Ўзбекистон Республикасининг Корея Республикасидаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси В.В.Феннинг ватандошларга мурожаати
Корея Республикасида истиқомат қилаётган ҳурматли ва азиз юртдошлар!
Коронавирус муаммоси туфайли бир қатор қийинчиликлар юзага келаётганидан хабарим бор. Шундай бўлсада сизларни ўз саломатлигингизни асрашга чақираман.
Ҳозирги кунда коронавирус бутун дунё бўйлаб тарқалмоқда, аммо Корея Республикасида ҳукуматнинг олиб бораётган тўғри чоралари ва ҳалқнинг фаол ҳамкорлиги туфайли ушбу вирус тез суратда камайиб бормоқда.
Бизнинг ўзбек ватандошларимиз ҳам коронавирус тарқалишининг олдини олиш учун катта ёрдам бермоқдалар. Бундан буён ҳам Корея ҳукумати томонидан берилаётган тавсияларга янада қаттиқроқ риоя қилишимиз керак, яъни, одамлар кўплаб йиғиладиган жойлар ва тадбирларга боришдан сақланиш, шунингдек шаҳсий гигиена қоидалари ва тозаликка риоя қилиш, қўлларни тез-тез ювиш ва ниқобни тақиб юриш лозим.
Фуқароларимиз коронавируснинг кенг тарқалишини олдини олиш учун ушбу қоидаларга наъмунали даражада амал қилишларига ва Корея Республикасидаги бошқа давлат фуқароларига нисбатан ўрнак бўлишларига умид қиламан.
Ҳурматли ватандошлар!
Ҳозирда бизнинг элчихонамиз коронавирус муаммоси тугагунига қадар кунига 24 соат ёрдам кўрсатиш хизмати асосида фаолият юритмоқда.
Ушбу вазият ҳар биримиз учун қанчалик қийин бўлмасин, бир-биримизга ёрдам бериб, қўллаб-қувватлашимиз жуда муҳим. Мен ва элчихонанинг барча ходимлари кун бўйи 24 соат халқимиз билан бирга бўлиб, қийин кунларни енгиб ўтиш учун қўлимиздан келганча хизмат қиламиз.
Ҳурматли фуқаролар, агар бирон бир муаммо ёки қийинчилик юз берса, дарҳол элчихонага мурожаат қилинг.
Азиз юртдошлар!
Сизу биз биргаликда ушбу оғир дамларни оқилона енгиб ўтсак, яқин кунларда яна бахтли дамлар етиб келишига аминман.
Унга қадар, соғлиғингизга катта эътибор қаратинг ва ўзингизни асранг.
Рахмат!