендер тафовути ёпилмагунча БМТ Барқарор ривожланиш мақсадларига (СДГс) тўлиқ эришиб бўлмаслиги таъкидланмоқда.
Халқаро электр-алоқа иттифоқи (ИТУ)нинг сўнгги маълумотларига кўра, дунёдаги интернетдан фойдаланадиган аёллар улуши эркакларнинг 62 фоизига нисбатан 57 фоизни ташкил қилади. Нисбий нуқтаи назардан интернетдан фойдаланишда глобал гендер фарқи 8 фоизни ташкил қилади.
Шунингдек, бир қатор муаллифларнинг қайд этишича, рақамли иқтисодиёт шароитида СТEАМ деб аталувчи касблар (фан, технология, муҳандислик ва математика) жадал ривожланмоқда. Аммо ушбу соҳада ҳам гендер ассиметрияси мавжуд. Масалан, «эркак» учун деб ҳисобланувчи касблар таснифланган ахборот-коммуникация технологиялари (АКТ) соҳасида аёлларнинг улуши атиги 30 фоизни ташкил этмоқда.
Гендер рақамли тафовутни бартараф этиш, аёлларнинг СТEМ соҳаларида иштирокини рағбатлантириш ва гендерга оид электрон хизматларни ривожлантириш бўйича самарали чоралар кўриш барча соҳаларда гендер тенглигини таъминлашнинг калитидир.
Ўзбекистонда хотин-қизларни IТ-соҳасига жалб этиш бўйича қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда, шу боис жорий йилнинг июль ойида Тошкент шаҳрида аёллар учун янги «ГАП» IТ-клуби ишга туширилди. Мазкур клуб ташаббускорларининг мақсади IТ-саноатда аёлларнинг борлиги муаммосини бартараф этиш, IТ-касбларини аёллар ва ёш қизлар учун очиқ ва қизиқарли қилиш, шу орқали IТ-соҳасидаги рақамли гендер тафовутини камайтиришдан иборатдир. IТ-секторининг имкониятларини кўрсатиш ва хотин-қизларни иш қидиришда қўллаб-қувватлашдан иборатдир.
Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 28 январдаги ПФ-60-сон қарори билан тасдиқланган 2022-2026 йилларда Янги Ўзбекистон Тараққиёт стратегиясининг 69-мақсадида хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг жамият ҳаётидаги фаол иштирокини таъминлаш белгиланган.
Бунда жамиятда хотин-қизларга тазйиқ ва зўравонликка нисбатан муросасизлик муҳитини яратиш, хотин-қизларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини, гендер тенгликни таъминлаш сиёсатини давом эттириш, хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини юксалтириб, уларни қўллаб-қувватлашга доир ислоҳотларни амалга оширишга оид Давлат дастурида аниқ чора-тадбирлар назарда тутилган.
Бугунги кунда мамлакатимизда давом этаётган конституциявий ислоҳотлар жараёнида гендер тенгликни таъминлашга бўйича янги қоидаларни Асосий қонунимизда мустаҳкамлашга қаратилган бир қатор таклифлар илгари сурилмоқда.
Жумладан, Конституциянинг 46-моддасини “Давлат хотин-қизлар ва эркакларга жамият ҳамда давлат ишларини бошқаришда, шунингдек, давлат ва жамият ҳаётининг бошқа соҳаларида тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларни таъминлайди” деган норма билан тўлдириш режалаштирилмоқда.
УШБУ НОРМА КИРИТИЛИШИ ҚАЙ ДАРАЖАДА МУҲИМ?
Бу ўринда БМТ Бош котиби Антонио Гутерришнинг: “Қаердаки сиёсий ва ижтимоий ҳаётда хотин-қизлар фаол иштирок этаётган бўлса, ўша жойда иқтисодиёт ўсмоқда, барқарорлик мустаҳкамланмоқда ва фуқароларнинг фаровонлиги юксалмоқда” деб айтган сўзларини эслаш ўринли бўлади.
Сўнгги йилларда давлатимиз раҳбари ташаббуси билан мамлакатимизда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини, жамият ва давлат ишларини бошқаришда уларнинг эркаклар билан тенг иштирок этишини таъминлаш, хотин-қизларни ижтимоий-ҳуқуқий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш борасида кўплаб ишлар амалга оширилмоқда. Ушбу масала давлат сиёсатининг устувор йўналишига айланган.
Ўзбекистон Республикасининг «Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида»ги қонуннинг қабул қилиниши эса бу соҳадаги муҳим қадамлардан бири бўлди.
190та давлат парламентларини бирлаштирган Парламентлараро иттифоқ маълумотига кўра, Ўзбекистон парламентида аёллар иштироки кўрсатгичи бўйича 128-ўриндан 45-ўринга кўтарилди. Бошқарув лавозимидаги хотин-қизлар улуши 27 фоизга, партияларда 44 фоизга, олий таълимда 40 фоизга, тадбиркорликда 35 фоизга етди.
Конституцияда хотин-қизларга тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларни таъминланиши уларнинг давлат ва жамият ишларида ҳеч бир тўсиқларсиз муносиб иштирок этишига, ўз билим ва салоҳиятини намоён этишига, жамиятимиз ва давлатимиз равнақи учун ўз ҳиссасини қўшишига муҳим кафолат бўлиб хизмат қилади.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш орқали жамиятда қотиб қолган гендер стереотипларга барҳам бериш давлатимиз ривожида муҳим аҳамият касб этади.
Шоҳсанам Солиева, Ўзбекистон Республикаси
Жамоат хавфсизлиги университети мустақил тадқиқотчиси
ЎзА