Конституция – жамият аъзоларини эргаштирмоғи лозим
«Янгиланган Конституция мамлакатимизнинг узоқ муддатли тараққиёт стратегиялари, умуман, юртимиз ва халқимизнинг эртанги фаровон ҳаёти учун мустаҳкам ҳуқуқий асос ҳамда ишончли кафолат яратиши лозим», деб таъкидлаган эди Президент.
Конституция давлат сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий ҳаётининг асосларини белгилаб беради, фуқароларнинг эркинликлари ва ҳақ-ҳуқуқларини ифодалайди. Шу боис барча мамлакатларда ушбу ҳужжатнинг қабул қилинишига, унда акс эттирилган норма ва қоидаларнинг рўёбга чиқарилишига алоҳида эътибор қаратилади.
Ўзбекистонда ҳам мамлакат Конституцияси фуқаролар томонидан инсон эркинликлари ва ҳақ-ҳуқуқларини таъминлайдиган, жамият ва давлат тараққиёти учун пойдевор яратадиган, жамият аъзоларининг муносиб турмушини қарор топтиришга хизмат қиладиган муҳим ҳуқуқий ҳужжат сифатида қадрланади. Масаланинг яна бир аҳамиятли жиҳати шундаки, ҳар қандай жамиятда Конституция ижтимоий тараққиёт суръатларига таъсир кўрсатадиган муҳим манба, тараққиёт мўлжалларини белгилаш имконини берадиган маёқ вазифасини ҳам ўтамоғи даркор. Бунинг учун эса мазкур ҳуқуқий ҳужжат жамиятда кечаётган ижтимоий-иқтисодий, сиёсий ва маънавий-маданий жараёнлардан бир қадам олдинда бўлмоғи, жамият аъзоларини ортидан эргаштирмоғи лозим.
Шу сабабдан ушбу ҳақиқатни чуқур ҳис этган мамлакатимиз Президенти асосий ҳужжатга муайян ўзгартиришлар киритиш ташаббусини илгари сурди.
Давлатимиз раҳбари илгари сурган ташаббуслар моҳиятини жамиятимизда кечаётган ижтимоий жараёнлар контекстида таҳлил қилсак, уларнинг нақадар жиддий аҳамиятга моликлигига амин бўламиз.
Масалан, мамлакатимизда узоқ йиллар давомида биринчи навбатда давлат олдида турган вазифа ва муаммоларни ҳал қилиш, ижтимоий жараёнларга давлат манфаатлари нуқтаи назаридан ёндашиш, шундан сўнггина жамият ва инсон турмуши билан боғлиқ муаммоларга эътибор қаратиш амалиёти ҳукм сурди. Шу сабабдан амал қилиб келаётган барча ҳуқуқий ҳужжатларда давлат манфаатлари устуворлиги кўзга ташланади. Кейинги йилларда эса «Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак» тамойили ислоҳотларнинг бош қоидасига айлантирилди. Келажакда ушбу тамойил асосида амалга ошириладиган ўзгаришлар тенденциявий тус олиши учун энг аввало «инсон – жамият – давлат» тамойилини конституцион норма сифатида мустаҳкамламоқ зарур.
Бугунги кунда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотларнинг бош мезони сифатида инсон манфаатлари эътироф этилмоқда. Давлат органлари амалга ошираётган барча саъй-ҳаракатлар инсон манфаатларини қондириш, унинг турмуши фаровонлигини оширишга қаратилмоқда. Ушбу жараёнларнинг давомийлиги ва узвийлигини таъминлаш учун эса мамлакатда инсон манфаатлари устуворлигининг ҳуқуқий асосларини янада мустаҳкамлаш зарур. Чунки бусиз Ўзбекистонда халқпарвар давлат барпо этиб бўлмайди. Шу муносабат билан Конституциянинг шахсий ҳуқуқларга бағишланган 24-42-моддаларини барча ижтимоий жараёнлар марказида инсон манфаатлари туриши кераклигини белгиловчи модда билан тўлдириш зарурияти пайдо бўлди.
Фуқаролик жамияти институтларининг ўрни ва мақомини конституциявий жиҳатдан мустаҳкамлашга доир ташаббус ҳам бағоят аҳамиятли. Маълумки, мустақилликдан кейинги йилларда мамлакатимизда амалга оширилган ислоҳотларнинг асосий тамойилларидан бири «Давлат – бош ислоҳотчи» тамойили бўлди. Бундай ёндашув ислоҳотларнинг дастлабки босқичида муайян самара берди, албатта. Бироқ кейинги босқичларда у фуқаролик жамияти институтларининг ижтимоий жараёнлардаги иштирокини чеклаб қўйди. Конституцияда фуқаролик жамияти институтлари мақоми ва функцияларининг аниқ белгиланмагани (Асосий қонунимизнинг 56-моддасида қайси уюшмалар жамоат бирлашмаси сифатида тан олиниши кўрсатилган, холос) вазиятни ўзгартиришга имкон қолдирмади. Натижада бу институтлар ўз ташаббуслари билан жамият ҳаётида иштирок этмай қўйди, уларнинг ижтимоий фаоллиги сусайди. Бинобарин, уларнинг ижтимоий жараёнлардаги иштирокини фаоллаштириш учун энг аввало «Жамият – ислоҳотлар ташаббускори» тамойилини жорий этиш, Конституцияда фуқаролик жамияти институтлари мақомини аниқ белгилаб қўйиш жараёни, миллий ғоя ва мафкура билан боғлиқ конституцион нормаларни киритиш мақсадга мувофиқ.
Таъкидлаш жоизки, мамлакат Асосий қонунига ўзгартиришлар киритиш жараёнининг бошланаётгани жамият аъзолари олдида муайян вазифаларни қўймоқда. Бугунги кунда барчамиздан мазкур жараёнларда фаол иштирок этиш талаб этилмоқда.
Абдумавлон Қосимов,
Халқ депутатлари Тошкент шаҳар
Кенгаши депутати
ЎзА