Қомусни англамоқ унинг қалбдан жой олишига замин яратади
Президентимиз таъкидлаганидек, ҳаётимиз қомуси бўлган Конституциямиз мустақиллик йилларида эришган барча ютуқ ва марраларимизнинг мустаҳкам ҳуқуқий пойдевори бўлиб келаётганини ҳаммамиз яхши биламиз ва юксак қадрлаймиз.
Дарҳақиқат, юртимизда юз бераётган сиёсий янгиланишлар, улкан ислоҳотлар амалга оширилишида ушбу ҳужжат муҳим аҳамият касб этмоқда.
Қонун устуворлигини таъминлаш, фуқаролар, айниқса, ёш авлод ҳуқуқлари кафолатлари Бош қомусда ўрин олгани ва амалда таъминланаётгани туфайли халқимиз эркин, тинч ва хотиржам ҳаёт кечирмоқда.
Конституцияни чуқур ўрганиш, унда белгиланган қонун-қоидаларга оғишмай амал қилиш эса ҳар бир фуқаронинг давлат ва жамият олдидаги муқаддас бурчидир.
Зеро, унинг ғоя ва нормаларида халқимизнинг кўп асрлик тажриба ва маънавий қадриятлари, бой тарихий-ҳуқуқий мероси акс эттирилган.
Жамиятда қонун устуворлигини таъминлаш, энг аввало, ҳуқуқий саводхонлик ва ҳуқуқий маданиятга, яъни ҳар бир фуқаро ўз ҳақ-ҳуқуқини билиши билан бирга, ўзгалар ҳақ-ҳуқуқини, давлат ва шахс манфаатларини ҳурмат қилишига боғлиқ.
Шу боис ҳуқуқий маърифат масаласига алоҳида эътибор берилиб, ёшларнинг ҳуқуқий маданиятини ошириш чоралари кўрилаётир.
Оилавий ҳаётда бўладими, жамиятдаги муносабатлардами, ўқиш ва иш фаолиятидами – барчаси Конституция ва у асосида яратилган қонунлар билан тартибга солинади.
Бош қомусимизнинг 18-моддасида “Ўзбекистон Республикасида барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиб, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахсий ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар, қонун олдида тенгдирлар”, деб белгилаб қўйилган.
Жамиятимизда ҳар бир оилада ва фуқаролар ҳаётида қандай ижобий ўзгаришлар содир бўлаётган бўлса, буларнинг барчасини Конституциямизда белгилаб қўйилган талаб ва қоидаларнинг ҳаётимиздаги амалий ифодасидир.
Ўзбекистон Республикасида Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунларининг устунлиги сўзсиз тан олинади. Давлат, унинг органлари, мансабдор шахслар, жамоат бирлашмалари, фуқаролар Конституция ва қонунларга мувофиқ иш кўрадилар.
Хулоса қилиб айтганда, Конституциямизни нафақат ҳурмат қилиш, балки унда мустаҳкамланган ҳақ-ҳуқуқларимизни яхши билишимиз жуда муҳим. Зотан, қомусни англамоқ унинг қалбдан жой олишига замин яратади.
Тимур Дауров,
ҳуқуқшунос, эксперт.
ЎзА