Конституциянинг оила масалаларига оид нормаларини такомиллаштиришда нималарга аҳамият берилмоқда?
Ҳар бир давлат оилани ҳимоя қилиш, уларнинг барқарорлигини таъминлаш учун етарли ва зарур шароитларни таъминлашга ҳаракат қилади. Бунинг учун эса қонунчиликда оилага бағишланган, унинг зарурати ва барқарорлигини таъминлайдиган ҳамда оиладаги умумбашарий қадриятларни сақлаб қоладиган нормалар белгилаш муҳимдир.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 63-моддасида ҳам жамиятнинг асосий бўғини оила эканлиги ва у давлат ва жамият муҳофазасида бўлиш ҳуқуқи эгалиги белгиланган. Хўш, Конституцион ҳуқуқларимизда оилалар мустаҳкамлиги учун белгиланган нормалар қандай вазифаларни бажармоқда? Бу каби саволларимизга Тошкент давлат юридик университети Фуқаролик ҳуқуқи кафедраси профессори Юридик фанлар доктори Баҳром Топилдиев жавоб берди.
– Оила мустаҳкамлигини таъминлайдиган қоидалар дунёнинг кўплаб илғор ва ривожланган давлатлари Конституцияларида белгиланган. Бугунги кунда Конституция ва жорий қонунчиликда белгиланган оилага бағишланган нормаларга эътибор қаратиладиган бўлса, уларни такомиллаштириш зарур бўлган айрим масалалар кўзга ташланади. Хусусан, оиланинг дастлабки асоси ҳисобланган никоҳга оид қоидада муайян ноаниқлик мавжуд. Конституциянинг 63-моддаси иккинчи қисмида «Никоҳ томонларнинг ихтиёрий розилиги ва тенг ҳуқуқлилигига асосланади», дейилган. Мазкур қоидадаги «томонлар» термини бу вазиятда ҳуқуқий ва ижтимоий нуқтаи назардан тўғри ифодаланганлиги шубҳа остида қолади. Гап шундаки, Оила кодексининг 2-моддаси оилавий муносабатларни тартибга солиш эркак ва аёлнинг ихтиёрий равишда никоҳланиб тузган иттифоқи тамойили асосида амалга оширилиши белгиланган. Бундан англашиладики, никоҳ, бу – эркак ва аёл томонидан тузиладиган иттифоқдир. Шу сабабли Конституциянинг 63-моддасида никоҳ субъектларига нисбатан қўлланилган «томонлар» термини хатодир.
Бу борада кўплаб давлатларда никоҳ – эркак ва аёлнинг ихтиёрий розилигига асосланиши белгиланган. Жумладан, Украина Конституциясининг 63-моддаси, Россия Конституциясининг 72-моддасида никоҳ эркак ва аёлнинг иттифоқи эканлиги қайд этилган. Бундай ёндашув никоҳни талқин этиш ва тушунишга нисбатан кейинги пайтларда юзага келаётган хавфлар ва чақириқлар, анъанавий никоҳ ақидаларидан четга чиқишга бўлаётган уринишлар замирида жуда муҳимдир. Зеро, конституция даражасида анъанавий никоҳ белгиларини, яъни никоҳнинг эркак ва аёл ўртасидаги иттифоқ эканлигини қатъий ўрнатиш давлат ва жамиятда «бошқача никоҳ»га йўл қўйилмаслиги борасидаги аниқ нуқтаи назар ва қоида ўрнатади.
Ўзбекистон Республикасининг Оила кодекси Конституциядан бироз илдамлаган ҳолда оила ҳамда оналик, оталик ва болаларни муҳофаза қилиниши борасида тўлиқ «композициясини» ифодалади. Мазкур «тўртлик» Конституциянинг 65-моддаси иккинчи қисмида белгиланган. Бу нормада фақат оналик ва болалик давлат муҳофазасида бўлиш белгиланган. Бу эса оила ва оталик масаласи, оила тўлиқ бўлиши ҳамда болаларнинг камоли оилада таъминланиши ғояси тўлиқ бўлишига олиб келмайди.
Чунки, давлат томонидан дастлаб оила, кейин оналик, оталик ва болалик муҳофаза қилиниши керак. Мантиқий жиҳатдан ҳам бола оилада, ўз ота-онаси бағрида камолга етиши давлат томонидан муҳофаза қилиниши зарур. Албатта, бу борада етим болалар ёки ота-онасидан бири вафот этган ёки ота-онаси ажрашган болалар ҳам давлат томонидан муҳофаза этилади. Бироқ давлат тўлиқ оила муҳофазаси асосий эътибор қаратиши ва оилалар барқарорлигини таъминлашга қаратилган чора-тадбирларни ишлаб чиқиши лозим. Бунинг учун эса конституция даражасида оила ҳамда оналик ва болалик билан бирга оталик ҳам давлат муҳофазасига олинганлиги белгиланиши лозим. Оталик конституция даражасида давлат муҳофазасига олиниши нафақат отанинг ўз боласига бўлган ҳуқуқларини кафолатлашга хизмат қилади, балки отанинг бола тарбиясига, унинг таъминоти ва таълимига ҳам масъулият билан ёндашишига ундайди.
Болаларни тарбиялаш жамият ва давлат учун муҳим аҳамиятга эга бўлган омилдир. Болаларни тўғри тарбиялашда бирламчи вазифа уларнинг ота-онаси зиммасига юкланади. Болани тарбиялаш ҳуқуқи дастлаб ва устувор жиҳатдан унинг ота-онасига тегишли ҳуқуқ ва мажбурият саналади. Шу сабабли Конституцияда болаларга ғамхўрлик қилиш ва уларни тарбиялаш борасида ота-онанинг бирдай ҳуқуқли ва масъул эканлиги белгиланиши зарур. Фикримизча, бу норма 64-моддага киритилиши ва қуйидаги ифодаланиши зарур: «болалар тўғрисида ғамхўрлик қилиш, уларни тарбиялаш – ота-онанинг бирдай ҳуқуқ ва мажбуриятидир».
Маълумки, болалар тарбияси ва уларнинг камоли давлат учун устувор йўналиш ҳисобланади. Чунки, болалар эртанги кун келажаги халқнинг, миллатнинг ва давлатнинг таянчидир. Давлат болаларнинг ривожланиши, уларда маънавий қадриятлар шаклланишига оид зарур чора-тадбирларни кўришини ҳам зиммасига олиши зарур. Қолаверса, бола учун ҳар қандай тарбиядан исталган маскандан кўра оилавий тарбия ва оила маскани, ота-она бағрида камол топиш устувор эканлиги ҳам конституциявий қоида сифатида белгиланиши зарур. Шу сабабли, Конституциянинг 64-моддаси иккинчи қисмини қуйидаги таҳрирда белгилаш мақсадга мувофиқдир:
«Болалар давлат сиёсатининг энг муҳим устувор йўналиши ҳисобланади. Давлат болаларнинг ҳар томонлама маънавий, ахлоқий, интеллектуал ва жисмоний ривожланиши, уларда ватанпарварлик, фуқаролик ва катталарни ҳурмат қилиш учун шароит яратади. Оилавий тарбиянинг устуворлигини таъминлар экан, давлат ота-онанинг қарамоғидан маҳрум бўлган болаларга нисбатан масъулиятини ўз зиммасига олади».
Оилаларнинг барқарорлиги, ота-она ва болалар ўртасидаги муносабатларда ўзаро ҳурмат ва ғамхўрликни таъминлаш, давлатнинг етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларга нисбатан масъулиятни ўз зиммасига олиши каби қоидаларнинг конституцияда белгиланиши нафақат қонунчилик, балки жамиятнинг ривожи учун устувор йўналиш эканлигини билдиради.
Гулноза Бобоева, ЎзА